Экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари божхона кўригидан ўтказилмайди

10:24 26 Октябр 2018 Жамият
1060 0

Мамлакат экспорт салоҳиятини кенгайтириш, янги бозорларни ўзлаштириш ва бюджетга тушумни кўпайтириш мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчилар учун қай даражада қулай шарт-шароит яратилгани билан чамбарчас боғлиқ.

Ўзбекистонда бу борада замонавий бозор механизмларини жорий этиш, экспорт қилиш тартибини соддалаштириш орқали унинг ҳажмини юксалтириш, логистика тизимини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Маълумотларга кўра, юртимизда энг кўп экспорт ҳажми бўйича газдан кейинги ўринни мева-сабзавот эгаллаб турибди. Ҳозирги кунда дунёнинг 80 давлатига 180 турдаги мева-сабзавот етказиб берилаётгани ҳам шундан далолатдир.

Ютуқлар ўзимизники. Аммо ана шу муваффақиятлар салмоғини янада орттиришга, жумладан, мева-сабзавот маҳсулотлари экс­порти ҳажмини янада кўпайтириш ва турларини кенгайтиришга тўсқинлик қилаётган омиллар ҳам сақланиб қолмоқда.

Айни пайтда хорижга йўналтирилаётган мева-сабзавот маҳсулотларининг асосий қисми фермер, деҳқон хўжаликлари ҳамда кичик ишлаб чиқарувчилар томонидан ёрдамчи хўжаликларда етиштириляпти. Лекин экспортга рухсат бериш билан боғлиқ айрим тартиб-таомиллар уларнинг маҳсулотларини четга сотиш имкониятига салбий таъсир кўрсатаётган эди.

Мисол учун, жорий йилда етиштирилган аччиқ қалампир, пиёз, саримсоқпиёз, ловия, мош экспорти бўйича муаммолар ҳалигача ўз ечимини топмади. Натижада ушбу маҳсулотларнинг атиги 10 фоизигина четга сотилмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 17 октябрдаги “Мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори экспортга маҳсулот етказиб беришни кўпайтиришни рағбатлантиришга катта туртки беради.

Ҳужжатга асосан, ортиқча ва эскирган рухсат бериш тартибларини бекор қилиш, шу орқали ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш мақсадида бир қатор янги қоидалар киритилди.

Хусусан, юридик шахсларга мева-сабзавот маҳсулотлари экс­портини дастлабки тўловсиз, аккредитив очмасдан, банк кафолатини расмийлаштирмасдан ҳамда экспорт шартномасини ­сиёсий ва тижорат хавфларидан суғурта полисисиз амалга ­ошириш ҳуқуқи берилди.

Шу билан бирга, юридик шахс­лар мева-сабзавот маҳсулотлари экспортидан тушумларни ўз вақтида таъминламаган мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилувчилари мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишда 100 фоизлик олдиндан тўлов олиш талаблари уларга қўлланган ҳолда ноҳалол мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилувчилар реестрига киритилади.

Таъкидлаш керакки, 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб тадбиркорлик субъектларига янги мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотлари ҳақини олдиндан 100 фоиз тўлаш шарти билан тўғридан-тўғри шартномалар асосида экспорт қилишга ҳам рухсат берилган эди. Энг муҳими, бундан буён тадбиркорлик субъектлари улгуржи савдо қилиш лицензиясига эга бўлмасдан мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади.

Қарор билан божхона органлари томонидан экспорт қилинаёт­ган мева-сабзавот маҳсулотларини божхона кўригидан ўтказиш билан боғлиқ масалалар ҳам ўз ечимини топди. Эндиликда бундай маҳсулотлар божхона кўригидан ўтказилмайди.

Бинобарин, тадбиркорлик субъектлари ўзларига ажратилган ер участкаларида мева-сабзавот маҳсулотларини бевосита уларни етиштириш жойларида суғориш, тайёрлаш ва сақлаш бўйича инфратузилма объектлари қуриш учун енгил конструкция­ларни қуриш юзасидан қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириши мумкинлиги белгиланди.

Яна бир муҳим янгилик: органик қишлоқ хўжалиги бўйича дастлабки қадам ташланди. Яъни мамлакатда “Global GAP”, “Halal” ва “Organic” стандартлари талабларига мувофиқ, мева-сабзавот етиштирувчи маҳаллий корхоналарни сертификатлаш бўйича мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилади.

Ҳозирги вақтда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан экспортга йўналтирилган мева-сабзавот маҳсулотларининг турлари, ҳажми, суммаси ва етиштириш ҳудудлари кесими тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, экспорт жараёнининг барча босқичини реал вақт режимида кузатиш имконини берувчи Мева-сабзавот маҳсулотларини ­экспорт қилувчилар ахборот ­портали ишлаб чиқилади.

Хулоса шуки, ушбу тарихий ҳужжат ташқи иқтисодий фаолиятни янада либераллаштириш ва мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчи маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг иш шароитларини яхшилаш ҳамда мамлакат ташқи савдо салоҳиятини юқори поғонага олиб чиқишда муҳим дастуриламал бўлади.

Ислом Зокиров

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019