Эксперт: Пхеньян ракета-ядро синовларини давом эттирса, Пекин бунга қарши чиқади

12:18 13 Июнь 2018 Дунё
984 0

Хитой Корея ярим оролидаги муаммоларни тартибга солиш, КХДР ва АҚШ ўртасида мулоқотни тиклашда воситачи сифатида мувофиқлаштирувчи роль ўйнамоқда. Хитойнинг Global Times нашри ана шу масала юзасидан айрим экспертларнинг фикри билан қизиқди.

“Хитой воситачи, мувофиқлаштирувчи, кузатувчи ва яраштирувчи ролини ўйнаяпти. Агар Пхеньян ракета-ядро синовларини давом эттирса, Пекин бунга қарши чиқади. Айни чоғда АҚШ КХДРга нисбатан такроран таҳдидлар билдирган тақдирда ҳам Хитой томони ўз норозилигини билдиради. Кўринишидан ҳар икки раҳбар(АҚШ президенти Дональд Трамп ва КХДР етакчиси Ким Чен Ин) Корея ярим оролидаги вазиятни тартибга солиш ва ўзаро қарама-қаршиликни пасайтиришга катта қизиқиш билдиргандек таассурот қолдирди. Умуман олганда улар ўртасидаги ишонч кучайди”, - дейди Хитойнинг Ляонин музофоти ижтимоий фанлар академияси мутахассиси Люй Чао.

Унинг фикрича, Хитойнинг мазкур позицияси ҳар томонлама холис ва адолатлидир.

ХХРнинг Шимоли-шарқидаги Хэйлунцзянь музофоти ижтимоий фанлар академияси қошидаги Шимоли-шарқий Осиё институти директори Да Чжиган юқоридаги нуқтаи-назарга ҳамоҳанг тарзда шундай деган: “Ким Чен Ин ва Трамп ўртасидаги учрашув прагматик ва тарихий жиҳатдан ижобий самара касб этди. Шимолий Корея ва АҚШ муносабатлари ривожланишнинг янги босқичига чиқди”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?