Эксперт: Ўзбекистонда олма етиштириш истиқболсиз. Боғбонларимиз нима дейди?

18:26 18 Июнь 2018 Иқтисодиёт
1565 0
Фото: starkbros.com

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти инвестиция маркази эксперти Андрей Ярмакнинг фикрича, Ўзбекистонда олма етиштириш истиқболсиз экан.

Унинг бу ҳақидаги фикрлари EastFruit порталида берилди. Иқтисодчининг фикрича, объектив жиҳатдан олма дунёдаги энг арзон мевалардан биридир. Унинг сўнгги истеъмолчи учун белгиланадиган нархи биринчи навбатда транспорт харажатларига боғлиқ. Ўзбекистон эса бу борада арзон ташишни амалга ошира олмайди. Сабаби республика дунё океанларига чиқиши учун Лихтенштейн каби иккита давлат ҳудудидан ўтиши керак. Қолаверса, Ўзбекистоннинг қўшнилари ҳам денгизда етакчи давлатлар ҳисобланмайди.

Маълумот учун, БМТ эксперти 2012 йилдан бери мева-сабзавот бизнесида Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиб келади.

Унинг хулосасига кўра, маҳаллий бозор олмалар билан тез тўлиб қолади ва фақат унинг ёзги навларини бошқа давлатларда муваффақиятли сотиш мумкин. Кузги навлар эса деярли барча мамлакатларда ўсади ва ўз-ўзидан аниқки, улар учун четдан импорт қилиш фойдасиз ҳисобланади.

“Ўзбекистон сабзавот ва мевалари кўпинча Россия бозорларига йўналтирилади. Масалан, Россияда навларга ажратилмаган олманинг февраль ойидаги стандарт баҳоси охирги йилларда 20-25 рубль(0,35-0,4 доллар)ни (Европада олма ҳосилининг учдан бир қисми нобуд бўлган 2017-2018 йиллар мавсумини ҳисобга олмаганда) ташкил этяпти. Биргина Фарғона водийсидан Екатеринбургга олмани олиб бориш учун транспорт харажатлари эса 0,25-03 доллар, Москвагача 0,35-0,4 долларга тенг бўлаётир. Шундай қилиб етказиб бериш нархининг ўзи Москва омборларида сақланаётган олма нархиники билан тенглашмоқда. Бундай шароитда бошқа давлатлардан келган маҳсулотлар билан рақобат қилиб бўлмайди. Бошқа мамлакатлар томон экспорт йўналишини йўлга қўйиш ҳам имконсиз, сабаби Ўзбекистон яқинида олмани импорт қилувчи йирик давлатлар эмас, балки йирик экспортчилар бор: Эрон ва Хитой. Агар янада узоқроқ давлатлар мўлжалланса, ташиш нархлари яна ошиб кетиш масаласи кўндаланг бўлади”, - дейди эксперт.

“Ўзбекистон иқлими рақобатдош олмалар етиштириш учун яхши мос тушмайди.Ёзда иссиқ ва қуруқ. Бундай шароитда агар қизил навли олма усти тўр билан ёпилмаса, меваларга ранг кирмайди, балки куйиб кетади, оқибатда сақлашда тез бузилади. Қолаверса, ҳосил кўрсаткичлари ҳам мўътадил иқлимга эга давлатларникига нисбатан паст. Ва ниҳоят, олмаларни етиштириш, сақлаш, саралаш ва қадоқлашда замонавий технологиялардан фойдаланиш учун инвестиция қимматга тушади, сабаби барча қурилмаларни импорт қилишга тўғри келади”, - дея қўшимча қилади Ярмак.

Фото: umsad.ru

Иқтисодчи ўзбек деҳқонларига олмани эртанги навларини етиштириш, энг яхшиси эса Ўзбекистон иқлимига мос тушадиган бошқа рақобатдош меваларга эътибор қаратишни тавсия этмоқда. Масалан, гилос, ўрик, тукли ва туксиз шафтоли, анор, киви шулар жумласидандир.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2018 йилнинг январь — апрель ойларида 115,9 миллион АҚШ долларилик мева ва сабзавотларни экспорт қилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 41,8 фоиз кўпдир.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар