Экологик муаммолар ечимига амалий ишлар орқали эришилади

08:57 13 Июль 2018 Сиёсат
336 0
Иллюстратив фото

Юртимизда бошқа соҳалар қатори экологик барқарорликни таъминлаш, аҳолининг қулай табиий муҳитга эга бўлиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, табиий ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланиш, юзага келаётган экологик муаммоларнинг олдини олишва уларнинг салбий оқибатларини бартараф этиш масалаларига ҳам жиддий эътибор қаратиб келинмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 12 июлдаги Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ва Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан учрашувдаги маърузасида ҳокимият вакиллик органлари ҳамда сиёсий партиялар ва Экологик ҳаракатнинг ўтган даврдаги фаолияти танқидий руҳда таҳлил этилиб, ислоҳотларни чуқурлаштириш юзасидан олдимизда турган муҳим вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, Экологик ҳаракат ҳамда унинг Қонунчилик палатасидаги депутатлик гуруҳининг истиқболдаги вазифалари аниқ кўрсатиб ўтилди.

Хўш, ўтган даврда Экоҳаракат ҳамда унинг Қонунчилик палатасидаги депутатлар гуруҳи бундан қандай хулосалар чиқарди, бошқача айтганда, фаолиятимизда қандай ижобий ўзгаришлар юз берди?

Аввало, соҳага оид янги қонун лойиҳалари яратиш, мавжудларини такомиллаштириш, назорат-таҳлил фаолиятини бугунги талаб даражасида кучайтириш, узлуксиз экологик таълим концепциясини ишлаб чиқиш, экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари тизимини ривожлантириш, аҳоли экологик маданиятини юксалтиришга қаратилган тизимли ишларни амалга ошириш, атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатувчи объектларни ва сув тозалаш иншоотларини инвентаризациядан ўтказиш бўйича чора-тадбирлар дастури қабул қилиниб, ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда.

Ўтган даврда Экоҳаракат депутатлари гуруҳи томонидан қонунчилик ташаббуси асосида битта янги қонун ҳамда 8 та қонунни такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди. Масалан, янги таҳрирдаги “Ўрмон тўғрисида”, Ҳайвонот дунёсини ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонунларқабул қилинди.

Шунингдек, “Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида”, “Чиқиндилар тўғрисида”, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Экологик экспертиза тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳалари тайёрланиб, Қонунчилик палатасига киритиш мўлжалланмоқда.

Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, улар ҳаётийлигини таъминлаш мақсадида қонун ижодкорлиги жараёнига кенг жамоатчилик, олимлар ва экспертлар жалб қилинаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Мисол учун, ушбу қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида ўтказилган 40 дан ортиқ ишчи гуруҳлари тадбирларида 230 дан зи±д таклиф ва мулоҳазалар ўртага ташланди. Биргина янги таҳрирдаги “Ўрмон тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўйича 2017 йил июль-август ойларида жамоатчилик вакилларини жалб этган ҳолда ўтказилганмуҳокамаларда 110 дан ортиқ таклифлар, фикр ва мулоҳазалар олинди.

Парламент ҳамда депутатлар фаолияти билан ёшларни кенг таништириш, уларнингЭкоҳаракат депутатлари гуруҳи билан доимий мулоқотини ўрнатиш мақсадида Экоҳаракатнинг “Ёшлар қаноти” ва Ўзбекистон ±шлар иттифоқи фаоллари билан очиқ мулоқотлар ўтказиш, уларни гуруҳ йиғилишларига жалб этиш ишлари тизимли равишда амалга ошириб келинаётир.

Парламент ва депутатлик назоратини самарали йўлга қўйиш ҳам доимий эътиборимизда. Шу пайтгача 11 давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари функционал вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари билан боғлиқ фаолияти устидан ана шундай назорат йўлга қўйилди.

Шунингдек, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан биргаликда экологик хавфсизликни таъминлаш, соҳа қонунчилигини такомиллаштириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда аҳолининг бу борадаги маданиятини юксалтириш бўйича ҳаракатлар дастури тасдиқланди. Шу асосда экология ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги ҳужжатларни такомиллаштириш, аҳоли экологик маданиятини юксалтириш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилишда улар фаоллигини кучайтириш, соҳага ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, жамоатчилик экологик назорати тизимини ривожлантириш, жамоатчи инспекторларни ўқитиш ва улар малакасини ошириш, чиқиндилар билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш бўйича бир қатор самарали ишлар олиб борилди. Масалан, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлар ҳамкорлигида юртимиздаги 8982 та маҳалла фуқаролар йиғинида зарур чора-тадбирлар бажарилиб, ҳар бир маҳалла бўйича экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлигига номзодлар захираси шакллантирилди. Ҳозирги пайтда уларнинг соҳага оид билим ва малакасини ошириш чоралари кўрилаётир.

Соҳага тегишли қонунлар, давлат дастурлари, Президент Фармон ҳамда қарорлари ижросини ўрганиш бўйича 10 дан зиёдназорат-таҳлил тадбирлари ўтказилди. Шулар асносида республикамизнинг барча ҳудудини қамраб олган ҳолда, сайёр йиғилишлар ташкил этилаётир. Мисол учун, Жиззах вилоятида “Ўрмон тўғрисида”ги Қонун ижроси, Бухорода Дезинфекция станцияси бош врачи ҳамда “Агрокимёҳимоя” ҳудудий акциядорлик жамияти директорининг термитларга қарши кураш ва профилактика чора-тадбирларининг ижроси тўғрисидаги ахбороти, Қорақалпоғистон Республикасида Президентимизнинг 2017 йил 18 январдаги қарори билан тасдиқланган “2017 — 2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш Давлат дастури”нинг бажарилиши ҳолатини назорат-таҳлил тартибида ўрганиш якуни юзасидан ташкил этилган сайёр йиғилиш ана шулар жумласидан.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуни аҳолининг истеъмол, маиший ва бошқа эҳтиёжлари учун сув объектларидан фойдаланиш қисмининг ижро этилиши юзасидан Соғлиқни сақлаш ҳамда Уй-жой комммунал хизмат кўрсатиш вазирликлари, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, Геология ва минерал ресурслар давлат қўмиталари ахбороти юзасидан парламент эшитувлари бўлиб ўтди. Айни чоғда “Хавфли чиқиндиларни трансчегаравий ташиш ва уларни йўқ қилиш устидан назорат қилиш тўғрисида”ги Базель конвенцияси бажарилиши ҳолати ўрганилиб, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси эшитуви ташкил этилди.

Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш, ҳудуд аҳолиси саломатлигини муҳофаза қилиш, уларнинг турмуш даражасини янада яхшилаш, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий, экологик барқарорлигини таъминлашга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга оширишда ҳам ҳаракат ва унинг депутатлар гуруҳи фаоллик кўрсатмоқда. Биргина мисол: жорий йил 7-8 июнь кунлари “Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатлар: янгича ёндашувлар, инновацион ечимлар ва инвестициялар” мавзуида халқароконференция ўтказилди ва Тошкент резолюцияси қабул қилинди, Оролбўйи минтақасининг экологик ҳамда ижтимоий-иқтисодий вазиятини яхшилашга йўналтирилган лойиҳалар тўплами маъқулланди.

Йирик саноат корхоналарида вакилларимизни тайинлаш бўйича ҳам тизимли ишлар амалга ошириляпти, яъни атроф-муҳитга таъсири бўйича I ва II тоифага мансуб 593 корхонада вакилларимиз иш бошлади. Қолаверса, 760 дан ортиқ корхоналар фаолияти ўрганилди. Танишувлар жараёнида уларнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш, илғор технологияларни ишлаб чиқаришга кенг татбиқ этиш юзасидан зарур тавсиялар берилди.

Аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, жумладан, ёш авлод онгида она табиатни асраб-авайлаш, унга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш бўйича ҳам муайян ишлар рўёбга чиқарилди. Экоҳаракат ва унинг депутатлари гуруҳи тегишли вазирлик ҳамда идоралар ҳамкорлигида ёш авлоднинг экологик саводхонлигини ошириш, экологик таълим ва тарбия жараёнини самарали ташкил этишга қаратилганЎзбекистон Республикасининг “Экологик таълим концепцияси”, уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарорилойиҳалари ишлаб чиқилиб, ҳукуматга тақдим этилди.

Республикамизнинг 7та ҳудудида Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан ажратилган ижтимоий буюртма доирасида аҳолининг экологик маданиятини ошириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, уларни атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишларига жалб этишга қаратилган 350 дан ортиқ тарғибот баннерлари ўрнатилди. Ёшларнинг экологик маданиятини юксалтиришга қаратилган маърузалар тўплами ва бошқа тарғибот материаллари тайёрланди. Шунингдек, сув, чиқинди муаммоларига бағишланган видеороликлар тайёрланиб, марказий телеканалларда намойиш этилмоқда.

Умуман олганда, Ўзбекистон экологик ҳаракати олдида турган долзарб вазифалардан келиб чиқиб, депутатлар гуруҳи билан ҳамкорликда ўтган бир йил давомида республикамизнинг барча ҳудудида 111300 дан ортиқ фаоллар иштирок этган 2500 га яқин амалий-таҳлилий тадбирлар ўтказилди.

Вакилларимиз парламент аъзолари томонидан ҳудудларда ўтказилаётган ўрганишларда ҳам фаол қатнашмоқда. Ўтган даврда 3911 хонадонга кирилиб,

10701 нафар фуқаро билан мулоқот ўтказилди. Натижада аҳоли томонидан кўтарилган 1100 дан ортиқ муаммоларнинг аксарият қисми маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан жойида ҳал этилди.

Ўзбекистон экологик ҳаракати томонидан чиқиндиларни қайта ишлаш жараёнига чет эл инвестицияларини жалб этиш масаласига ҳам катта эътибор берилмоқда. Хусусан, “SEMAK Equipment’s and Technology” МЧЖ билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унга мувофиқ, Жиззах вилоятида инвестиция қиймати 400 минг АҚШ долларига яқин, йилига 25 минг тонна чиқиндини қайта ишлайдиган корхона қурилади. Ҳозирги пайтда бунёдкорлик ишлари жадал олиб бориляпти.

Эришилган ушбу ютуқлар ўзимизники. Олдимизда эса ҳали вазифалар кўп. Экологик таълим-тарбияни ривожлантиришга қаратилган “Экологик таълим концепцияси”нинг қабул қилинишини жадаллаштириш, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш бўйича ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни янада кучайтиришни назарда тутувчи “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, сув захираларини муҳофаза қилиш, сув истеъмоли, сувларнинг давлат ҳисоботини юритиш, сув хўжалиги иншоотларига зарар етказганлик учун жисмоний ва юридик шахслар масъулиятини ошириш бўйича қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш шулар сирасидандир. Бундан ташқари, Орол муаммосининг салбий таъсирларини бартараф этиш, ҳудуд аҳолисининг яшаш шароитини янада яхшилаш, бу борадаги мавжуд камчиликларни халқаро ҳамжамият ва ҳамкор давлатлар молиявий кўмагини жалб этган ҳолда ҳал этиш истиқболдаги фаолиятимизда муҳим йўналишлар ҳисобланади.

Кўриниб турибдики, олдимизда турган вазифалар ниҳоятда залворли. Уларни муваффақиятли тарзда амалга ошириш ҳар биримиздан бор билим ва маҳоратимизни ишга солишни, янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, Ватанимиз тараққиёти йўлида ёниб яшашни талаб этади. Ана шунда халқимизнинг бизга билдирган ишончини маълум даражада оқлаган бўламиз.
Борий АЛИХОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,
Ўзбекистон экологик ҳаракати Марказий кенгаши
Ижроия қўмитаси раиси.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар