Экин майдонларидан қандай фойдаланиляпти? Ўрганиш жараёнида жуда кўп камчиликлар аниқланди

12:20 10 Апрель 2019 Жамият
347 0

Иллюстратив фото

Президентимизнинг 2017 йил 9 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан, Олий Мажлис Сенати аъзолари зиммасига ҳам қатор вазифалар юклатилган.

Яъни ҳужжатнинг тўлақонли ижросини таъминлаш мақсадида ҳар чоракда халқ депутатлари туман Кенгашлари депутатлари, ҳар ойда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш бўйича муҳокамалар ўтказиб келмоқда. Кўрилган чоралар ўзини қай даражада оқламоқда? Жойларда Фармон ижроси тўлиқ таъминланяптими?

Аввало, қайд этиш жоизки, мазкур тартибнинг жорий қилиниши қишлоқ хўжалигида экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, бу борада фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларидан тортиб барча даражадаги раҳбарларнинг масъулияти ҳамда жавобгарлигини ­кучайтириш мамлакатда озиқ-­овқат хавфсизлигини таъминлашга ­хизмат қилади.

Ушбу йўналишдаги ишларнинг ўз вақтида ва самарали олиб ­борилиши устидан Олий Мажлис Сенати аъзолари томонидан мунтазам назорат ўрнатилган.

Жорий йилнинг ўтган даврида сенаторлар, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, жамоатчилик фаоллари ҳамда масъул вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамкорлигида жойларда аҳоли билан экин майдонларидан самарали фойдаланишни рағбатлантириш борасида қонунчиликда белгиланган имтиёзлар хусусида, шунингдек, экин майдонларидан самарасиз ва мақсадсиз фойдаланганлик учун назарда тутилган қонуний таъсир чоралари тўғрисида тегишли тушунтириш ҳамда тарғибот ишлари олиб борилган.

Шу билан бирга, ўрганишлар мазкур йўналишда фаол депутатлик ва жамоатчилик назоратини таъминлаш борасида қатор камчиликларга йўл қўйилганлигини кўрсатди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашларида, жумладан, уларнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология бўйича доимий комиссия­ларида, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан фойдаланиш ҳолатини ­муҳокама қилиш самарадорлиги пастлигича қолмоқда. Хусусан, масъуллар томонидан қилинган ишлар юзасидан ҳар чоракда ­Сенатга ахборот тақдим қилиш белгиланганига қарамай, ўтган йилнинг IV чораги якуни бўйича халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгаши томонидан маълумотлар ўз вақтида тақдим этилмади.

Энг ачинарлиси, халқ депутатлари туман Кенгашларида ўтказилган сессиялар ишига оммавий ахборот воситалари вакиллари жалб этилмагани уларда ошкоралик ва очиқликни ҳамда мазкур Фармоннинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига кенг тушунтириш ишлари самарадорлигини таъминлашга тўсқинлик қилмоқда. Бундай ҳолат республикамизнинг деярли барча туманларида кузатилади.

Ҳудудлардан олинган маълумотлар таҳлили шуни кўрсатадики, ­Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё ҳамда Тошкент вилоятларининг маҳалла фуқаролар йиғинларида Фармон талаблари бажарилмаган, яъни республикамиздаги маҳалла фуқаролар йиғинларининг деярли тенг ярмида ҳеч бир сабабсиз мавзу доирасидаги ­муҳокамалар ўтказилмаган.

Аксарият ҳолларда халқ депутатлари туман Кенгашлари қарорларида ер майдонлари ва сувдан самарали фойдаланган ҳамда ғўзани сифатли суғорган сувчиларни рағбатлантириб боришни таъминлаш бўйича кўрсатма берилган бўлса-да, экин майдонларидан самарали фойдаланмаган, қишлоқ хўжалиги экинларини тўлиқ экмаган, агротехника тадбирларини ўз вақтида амалга оширмаган фермер, деҳқон хўжаликлари ва томор­қа ер эгаларига нисбатан ер ­участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг бекор қилинишигача бўлган ­қатъий жавобгарлик чоралари белгилаб қўйилмаган.

Шунингдек, халқ депутатлари туман Кенгашлари қарорларида Фармон ижросини таъминлашда камчиликка йўл қўйган масъул ­шахсларга нисбатан жавобгарлик чоралари назарда тутилмаган.

Халқ депутатлари Сариосиё ва Яккабоғ туманлари Кенгашлари қарорларида депутатларга мазкур Фармоннинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига тушунтириш ишларини олиб бориш юзасидан тегишли топшириқлар берилмаган. Бу эса ушбу муҳим ҳужжатнинг самарали ижросини таъминлашга тўсиқ бўлмоқда.

Баъзи халқ депутатлари туман Кенгашлари, мисол учун, Ангор, Булунғур, Бойсун, Кармана, Навбаҳор, Пайариқ, Когон, Элликқалъада қарорлар умумий топшириқлар бериш билан чекланилиб, уларда аниқ фермер ёки деҳқон хўжаликларининг экин майдонларидан фойдаланиш ҳолати, йўл қўйилган камчиликлар муҳокама қилинмаган ва уларни бартараф этиш чоралари белгиланмаган.

Хусусан, муҳокамалар юзасидан Наманган вилоятининг туманлари ҳамда Деҳқонобод, Шуманай, Узун, Янгийўл туманлари Кенгашлари қарорлари “шаблон” кўринишида расмийлаштирилган, холос.

Бекобод, Жондор, Каттақўрғон, Миришкор, Риштон, Ғиждувон, Қарши, Қўшкўпир, Ҳазорасп, Тошкент туманларидан ташқари бошқа ҳудудларда Кенгаш қарорлари, асосан, умумий хусусиятда бўлиб, экин майдонларидан фойдаланиш борасида аниқланган камчиликлар ва улар юзасидан кўрилган таъсир чоралари акс эттирилмаган. Экин майдонларидан самарали фойдаланишга тўсқинлик қилаётган тизимли муаммолар кўрсатилмаган.

Муҳокамалар ўтказилиши лозим бўлган Бувайда, Пешку, Оқдарё, Оқолтин туманларида ўтган йилнинг тўртинчи чорагида ҳам мазкур масала депутатлар эътиборидан четда қолган.

Андижон, Сирдарё, Фарғона, Қашқадарё вилоятлари Кенгашларига йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш ва такрорланмаслигининг олдини олиш мақсадида Сенат Кенгашининг қарори билан тегишли тавсиялар берилган бўлса-да, улар эътиборга олинмаган.

Бу нимадан далолат беради? Мазкур йўналишдаги ишларга юзаки қаралаётгани, Президентимиз Фармонида белгилаб берилган вазифалар чуқур англаб етилмаганлигини кўрсатади.

Демак, сенаторлардан ҳужжат ижросини таъминлашда янада фаол бўлиш, маҳаллий Кенгашларнинг масъулиятини оширишда жонбозлик кўрсатиш талаб этилади.

Одилжон ИМИНОВ,

Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раисининг ўринбосари.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019