ЕХҲТ ДИИҲБ кузатувчилари миссияси делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди

10:15 04 Декабрь 2019 Жамият
228 0

2019 йил 3 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевнинг Каетана Де Зулуета Оутрам бошчилигидаги ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси кузатувчилари миссияси делегацияси билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда юқори палата ахборот хизмати хабар берди.
Учрашувда С. Сафоев халқаро стандартлар ва энг яхши хориж амалиёти асосида Ўзбекистонда сайлов тўғрисидаги миллий қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича олиб борилган кенг кўламли ишлар ҳақида қисқа ахборот берди. Жумладан, бўлажак сайловни демократик стандартларга мувофиқ юксак ташкилий савияда ўтказиш учун мамлакатимизда барча ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.

Халқаро кузатувчиларнинг, шу жумладан ЕХҲТ кузатувчилари миссияларининг аввалги сайловдаги тавсияларининг кўпчилиги миллий қонун ҳужжатарига татбиқ этилгани таъкидланди. Натижада ягона Сайлов кодекси қабул қилинди, сайлов жараёнига ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилди, кадрлар тайёрлаш тобора яхшиланиб бормоқда.

Ўз навбатида, Каетана Де Зулуета Оутрам бўлажак сайловга тайёргарлик кўриш хусусиятларини яхшироқ тушунишда ёрдам берадиган ахборот учун миннатдорлик билдирди. Унинг сўзларига кўра, ЕХҲТ ДИИҲБ ўзбекистонлик шериклар билан ҳамкорликни ва у раҳбарлик қилаётган миссия ишини ташкил этишга ёрдам берилаётганини юқори баҳолайди.

Эслатиб ўтамиз, ЕХҲТ ДИИҲБ кузатувчиларининг тўлиқ миссияси Ўзбекистондаги парламент сайловида илк бор иштирок этмоқда. Унинг таркибига 11 нафар эксперт ва 30 нафар узоқ муддатли кузатувчиси киради, улар мамлакат ҳудудларида сайлов кампаниясининг боришини кузатиб боради. Шунингдек, сайлов куни қарийб 250 нафар қисқа муддатли кузатувчи иштирок этиши кутилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?