Эдуардс СТИПРАЙС: “Ўзбекистон билан Европа иттифоқи ўртасидаги муносабатларда сифат жиҳатдан янги босқич бошланди”

15:33 30 Август 2018 Сиёсат
225 0

Эдуардс СТИПРАЙС, Европа иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари:

— Европа иттифоқи Ўзбекистонни 2017 — 2021 йилларда ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида акс этган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини бир неча бор билдирган. У биргаликдаги дастурлар ва лойиҳаларни рўёбга чиқаришда устувор йўналишларни белгилашда мустаҳкам асосдир. Ўзбекистондаги ислоҳотлар Европа иттифоқи билан ҳам, минтақадаги қўшнилар билан ҳам ҳамкорлик учун янги имкониятларни очиб бермоқда. Биз Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан муносабатлари фаол ривожланаётганига, хусусан, чегараларни мувофиқлаштириш ҳамда иқтисодий ва сиёсий алоқаларнинг янги шаклларини йўлга қўйиш борасидаги интилишларига гувоҳ бўляпмиз. Янгитдан вужудга келаётган «иқлим» минтақавий тараққиёт лойиҳаларида ижобий акс этиши, шубҳасиз.

Шунга эътибор қаратишни истардимки, Ўзбекистон билан Европа иттифоқи ўртасидаги муносабатларда сифат жиҳатдан янги босқич бошланди. Иттифоқнинг Олий вакили Федерика Могерини Ўзбекистонга икки бор ташриф буюрди. Бу мамлакатга нисбатан кучли қизиқиш ва икки томонлама алоқаларни ривожлантириш учун жиддий интилишдан далолатдир.

Ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари орасидан экс­тремизм сингари салбий ҳодисаларнинг олдини олиш воситаси бўлмиш сифатли таълим тизимини шакллантириш, қонун устуворлиги, қишлоқ ҳудудларини барқарор ривожлантириш ҳамда табиий ресурс­лар, шу жумладан, сувдан оқилона фойдаланиш, ­шунингдек, хавфсизликни таъминлаш йўлидаги интилишларни қўллаб-қувватлашни алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин.

Энг муҳими, қонун устуворлигини таъминлаш Ҳаракатлар стратегиясида давлатнинг ижтимоий ва иқтисодий тараққиётига эришишнинг шарти деб белгиланган.

27 йил — инсон учун ҳам, мамлакат учун ҳам нав­қирон ёш. Бу мақсадларга эришишда туганмас куч-ғайрат ва журъат ёшидир. Ўзбекистон бу йиллар давомида мустақилликни мустаҳкамлаш, замонавий давлатчиликни шакллантириш борасида кўп нарсаларга эришди. Айни пайтда иқтисодий ва ижтимоий ривожланишнинг янги босқичига чиқиш, фуқаролик позицияси ва ташаббусларига эга бўлган илғор жамият қуриш йўлида изчил саъй-ҳаракатларни олиб боряпти. Шу маънода, Ўзбекистон фуқароларига ислоҳотларни ҳаётга татбиқ қилишда муваффақиятлар ва қатъият тилайман. Ушбу жараёнда қарс икки қўлдан чиқишини унутмаслик керак. Бу дегани кўзланган марраларга етиш учун давлат билан бирга ҳар бир фуқаро қўлидан келган барча эзгу ишларни қилмоғи лозим. Бу йўлда сизнинг ажойиб мамлакатингиз ва халқингизга чин дилдан муваффақият тилайман!


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар