Душманлар учун ҳам дастурхон доим очиқ турган ёки шарқона меҳмондўстлик таомили

21:17 07 Октябр 2019 Жамият
240 0

Хорижликларга мамлакатимизда бўлиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни либераллаштириш бўйича самарали чоралар қабул қилинмоқда.

Барчамиз “шарқона меҳмондўстлик таомили бўйича” деган қанотли иборани яхши биламиз. Қадим-қадимдан барча шарқ халқларида бўлгани каби ўзбек миллатида ҳам меҳмондўстлик муҳим ҳаётий қадрият ҳисобланади.

Мозийда сайёҳ узоқ сафарга чиқиб, ўз уйидан юзлаб чақирим узоқлашиб кетса, адашиб қолишдан қўрқмаган. Муҳими, йўлда бирор қўналға учраса бўлди эди. Мезбон борки, қабул қиларди, дилдан қарши оларди. Ўша пайтлари хонадон соҳибларида бошқача қарашнинг ўзи йўқ эди. Зеро, кейинги мусофир унинг яқинларидан бири ҳам бўлиши мумкин эди. Ҳатто душманлар учун ҳам дастурхон доим очиқ турган. Шундай экан, “Меҳмондўстлик — мардликдан ҳам устун” деган мақол ўша пайтдан меросдир. Шарқда меҳмонни қабул қилмаслик ёки уни муносиб кутиб олмаслик оила ва сулола учун шармандалик саналган.

Бугун Ўзбекистонда меҳмондўстлик, туризм соҳасини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига чиқди. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Марказий Осиё — Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналиши” тамойили бўйича яқин қўшнилар билан мустаҳкам алоқалар йўлга қўйилди. Бунинг шарофати билан минтақада янги сиёсий муҳит яратилди, ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликка асосланган ҳамкорлик мустаҳкамланяпти.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташкил этилди. Мамлакат сайёҳлик салоҳиятини тубдан ошириш унинг асосий вазифасидир. “Туризм тўғрисида”ги Қонун, шунингдек, Президент ва ҳукуматнинг тармоқни ривожлантиришга қаратилган 12 та норматив-ҳуқуқий ҳужжати қабул қилинди. Виза режими соддалаштирилди. Қўшимча тарзда яна 47 мамлакат фуқаролари учун визасиз режим татбиқ этилди. 2020 йил 1 январдан бошлаб эса республикага визасиз кирувчи мамлакатлар сони 86 та бўлади.

2019 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, мамлакатда туристик компаниялар сони 1343 тага, меҳмонларни жойлаштириш иншоотлари, жумладан, меҳмонхона ва хостеллар сони 1102 тага етди.

Виза режимини либераллаштириш, хориж фуқароларини рўйхатдан ўтказиш тартибини соддалаштириш, сайёҳлик жабҳаси равнақи учун имтиёз ва преференциялар тақдим этиш ҳам ички, ҳам ташқи бозорда миллий туризм салоҳиятини самарали илгари суриш учун шароит яратди. Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида 2019 йилнинг биринчи ярмида диёримизга келган сайёҳлар оқими уч миллион нафарни ташкил қилди.

Бинобарин, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлиги билан боғлиқ масала кун тартибига чиқди. Таъкидлаш жоиз, юртимизда бошқа давлатлардан фарқли равишда мамлакатда бўлиш қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Жумладан, уч йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси назарда тутилган. Охирги уч йилда бу борада 76 та жиноят иши кўрилган.

Бундан ташқари, қонунчиликда паспорт тизими ва Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузганлиги учун маъмурий жавобгарлик ҳам белгиланган. 2016 — 2018 йилларда шу бўйича 18026 киши маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса, шулардан 11997 нафари хориж фуқаросидир.

Давлат раҳбари томонидан сайёҳлик ва меҳмондўстлик соҳасини такомиллаштириш бўйича белгилаб берилган вазифаларни рўёбга чиқариш мақсадида қонун лойиҳаси тайёрланди. Унда Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни либераллаштириш кўзда тутилган.

Депутатлар уни тайёрлашда ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилишиб, айнан шу жиҳатга алоҳида аҳамият қаратишди. Хусусан, паспорт тизими қоидаларини бузганлиги учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларига энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан уч бараваригача миқдорда жарима солинса, чет эл фуқаролари ва Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларга эса энг кам иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солинади. Бу ўз ўрнида тенглик ва инсонпарварлик тамойиллари бузилишига олиб келяпти.

Қонун лойиҳасини тайёрлашда жамоатчилик, туркомпаниялар ва бошқа ташкилотлар фикр-мулоҳазалари инобатга олинди. Улар, ўз навбатида, мамлакатимизда бўлиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни либераллаштириш бўйича қонун чиқарувчилар интилишларини қўллаб-қувватлашди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексидан 224-моддани чиқариб ташлаш бўйича қарор қабул қилинди. Шундай қилиб, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни ушбу қоидани бузганликлари учун жиноий жавобгарликка тортмаслик назарда тутилган.

Жарималар миқдорларини сезиларли равишда камайтириш эвазига маъмурий жазо чора-тадбирлари ҳам жиддий такомиллаштирилди. Чунончи, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, инсонпарварлик ва адолат тамойилларини таъминлаш мақсадида чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик масаласи дифференциация қилинди, яъни мамлакатда ноқонуний бўлиш муддатлари бўйича малакаланди.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни республика ҳудудидан ташқарига чиқариб юбориш масаласи бўйича жавобгарлик ҳам либераллаштирилди. Эндиликда мамлакатда бўлиш қоидаларини биринчи марта бузгани учун ҳуқуқбузарнинг мамлакатимизга кириш ҳуқуқи бир йилга, ушбу қоидабузарлик такрорланса, уч йилгача чекланади.

Депутатларнинг фикрича, инсон ҳуқуқларини суд томонидан ҳимоя қилиш мақсадида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқариб юбориш кўринишидаги маъмурий жазо маъмурий судлар томонидан амалга оширилиши керак. Жарима солиш бўйича ваколат эса ички ишлар органларига берилди.

Яна бир киритилган нормага кўра, ўн саккиз ёшгача бўлган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилмайди.

Шулар асносида сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экоҳаракат депутатлар гуруҳи фикрлари инобатга олинди. Уларда қонун лойиҳаси бир овоздан қўллаб-қувватланди. Мазкур ҳужжат Қонунчилик палатасида қабул қилинди ва келгусида маъқулланиш учун Олий Мажлис Сенатига юборилди.

Ўйлашимча, мамлакатимизда барча соҳалар қатори туризм секторида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётган бугунги кунда ушбу қонуннинг қабул қилиниши ва омма эътиборига ҳавола этилиши мамлакатимизга келадиган сайёҳлар сони, республика иқтисодиётига тўғридан-тўғри инвестициялар кириб келишини кескин оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Зотан, меҳмондўстлик — бу, биринчи навбатда, эзгулик ва ўзаро ҳурмат деганидир. Ўзбекистон халқи айнан мана шундай шарқона ҳаётнинг олтин урф-одатлари билан шуҳрат қозониб келган.

Шуҳрат МАМАЖОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019