Душанбе шаҳри раиси Рустами Эмомали биргаликда футболни ривожлантиришни таклиф қилди. Унга 7-рақамли футболка совға қилинди

14:17 04 Декабрь 2019 Жамият
520 0

Душанбе шаҳри раиси Рустами Эмомали ташрифнинг иккинчи куни пойтахтимизнинг Учтепа туманида жойлашган “Манзарали боғдорчилик ва гулчилик” МЧЖга қарашли бўлган Иссиқхона мажмуаси билан танишди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, 2018 йилда мазкур иссиқхонани модернизация қилиш мақсадида Туркия, Голландия ва Италия каби илғор давлатларининг иш тажрибаси ўрганилди. Иссиқхонани замонавий талаблар асосида қайта таъмирлаш ва жиҳозлаш учун 4 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилди.

Натижада жорий йилда иссиқхонада 15 миллион дона гул кўчатлари етиштирилди 2020 йилда ушбу кўрсаткични 25 миллион дона гул кўчатларига етказиш режалаштирилган. Айни кунда эса мазкур иссиқхона мажмуасида етиштирилган энг сара навли гуллар Марказий Осиё давлатларига экспорт қилинмоқда. Жумладан, жорий йилда 500 мингдан зиёд гуллар Тожикистон Республикасига етказиб берилган ва бу ўсимликлар бугунги кунда Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрини безаб турибди. Делегация аъзолари иссиқхонани айланишар экан, амалдаги ҳамкорлик келгусида ҳам давом этишига умид билдиришди.

Самимий дўстлик рамзи сифатида Душанбе шаҳри раиси Рустами Эмомалига Ўзбекистонда етиштирилган Япониянинг фикус банзай ўсимлигини ҳадя қилинди.

Шунингдек, меҳмонлар шаҳримиздаги Миллий стадионга ҳам боришди. Чилонзор тумани Бунёдкор шоҳ кўчасида жойлашган мазкур ўйингоҳ 50дан ортиқ секторларга эга ва 34 минг томошабинга мўлжалланган. Делегация аъзолари стадиондаги шароитларни кўздан кечириш давомида футболчилар ва томошабинлар учун яратилган қулайликлар билан танишишди. Стадиондаги “Футбол тарихи“ музейидаги экспонатлар ва ўзбекистонлик рефери Равшан Ирматов билан учрашувдан делегация аъзолари, айниқса, мамнун бўлдилар. Рустами Эмомали музейни томоша қилар экан “Пахтакор” жамоасида тўп сурган тожикистонлик фахрий футболчи Нуриддин Амриевнинг фотосуратларини ҳам кўздан кечирди. Ўзаро мулоқот давомида Рустами Эмомали Осиё давлатлари орасида футболни янада ривожлантириш, Марказий Осиё футбол жамоалари ўртасида мусобақалар ташкил этиш фикрини билдирди.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, Рустами Эмомали 2019 йилнинг апрель ойидан буён Марказий Осиё Футбол ассоциациясининг Президенти ҳисобланади. Самимий руҳда ўтган суҳбат жараёнидан Душанбе шаҳри раисига 7- рақамли футболка ва Равшан Эрматовнинг дастхати туширилган сариқ ва қизил карточкалар совға қилинди.

Душанбе шаҳри раиси Рустами Эмомали бошчилигидаги делегация аъзолари Самарқандга учиб кетдилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?