Шаҳрисабзда миллионлаб маблағ эвазига қурилган сув иншооти қаровсиз аҳволда. Бунга ким жавобгар?​

13:06 27 Июль 2018 Жамият
648 0
Фото: "Халқ сўзи"

Шаҳрисабзнинг Дуқчи маҳалласида Осиё тараққиёт банкининг миллионлаб маблағ эвазига бунёд этилган ичимлик сув иншоотидан 8 йилдан буён фойдаланилмаяпти. Бунга ким жавобгар?

Дунё бўйича аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш муаммоси йилдан-йилга ўткир тус олаётган айни пайтда давлатимиз томонидан бу соҳада улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.

Фото: "Халқ сўзи"

Маълумотларга қараганда, 2018 йилда тегишли дастур доирасида Қашқадарё вилояти аҳолисининг ичимлик суви таъминотини янада яхшилашга 26,8 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, шундан 9,9 миллиард сўми намунавий лойиҳалар асосида барпо этилаётган уйларни ичимлик сув тармоғига улашга сарф этилиши кўзда тутилган. Шунингдек, 16,9 миллиард сўмлик маблағ эвазига 18 та объектда қурилиш ва реконструкция ишлари олиб бориш белгиланган. Бунинг самарасида 107,2 минг киши ичимлик сувидан муаммосиз фойдаланиши мумкин бўлади.

Фото: "Халқ сўзи"

Бироқ бундан 8 йил илгари Осиё тараққиёт банки иштирокида вилоятда барпо этилган ичимлик сув ҳавзаларидан самарали фойдаланиш борасида бундай, деб бўлмайди. Хусусан, Шаҳрисабз туманидаги Дуқчи ичимлик сув ҳавзаси ушбу маҳалладаги 6 мингдан ошиқ аҳолига ичимлик суви етказиб беришга мўлжалланган эди. Лекин қурилганидан буён қарийб фойдаланилмаган бу иншоот негадир ҳеч кимга керак эмасдек, ташландиқ ҳолга келиб қолди.

“Иншоот қурилиши бошланганидан буён шу ерда ишлайман. Сув ҳавзаси фойдаланишга топширилгандан кейин 2010 йил бошида 2-3 ой ишлаб, тўхтаб қолган. Ўшанда 22 километр ичимлик сув линияси тортилган эди. Қувурлар босимга дош беролмай ёрилиб кетди. Шунинг учун линияда босим бўлмай сувни узата олмади. Ўйлайманки, қурилиш ишлари пала-партиш ва аниқ ҳисоб-китоблар асосида амалга оширилмаган”, - дейди вилоят “Сувоқова” бошқармаси Шаҳрисабз туман филиали “Дуқчи” ичимлик сув ишлаб чиқариш ва узатиш ҳавзаси ишчиси Саъдилла Алмардонов.

Фото: "Халқ сўзи"

Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шерали Баратовнинг таъкидлашича, сув қувурларидан умидини узган аҳоли уйларидан қудуқ кавлаб, “качела” ўрнатиб олган. Агар сув ҳавзаси ишлаганида маҳалла аҳолиси тўлиқ ичимлик суви билан таъминланган бўлар эди. Сабаби, бу иншоот 9 минг аҳолига сув бериш қувватига эга.

Иншоотнинг шунча вақтдан буён ишламай турганининг боисини сўраганимизда, филиал раҳбари Адҳам Юсупов бу иншоот ҳали филиалга топширилмаганлигини таъкидлади. Аммо вилоят “Сувоқова” бошқармаси бош ҳисобчиси Ҳусниддин Саидакбаровнинг айтишича, сув ҳавзаси Шаҳрисабз тумани филиали асосий воситалари рўйхатига киритилган, яъни уларнинг балансида турибди. Иншоот 2012 йилда вилоят “Сувоқова” бошқармаси вакили Эшдавлат Алиқулов ҳамда топширувчи қурилиш дирекциясининг ўша пайтдаги раҳбари Комил Қўйбоқаров имзоси билан қабул қилиб олинган.

Хўш, хориж инвестицияси эвазига барпо этилган ушбу сув ҳавзасининг эгаси ким аслида? 2010 йилдан буён қаровсиз ҳолга ташлаб қўйилган иншоотни 8 йилдан кейин бўлса ҳам кимдир қабул қилиб, унга муносабатни ўзгартиса одамларнинг хонадонига ичимлик сувидек бебаҳо неъмат кириб борар эди. Мазкур масалага мутасаддиларнинг эътибори ва муносабатини кутиб қоламиз.
Аҳад МУҲАММАДИЕВ,
“Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар