Дунёга машҳур “Race across the World” реалити-шоу вакиллари нима учун Ўзбекистонга ташриф буюрди?

23:29 27 Март 2019 Жамият
583 0

Иллюстратив фото

Шу кунларда Буюк Британиянинг “BBC Channel Two” телеканали орқали машҳур “Race across the World” реалити-шоу эфирга узатилмоқда. Мазкур лойиҳада оддий одамлардан иборат жамоалар иштирок этишади. Телелойиҳа шартига кўра, улар Лондондан Сингапурга энг тез етиб бориш бўйича беллашмоқда.

Бунинг учун жамоаларга ўта чекланган миқдорда маблағ берилади. Улар Лондон — Сингапур йўналиши бўйича авиачипта нархига етадиган пул билан самолёт, интернет ва телефон каби алоқа воситаларидан фойдаланмаган ҳолда ўз манзилларига етиб боришлари керак.

Яқинда йирик медиа лойиҳанинг 3-қисми эфир юзини кўрди. Унда 4 жамоа Озарбайжон пойтахти Бокудан Тошкент томон йўлга чиқишгани ҳақида ҳикоя қилинади.

...Мана, иштирокчилар йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, Каспий денгизи, божхона-назорат постлари, Буюк Ипак йўлининг бепоён чўллари, баланд тоғлари ва қадимий шаҳарларини ортда қолдирган ҳолда диёримизга етиб келдилар.

Меҳмонлар юртимизнинг Бухоро, Самарқанд, Хива, Қорақалпоғистон каби тарихий ва туристик салоҳиятга эга ҳудудлари билан яқиндан танишишди. Орол денгизига бориб, Кемалар қабристонига гувоҳ бўлишди.

Кейин жамоалардан бири Самарқанддаги Улуғбек расадхонаси ва музейига ташриф буюрди. Уларга буюк бобокалонимиз, атоқли астроном ва математик олим Мирзо Улуғбекнинг илм-фан равнақига қўшган ҳиссаси, хусусан, у томонидан XV асрда тузилган юлдузлар жадвали ҳақида батафсил маълумот берилди. Бошқа жамоалар эса халқимизга хос қадимий қадрият, XIII асрдан буён ўйнаб келинадиган кўпкари-улоқ мусобақасини томоша қилдилар, туяларга миниб чўл кездилар. Қизилқум саҳросидаги ўтовларда тунаб қолишди. Маҳаллий аҳолининг кундалик ҳаёти билан танишишди.

Ва ниҳоят, реалити-шоу қатнашчилари бетакрор Тошкентга етиб келишди. Мустақиллик майдонига боришди. Тошкент метрополитенидан фойдаланишди. Амир Темур хиёбони бўйлаб сайр қилишди. Юртимизнинг ажойиб манзаралари уларда мамлакатимизга яна саёҳат қилиш истагини уйғотгани шубҳасиз.

Эътиборлиси, шоунинг бу қисмидаги асосий шарт — Тошкентдаги “Ўзбекистон” меҳмонхонасида биринчи бўлиб рўйхатдан ўтиш эди. Бунга кеч қолган охирги жамоа ўйинни тарк этиб, Англияга қайтиб кетди.

Кўрсатув ташкилотчилари берган маълумотларга кўра, ҳозиргача иштирокчилар қуруқлик ва сув бўйлаб 5000 километрдан ортиқ масофани босиб ўтишган. Лондон — Сингапур йўналишидаги кейинги марра эса Хитойнинг шарқидаги Хуангаё шаҳри этиб белгиланган.

“Race across the World” реалити-шоу вакилларининг юртимизга Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси кўмагида ташкил этилган мазкур саёҳати уларда унутилмас таассуротлар қолдирди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019