Дунёдаги энг ноёб пушти олмослардан бири сотувга чиқарилди

16:51 13 Июль 2018 Дунё
378 0
Фото: Rio Tinto

Дунё бўйича пушти ва қизил олмос қазиб олинадиган конларнинг асосий қисмига эгалик қиладиган Rio Tinto Австралия-Буюк Британия концерни ўз тарихида қўлга киритган энг йирик жавоҳирларининг навбатдаги туркумини сотувга чиқаради. Бу ҳақида Reuters манбаси хабар берди.

Маълумот учун, ишлов берилган рангли олмослар қиймати рангсизларига нисбатан бир неча баробар қиммат туради. Дунё бўйича қазиб олинган ва заргарлик учун яроқли деб топиладиган ҳар 1000-қимматбаҳо тош ўзининг бетакрор ранги билан “мақтана” олар экан. Шунда ҳам сариқ ва жигар рангга нисбатан пушти, қизил ва сиёҳ рангдагилари камдан-кам учраши кузатилади.

Концернга тегишли Австралиядаги Argyle кони дунё бозорларига таклиф этилаётган пушти олмосларнинг 90 фоизини етказиб беради. Компания топган камёб тошларига ўзи ишлов бериб, йилда бир бор Argyle Pink Diamonds Tender ихтисослаштирилган аукционига қўяди.

Жорий йил Сидней шаҳрида бу борадаги ёзги тендерлар тарихидаги энг йирик олмос кўргазма қўйилди. Унинг номи Argyle Alpha бўлиб, 3,14 карат(0,628 грамм)га тенг. Айни чоғда яна умумий оғирлиги 51,48 каратлик 63 та олмос ҳам коллекциядан жой олган. Уларнинг ичида 1,12 каратлик пушти, қизил ва сиёҳ ранг бешта бошқа йирик асл тош ҳам бор.

Кўргазма Сиднейдан сўнг Гонконг, Ньюй-Йорк шаҳарларида ҳам бўлиб ўтади ҳамда харидорлардан аризалар 10 октябрга қадар қабул қилинади.

“Кучли талаб ва дунё бўйича таклифнинг жуда камлиги Argyleга тегишли пушти олмослар нархини сезиларли даражада ошишига туртки беради”, - деди концерн бош директори Жан-Себастьян Жак.

Дарҳақиқат, 2016 йилда мазкур бренд охирги 15 йилги тендерлар давомида пушти олмослар қиймати қарийб 300 фоизга ошганини маълум қилганди. Лекин аукционлардаги бошланғич ва якуний нархлар ошкор этилмайди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар