Дунёда жорий йилда 400га яқин журналист Covid-19 қурбони бўлди

22:03 15 Сентябр 2020 Дунё
247 0

Жорий йил бошидан буён дунёнинг 47 мамлакатидан камида 366 журналист коронавирусдан вафот этган. Бу ҳақда Press Emblem Campaign (PEC) халқаро журналистлар ташкилоти бош котиби Блез Лемпен Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг Женевада бўлиб ўтган 45-сессиясида маълум қилди, деб ёзади Анадолу агентлиги.

Қайд этилишича, сўнгги пайтларда пандемия туфайли оммавий ахборот воситалари ходимлари орасида, айниқса, Ҳиндистонда қурбонлар сони кескин кўпайиб боряпти.

Лемпен Кенгашга аъзо 47 давлатни журналистлар соғлиғини муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирлар кўришга чақирган.

PEC маълумотларига кўра, 1 июлдан сентябргача коронавирусдан ҳалок бўлган журналистлар сони йил бошидагига нисбатан икки баробар ошган.

Масалан, тождор вирус Лотин Америкаси мамлакатларида 205 нафар, Осиёда 90 нафар, Европада 28 нафар, Африкада 22 нафар, Шимолий Америкада 21 нафар журналистни ҳаётдан олиб кетган.

Бу борада антирекорд Перу(82 нафар)га тегишли бўлса, ундан кейинги ўринларда Эквадор(40), Ҳиндистон(36), Бангладеш(31), Мексика(26), АҚШ(20), Бразилия(19) ва Покистон(10) каби давлатлар боряпти.

PEC йил бошидан буён яна 54 нафар журналист турли сабабларга кўра ўлдирилганини маълум қилган. Шундай қилиб дунё ОАВнинг йўқотишлари жорий йилда 400 тадан ошиб кетди.

Халқаро журналистлар ташкилоти оммавий ахборот воситалари ходимлари қариндошлари ва яқинларига таъзия билдирган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?