Дунёда очликдан азият чекаётган инсонлар сони 821 млн. кишидан ошиб кетди

17:07 12 Сентябр 2018 Дунё
146 0
Фото: kutepovapolina.blogspot.com

Сайёрамизда ўзаро қарама-қаршиликларнинг кўпайиб бориши ва иқлим ўзгариши туфайли 2017 йилда очликдан қийналаётганлар сони 821 млн. кишига етган бўлса, 150 млн.дан ортиқ болалар нимжон бўлиб ўсаётгани маълум бўлди.

Бу ҳақда БМТнинг озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланиш тўғрисидаги ҳисоботида тўхталиб ўтилган. Унда можаролар ва иқтисодий пасайишлар қаторида айрим минтақаларда ёғингарчиликларнинг меъёридан ошиши, шунингдек, қурғоқчилик ва сув тошқинларини келтириб чиқараётган иқлим ўзгаришлари очлик даражаси ошишига асосий сабаб қилиб кўрсатилган.

Масалан, Осиёда беш ёшгача бўлган қарийб ҳар ўнинчи бола оч қолаяпти. Бундай норасидаларнинг бўйига нисбатан тана вазни Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзасидаги болаларникига нисбатан паст бўлиб қолмоқда.

Ҳисоботда дунёда репродуктив ёшдаги ҳар учинчи аёл камқонликдан азият чекаётгани, бу улар ҳамда фарзандлари соғлиги ва ривожланишига жиддий хавф солаётгани қайд этилган. Камқонлик тарқалганлик даражаси Африка ва Осиёда Шимолий Америкага қараганда қарийб уч баробар зиёдни ташкил этади.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти(ФАО), Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси, ЮНИСЕФ, ЖССТ каби халқаро тузилмалар раҳбарлари бу борадаги муаммоларни 2030 йилгача ҳал этиш зарурлиги, бунинг учун инсоният яшашида зарур бўлган озиқ-овқат тизимлари ва воситалари барқарорлиги ҳамда мослашувчанлик салоҳиятини мустаҳкамлаш, шу бўйича ўзаро саъй-ҳаракатларни тезлаштириш ва фаоллаштириш лозимлигини таъкидлашди.

Айни чоғда дунё аҳолисининг ёши катта вакиллари ўртасида семириш билан боғлиқ муаммолар ҳам чуқурлашиб бораётир. Бу масала, айниқса, Шимолий Америкада долзарблигича қолмоқда. Хуллас, кам овқатланиш ва семизлик кўплаб мамлакатларда, бу ҳолат ҳатто бир хонадоннинг ўзида ҳам кузатилаётир.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар