Дунёда ҳеч бир нарсани сувга тенглаб бўлмайди

14:25 17 Сентябр 2020 Сиёсат
383 0

Сув – бу ҳаёт. Сув ресурсларининг инсон турмушидаги хизматининг баҳоси йўқ. Ер шарининг ярмидан кўпини, тўғрироғи 71 фоизини сув ва сув ресурслари ташкил қилади. Сувларнинг 97 фоизи океан ва денгизлардаги шўр сув, атиги 3 фоизи ичишга яроқли тоза сув эканини ҳам ёддан чиқариш керак эмас.

«Минтақамизда сув танқислиги билан боғлиқ вазият йилдан-йилга мураккаблашиб бормоқда. Охирги 10 йилда, мисол учун, Ўзбекистонда сув ҳажми 12 фоизга, ўтган йилгига нисбатан эса бу йил 15 фоизга камайган.»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 сентябрь куни сув хўжалигида тежамкор технологияларни жорий этиш ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида ушбу рақамларни келтирди.

Давлатимиз раҳбари томонидан кўтарилган мазкур муаммо жуда долзарб. Мулоҳазалар... Халқаро таҳлилчиларнинг фикрича, чиндан ҳам бугунги кунда жаҳоннинг кўплаб ҳудудларида нафақат ичимлик суви, балки далаларни суғориш, саноатда ишлатиш учун ҳам сув етишмаяпти.

2050 йилга бориб, Марказий Осиёнинг демографик ўсиши туфайли аҳоли 90 миллионга етади. Унинг қарийб 30 фоизи сув танқислигига дуч келиши эҳтимоли бор. Суғориш учун сарфланадиган сув миқдори эса 2020 йилда 30 фоизга ошади, деган тахминлар ҳам тўғри чиқяпти, назаримизда. Буни Президентимиз келтирган мисолда ҳам кўриш мумкин. Бу муаммо дунё миқёсида ҳам давом этяпти.

Ўзимизни ўйлайлик. Марказий Осиёда аграр секторда банд бўлган 55 миллиондан зиёд кишининг турмуш шароити тўғридан-тўғри сув билан таъминланишга боғлиқ. Агар ундан оқилона фойдаланилса, иқтисодий фойда йилига минтақа ЯИМнинг 5 фоизини беради ёки даромад 20 миллиард долларни ташкил этиши мумкин.

Давлатимиз раҳбаринг бонг уришидан кўриниб турибдики, мамлакатимизда экин майдонларини суғоришда сувдан фойдаланишнинг аҳволини қониқарли баҳолашга ҳали эрта.

Президентимиз куйинчаклик билан бир қатор мисолларга тўхталди. Жумладан, пахта ва ғалла етиштириш учун сарфланаётган электр энергияси ҳамда сувни етказиб бериш харажатлари ҳам кўп. Хусусан, 2,5 миллион гектар майдонни суғориш учун 5 мингдан зиёд насос ишлатилиб, йилига 8 миллиард киловатт соат энергия ва 2,4 триллион сўм бюджет маблағлари сарфланмоқда. Бир гектар майдонга сувни насослар орқали етказиб бериш учун бюджетдан ўртача 800 минг сўм харажат қилиняпти. Эгатлаб суғориш оқибатида йилига қарийб 5-6 миллиард куб метр ёки 20 фоиз сув далада беҳуда сарфланмоқда.

Беҳуда... Эътибор қаратсак, демак ҳаётнинг энг улуғ неъмати кўп ҳолларда исроф бўлаётгани ойдинлашади.

Пахта ва ғалла етиштириш учун сарфланаётган электр энергияси ҳамда сувни етказиб бериш харажатлари ҳам кўп. Хусусан, 2,5 миллион гектар майдонни суғориш учун 5 мингдан зиёд насос ишлатилиб, йилига 8 миллиард киловатт соат энергия ва 2,4 триллион сўм бюджет маблағлари сарфланмоқда. Бир гектар майдонга сувни насослар орқали етказиб бериш учун бюджетдан ўртача 800 минг сўм харажат қилиняпти. Эгатлаб суғориш оқибатида йилига қарийб 5-6 миллиард куб метр ёки 20 фоиз сув далада беҳуда сарфланаётганига алоҳида тўхталиб ўтди.

Муаммо танқидий таҳлил қилинди. Келгуси йилда сув тежовчи технологияларни жорий этишни 600 минг гектарга етказиш режа қилиб қўйилди. Масаланинг ечими учун молиявий йўналишлар белгиланди. Маълумки, бу йилдан қишлоқ хўжалиги корхоналарига сув солиғи бўйича берилган имтиёзлар бекор қилинди. Шу билан бирга, сувдан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 50 фоизга пасайтирилди. Президент ушбу камайтирилган ставкани келгуси йилда ҳам сақлаб қолиш зарурлигини таъкидлади.

Ҳозирда дунёда йилига қарийб 6 миллион гектар ер чўлланишга учрамоқда. 60 мингга яқин ўсимлик, етти мингдан ортиқ ҳайвон турлари йўқолиб кетиш арафасида. Аҳоли кўпаймоқда, янги ерлар ўзлаштирилмоқда, сувга бўлган эҳтиёж эса тобора ортиб боряпти.

Бу жараёнда албатта, ризқ-рўз етиштирадиган фермерларимиз томонидан сувни тежовчи технологияларни, жумладан экинларни суғоришда илғор усуллардан ҳисобланган томчилатиб суғоришни жорий этишни кенгайтириш зарур бўлади. Бу ўз навбатида сув ресурслари чекланганлик шароитида кам сув сарфлаб, барқарор юқори ҳосил олиш имконини беради. Яна бир жиҳат ана шундай технологияларни жорий қилган фермер хўжаликларига қатор имконият ва шароитлар яратилиб, бу борадаги ҳаракатлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Масалан, ушбу технология жорий қилинган ер майдони бўйича 5 йил муддатга ягона ер солиғи тўладан озод этилиши юзасидн Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритилди.

Бундай шароитда биз депутатлар хусусан, ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари самарали парламент ва депутатлик назоратини олиб борган ҳолда жойларда фермерларимиз дуч келаётган сув билан боғлиқ муаммоларнинг ечимлари, тежамкор технологияларни жорий этиш масалаларига эътиборни кучайтирамиз.

Жаҳон гидрологларининг башоратига кўра, 2020 йилга бориб, дунё аҳолисининг 40 фоизидан зиёди ҳам ичимлик суви муаммосига дуч келиши мумкин.

Олдингдан оққан сувнинг қадри юқ. Теран тафаккур қилинса бу мақол ҳаётдан керакли сабоқ чиқаришга ундаётгани аён бўлади. Кўзни катта очиш вақти келди. Энди бошқача бўлиши мумкин эмас. Демак, она табиат қонун-қоидаларига амал қилмаслик борлиқ деб аталмиш улкан дарахтга болта уриш билан баробар.

Наврўз РИЗАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?