Дунё таниган олим

12:32 11 Октябр 2020 Жамият
219 0

Шамсиев Азамат Муҳитдинович — бу ном бугунги кунда оддий одамлар, зиёлилар, мансабдору амалдорлар хуллас, барча-барча томонидан ўзаро суҳбат жараёнида ҳам, журналистлар томонидан тайёрланган матбуот саҳифалари, ижтимоий тармоқлардаги мақолаларда ҳам, телекўрсатув ва радио эшиттиришларда ҳам фахр ва ифтихор билан тилга олинади.

Давраларда шифокорларнинг гурунгларида «Шамсиевнинг мактаби», халқ орасида эса «Шамсиев клиникаси» деган иборалар бот-бот тилга олинади. Дарҳақиқат, узоқ йиллар давомида ўзининг фидокорона, ҳалол меҳнати, қўли енгиллиги, билими ва ноёб иқтидори, жонкуярлиги билан не-не инсонларни оғир дарддан халос этиб, ҳатто ўлим тўшагидан сақлаб қолишга муваффақ бўлган бу инсон кўпчиликнинг юксак ҳурмат-эътиборига сазовор бўлиб, одамлар қалбида ўзига ҳайкал ўрнатган десак асло муболаға бўлмайди.

Эътиборли жиҳати шундаки, Азамат Шамсиевнинг қўлидан шифо топган Республикамизнинг турли ҳудудларидаги минглаб беморларнинг деярли барчаси мураккаб ва ўта мураккаб жарроҳлик амалиётларини бошидан кечиришган.

Шу ўринда тан олиш керакки, Азамат Шамсиев нафақат қўли енгил жарроҳ бўлиб қолмасдан, у кишида ноёб ташкилотчилик ва раҳбарлик қобилияти мужассам. Азамат Шамсиевнинг бундай фазилатлари бутун меҳнат фаолияти давомида тўла ўз аксини топди.

Юртимизда Олий таълим тизимини ва тиббиёт соҳасини ривожлантиришга жуда катта муносиб ҳисса қўшди. Бошқача айтганда, Азамат Шамсиевнинг ҳаёт йўли нурли хотираларга, шон-шарафга, ютуқларга бой бўлди.

Ҳа, халқаро миқёсда танилган, элимиз ардоғидаги атоқли ташкилотчи, моҳир хирург, сермаҳсул ва новатор олим, 1998 йилда «Соғлом авлод учун» ордени соҳиби бўлган ҳамюртимиз А.Шамсиев Самарқанд (ҳозирги Навоий) вилоятининг Хатирчи туманида туғилган. 1968 йилда Тошкент давлат медицина институтини тугатган. Врачлик фаолиятини Самарқанд вилоят Булунғур тумани марказий шифохонаси хирургия бўлимида бошлаб, сўнгра 1969 йилдан Самарқанд давлат тиббиёт институти клиникаси болалар хирургияси бўлимида врач-хирург вазифасида давом эттирди. Ёш хирург ўзининг меҳнатсеварлиги, билим доирасининг кенглиги, ўткир зеҳни, қобилияти, қатъияти, хирургик маҳорати, беморларга бўлган эътибори ва меҳрибонлиги билан ажралиб турар эди. Шунинг учун у тез орада клиника жамоаси ва беморлар ўртасида катта обрў қозонди. Институт илмий мактабида сингдирилган хирургия амалиёти ва фанга бўлган иштиёқ унинг келажакда фан номзоди, доцент, фан доктори, профессор даражасига етишишида муҳим омил бўлди.

А.Шамсиев 1970 йилдан Ростов давлат медицина институтига мақсадли аспирантурага юборилиб, 1973 йилда номзодлик диссертациясини муваффақиятли ёқлади. 1973-1976 йилларда Самарқанд давлат тиббиёт институти болалар хирургияси кафедрасида ишни давом этди. У бу даврда клиниканинг болалар хирургияси бўлими амалиётига бир неча янги технологияли даволаш-диагностика усулларини жорий қилди. Шу сабабли клиникада бемор болаларни хирургик даволаш натижалари кескин яхшиланди.

Ёш олим бундан кейинги даврда ўзининг илмий тадқиқот ишларини давом эттириш учун 1976-1983 йилларда Украинанинг Донеск медицина институтининг болалар хирургияси кафедрасида хирург ординатор кейинчалик докторант лавозимида ишлаб докторлик илмий ишини ниҳоясига етказди. 1983 йил СССР медицина фанлари академиясининг Педиатрия илмий текшириш институтида (Москва) «Болаларда ўткир деструктив пневмонияни даволаш» мавзусида докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди.

Хулоса қилиб айтганда, А. Шамсиевнинг Украинанинг Донеск шаҳридаги 7 йил мобайнидаги илмий изланишлари, машаққатли меҳнати бутун умри давомида ўз самарасини берди. Ишлаб чиқилган янгиликлар болалар хирургияси клиникасида бемор болаларни даволашда ҳам муҳим аҳамият касб этди. Докторлик диссертациясини ёқлагандан сўнг Самарқанд давлат тиббиёт институтида доцент, профессор лавозимларда ишлаб, 1985 йил болалар хирургияси кафедрасини ташкил этиб, унга раҳбарлик қилган.

А.М.Шамсиев болалар хирургияси соҳасида илмий мактаб яратган атоқли олим. Унинг ташаббуси ва раҳбарлигида 1989 йилда Марказий Осиёда ягона ҳисобланган 200 ўринли ихтисослашган кўп тармоқли «Болалар хирургияси илмий-амалий маркази» ташкил этиб, 25 йил раҳбарлик қилди. Марказ замонавий тиббий диагностик ва даволаш технологиялар билан жиҳозланган бўлиб, ҳар йили 10-12 минг бемор болаларга юқори малакали ихтисослашган медицина ёрдами кўрсатилади, ва 6 мингдан ортиқ турли хил мураккаб операциялар бажарилади. Ушбу марказ нафақат Самарқанд вилояти, балки, регионда жойлашган бошқа вилоятлар аҳолисига ихтисослаштирилган юқори малакали болалар хирургияси йўналиши бўйича тиббий ёрдам кўрсатиб келмоқда. Марказнинг торакал хирургия, кардио-хирургия, урология, чақалоқлар хирургияси бўлимларида янги технологияли мураккаб операциялар бажарилиб келинмоқда.

Профессор А.М.Шамсиев тиббиёт фанининг болалар хирургияси соҳаси бўйича ўзининг илмий-амалий мактабини яратган, дунёга танилган новатор олимдир.

Мазкур марказда 1991 йилда профессор А.Шамсиев томонидан Самарқандда илк бор ёш болаларда туғма юрак нуқсонлари бўйича операция муваффаққиятли амалга оширилган, ва ҳозиргача бажарилиб келинмоқда. Марказни бошқариш билан бирга олимнинг илмий раҳбарлигида 30 дан ортиқ тиббиёт фанлар доктори ва тиббиёт фанлар номзодлар тайёрланган. А.Шамсиев илмий ишланмалари ва у раҳбарлик қилган Самарқанд болалар хирургияси илмий-амалий маркази ходимлар жамоаси эришган ютуқлари хорижий мамлакатлар ва Республика миқёсда соғлиқни сақлаш амалиётида кенг қўлланмоқда.

А.Шамсиев олий малакали болалар хирурги, у йилига янги туғилган чақалоқлар ва бошқа ёшдаги беморларда турли хил мураккаб операцияларни бажариб келмоқда. Урология ва абдоминал хирургияда эндоскопик диагностика ва янги даволаш усулларини жорий қилган. Бугунги кунда ҳам ҳар йили 100 дан ортиқ турли ҳажмдаги мураккаб операцияларни амалга оширади. Унинг болалар хирургиясига оид 50 дан ортиқ ихтироси ва 44 та рационализаторлик таклифи республикамиз ва Мустақил Ҳамдўстлик давлатлари амалиётида кенг қўлланилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Фан ва технологияларни ривожлантириш қўмитасининг 8 та амалий ва 1 та инновацион лойиҳалари устида илмий изланишлар олиб борилган.

1991 йил ушбу илмий марказда Ўзбекистонда илк бор болалар хирургияси бўйича студентлар ва ёш олимларнинг Бутуниттифоқ илмий-амалий конференцияси юксак даражада ўтказилди. Ушбу катта илмий анжуманнинг болалар хирургияси илмий маркази қошида ташкил этилиши 400 дан зиёд хориждан келган делегатлар иштирок этиши, 130 та маърузалар, 3 та академик ва 4та медицина институтларнинг ректорлари, ўнлаб профессорлар ва кафедра мудирларнинг қатнашишлари ўша давр учун жуда катта обрўй ҳисобланар эди.

1988 йилда марказда ташкил этилган болалар хирургияси студентлар илмий жамияти аъзолари 30 йил давомида узлуксиз равишда Россия медицина университетларида ҳар йили ўтказиладиган студентлар ва ёш олимлар халқаро конференция ва нуфузли танловларда мунтазам равишда қатнашиб, биринчи ва иккинчи ўринларни эгаллаб олтин ва кумуш медаллар олиб келмоқда.

У киши 1995 йил ЎзФА Самарқанд филиалини ташкил этишда фаол иштирок этган, медицина бўлими раҳбари бўлган ва нуфузли илмий анжуманларни ташкил этишда фаол иштирок этган. 1996 йил ЎзФАнинг «Проблемы биологии и медицины» журналини ташкил этиб, ҳозиргача бош муҳаррир вазифасини бажариб келмоқда.

А.Шамсиев болалар хирургияси илмий марказига раҳбарлик даврида унинг 10 йиллар давомида Россия ва Украина давлатларида медицина институтларида ишлаб болалар хирургияси илм-фан соҳасида жуда катта тажриба орттирганлиги, кўп тармоқли ихтисослашган болалар хирургияси маркази ташкил этилиши, унинг базасида бемор болаларда мураккаб операциялар қилиниши, халқаро конференциялар ўтказилиши, Иттифоқдаги дунёга танилган болалар хирургияси соҳаси профессор академиклари-- Ю.Ф.Исаков, С.Я.Долеский, Г.А.Баиров, Л.И.Рошал, А.Т.Пулатов, К.С.Ормантаев, А.Г.Пугачёв, Н.Л.Кущ, Я.К. Гауен, В.П.Немсадзе, В.А.Гераскин, В.М.Розинов, А.И.Лёнушкин, А.Б.Окулов, А.Ф.Дронов ва бошқалар билан яқиндан илмий-амалий ҳамкорлик қилиниши, уларнинг кўпчилиги ушбу марказга келиб, анжуманларга қатнашиши, мураккаб операцияларда иштирок этиши натижасида ушбу хирургия марказининг номи ва обрўйи бутун дунёга тарқалди. Шунингдек, Ўзбекистонда таниқли болалар хирурглари, профессорлар К.Х.Тагиров, А.С.Сулайманов, С.Р.Рахимов, М.М.Алиев, Ш.Т.Салимов, Н.Ш.Эргашев, Ж.Б.Бекназаров, А.Ж.Ҳамраев, Б.Б.Эргашев ва бошқа атоқли олимлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиниши ва тажриба алмашиниши натижасида ушбу марказнинг обрўйи янада юксалди.

Ҳаммага маълумки, Самарқанд давлат тиббиёт институти нафақат Самарқандда, балки республикамизда ҳам энг нуфузли, ўзига яраша анъанага эга, илмий-педагогик салоҳияти юқори, Ўрта Осиёда мустақил тўнғич Олий тиббий маскани бўлиб келган.

Аммо, республика ҳукумати, Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги ва маҳаллий ҳокимиятларнинг таъкидлашларича, 90 йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб институт ўз мавқеини йўқота бошлади, илмий-педагогик кадрларни ва юқори малакали шифокорларни тайёрлаш ҳамда институтнинг илмий потенциали пасая бошлади, талабаларнинг ўқишга қизиқиши сусая бошлади. Булардан ташқари, баъзи бир кафедра ва курсларни асоссиз бирлаштириш, уларни бир жойдан иккинчи жойга кўчириш, айниқса, энг ачинарлиси шуки, катта тажрибага эга бўлган бир қатор профессор-ўқитувчилар ишдан четлаштирилган, унинг оқибатида кафедраларни илмий-педагогик салоҳиятлари пасайиб кетди. Ёқланаётган диссертациялар сони камайиб кетди. Институт аянчли аҳволга тушиб, унда эгасизлик ҳукм сурди.

Юқоридагиларни ҳисобга олиб, Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 17 ноябрь №543 сонли қарорига биноан, профессор Азамат Муҳитдинович Шамсиев Самарқанд давлат тиббиёт институтига ректор этиб тайинланди ва бу лавозимда 2020 йил 15 февраль ойигача хизмат қилди. Самарқанд давлат медицина институтнинг 90 йиллик тарихида ректорлар орасида энг давомли ишлаганлар - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби профессор Ўктам Каримовна Ваҳобова 14 йилдан кўпроқ ва Азамат Муҳитдинович Шамсиев 15 йилдан ортиқ ректорлик вазифасини бажардилар.

Қисқа вақт ичида, янги ректор институт ходимларни ишга ва талабаларни ўқишга сафарбар қила олди, яъни, меҳнат интизоми йўлга қўйилди, ректорат ва деканатлар янги кадрлар билан таъминланди, уларнинг структураси, иш услублари қайта кўриб чиқилди, кафедра ва курслар таркиблари ҳам қайта қурилиб, баъзи бир кафедралар ва институтнинг бўлимларида аланга олиши мумкин бўлган, яъни «тутаб турган ўчоқлар» ўчирилди; бухгалтерия, ўқув, режалаштириш бўлимлари малакали кадрлар ёрдамида тартиб ўрнатилди. Институт ва факультетларнинг илмий кенгашлари қонун асосида тартибга солинди. Институтда йўл қўйилган тартибсизлик ва молиявий қонунбузарликларга барҳам берилди, ходимларнинг маошлари ва студентларнинг стипендиялари ўз вақтида бериладиган бўлди. Бир вақтлар ноҳақ қувғинга учраган тажрибали профессор-ўқитувчилар илмий педагогик, ҳаттоки раҳбарлик ишларига жалб этилди.

А.М. Шамсиевнинг ректорлик даврида Самарқанд давлат тиббиёт институтида жуда катта ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари бажарилди. Институт моддий-техника базаси мустаҳкамланди. Институтнинг келажагини, яъни илмий-педагогик ва кадрлар тайёрлаш ишларини такомиллаштириш мақсадида янги факультетлар - Тиббий педагогика, Олий ҳамширалик иши, Стоматология, Тиббий профилактика иши, Фармация, Тиббий биология ва тиббиёт коллежлари ўқитувчиларининг малакасини ошириш факультетлари ташкил қилинди.

Профессор А.Шамсиевнинг ректорлик фаолиятини шу қадар дадил ва ишончли қадамлар билан бошлаганига асос шуки, у киши катта ихтисослашган болалар хирургияси муассаса бошлиғи, 20 йилдан ортиқ кафедра мудири, тажрибали педагог, илмий раҳбар, молия ва юриспруденция масалалари бўйича ҳам етарли билимга ва тажрибага эга инсон.

Профессор А.Шамсиев томонидан Марказий Осиё Олий ўқув юртлари миқёсида илк бор Самарқанд давлат тиббиёт институтида 2013 йилдан халқаро таълим стандартларига жавоб берадиган ўқитишнинг кредит-модуль тизими жорий этилган. Фанларни кредит-модуль тизимида ўқитиш учун 4,5-5 терабайт ҳажмдаги маълумотлардан иборат масофавий электрон онлайн ўқитиш платформаси яратилган. Бу эса ўз навбатида чет эллик ёшларни институтимизга интилишини, қизиқишини янада орттиришга олиб келди. Бунинг натижасида 2013 йилдан буён Жанубий Корея Республикасининг кўплаб ёшлари Самарқанд давлат тиббиёт институтида таҳсил олмоқда. Платформа ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида талабалар турар жойлари ва ҳамма ўқув биноларида студентлар ва профессор-ўқитувчилар учун бепул Wi-Fi роутерларининг юқори тезликда доимий ишлаши таъминланган.

Масофавий электрон онлайн ўқитиш жорий этилиши натижасида студентлар ва профессор ўқитувчиларининг электрон серверга кириб ўқиши бўйича Самарқанд давлат медицина институти Ўзбекистон ва Россия олий ўқув юртлари орасида охирги 5 йилдан буён доимий равишда биринчи ўринни эгаллаб келмоқда.

Бундан ташқари юқорида келтирилган жуда катта ижобий ишлар натижасида Самарқанд давлат медицина институти охирги 3 йил давомида (2017-2020 йиллар) Webometrics ва UniRank халқаро рейтингларида Ўзбекистон Олий ўқув юртлари орасида доимий равишда юқори 3-8чи ўринларни эгаллаб келди.

Барча кафедралар ва бўлимлар, ўқув заллари ва хоналари замонавий ўқув жиҳозлари ва ахборот-технология воситалари (компьютерлар- 1400 та ва мультимедиа - 70та) билан тўлиқ таъминланди. Ҳар 3 нафар студентга 1 та компьютер тўғри келади, уларнинг 1000 дан ортиғи интернет тармоғига уланган.

Студентлар билимини баҳолаш ва назорат қилиш таълим сифатини яхшилашда муҳим аҳамиятга эга эканлигини инобатга олиб, 2013 йилдан институт ректори А.Шамсиев томонидан баҳолашнинг 5 баҳолик ва 100 баллик тизими ҳамда уларнинг конвертация қилиш мезони ишлаб чиқилди. Айнан шу тизим Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан қабул қилиниб, Адлия вазирлигида тасдиқланди ва 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб, барча олий таълим муассасаларида амалиётга жорий этилди (Олий ва ўрта- махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 28 сентябрдаги 820-сонли буйруғи).

Ахборот-ресурс маркази республика ва чет элларда чоп этилган 25 мингдан зиёд янги авлод адабиётлари билан бойитилиб, электрон библиотека ташкил қилинган ва унда 15 мингдан ортиқ электрон ўқув адабиётлари яратилган. Шунингдек, профессор А.Шамсиев раҳбарлигида институтда хар йили бир неча бор медицинанинг долзарб муаммоларига бағишланган халқаро илмий амалий конференциялар ўтказилиб келинди ва институтнинг халқаро алоқалари фаол ривожлантирилди, 60 дан ортиқ нуфузли хорижий тиббиёт университетлари ва илмий марказлари билан алоқани мустаҳкамлаб, меморандумлар тузилган. Ҳамкорлик дастурларида АҚШ, Германия, Австрия, Англия, Италия, Испания, Португалия, Корея Республикаси, Цингапур, Россия Федерацияси етакчи медицина олий ўқув юртлари, илмий-текшириш институтлари ва клиникалари билан ҳамкорлик алоҳида эътибор қаратилган.

Охирги 3 йилда (2017-2019) институтда 42 диссертация (16 нафар фан доктори ва 26 нафар фалсафа доктори) ҳимоя қилинган. Ушбу йилларда 42 монография, 17 дарслик ва ўқув қўлланма, ва 10 илмий ишлар тўплами нашр этилган. Ушбу адабиётлардан 16таси профессор А.Шамсиев раҳбарлигида чоп этилган бўлиб, унинг илмий ишларига иқтибослик 1680 тани, Хирш индекси эса 22 бўлиб, бу кўрсатгич Ўзбекистонда медицина йўналиши бўйича энг юқори кўрсатгич ҳисобланади. Шунингдек, институт иқтидорли студентларидан 123 нафари Республика Фан олимпиадалари ва нуфузли танловларда, 41 нафари хорижий мамлакатларнинг нуфузли медицина университетларида ўтказилган Халқаро олимпиада ва илмий анжуманлар танловида олтин, кумуш ва бронза медаллари билан тақдирланган.

Институтнинг моддий-техник базасини янада ривожлантириш мақсадида Ҳурматли Президентимизнинг 2018 йил 3 февралдаги ПК-3507- сонли қарори бўйича смета баҳоси 34,5 млрд. сўмлик 800 ўринли ўқув биноси қурилиши бевосита институт ректори А.Шамсиев раҳбарлигида жуда кўп машаққатлар билан 2018 йилда бошланиб, 2020 йилнинг бошларида ушбу бино тайёр ҳолатга келтирилган, яқин муддатларда пардозлаш ва жиҳозлаш ишларини ниҳоясига етказиш, фойдаланишга топшириш арафасида.

А.Шамсиев 12 та илмий лойиҳаларга раҳбарликни амалга оширган. Шулардан амалий тадқиқотлар ва инновацион ишланмаларнинг 3 тасига бевосита илмий раҳбарлик ва 8 тасига умумий раҳбарлик қилган. Айни пайтда, Корея ва Ўзбекистон халқаро илмий ҳамкорлигидаги Ўзбекистон Республикасининг Самарқанд вилоятида эхинококкоз касаллигини ўрганиш борасида халқаро илмий лойиҳага илмий раҳбарлик қилди ва унинг бажарилишида координатор бўлиб иштирок этди.

А.Шамсиев болалар хирургияси соҳасини салмоқли илмий натижалари билан бойитган. Республика ва халқаро нашрларда чоп этилган 1000 зиёд илмий мақола ва тезислар, 8 та дарслик ва ўқув қўлланмаси, 20 та монография (шундан 5 таси хорижда нашр этилган) муаллифи ва 50 дан ортиқ ихтирога патент олинган (шундан 1 таси хорижий патент).

Профессор А.М.Шамсиев Самарқанд давлат тиббиёт институти ректори, Марказий Осиёда ягона болалар хирургияси илмий-амалий маркази директори лавозимларида ишлаган ҳамда мамлакатимизда ва хорижда тан олинган юқори малакали хирург, соғлиқни сақлашни ва олий таълимни ташкил қилишнинг йирик намоёндасидир. Олим раҳбарлигида 30 дан ортиқ шогирдлари докторлик ва номзодлик диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилганлар. . Охирги 3 йилда унинг раҳбарлигида 7та кандидатлик ва докторлик диссертациялар ҳимоя қилинган.

Устознинг оддий врач-хирургдан ана шундай юқори мавқеигача ўзининг саъй-ҳаракатлари, тинимсиз меҳнати билан эришганлиги ёшларимиз, айниқса, ўзларини илм-фан равнақи йўлига бахшида этаётган бўлғуси медик олимлар учун ҳар қанча ўрнак олиб ўрганса арзийди.

А.Шамсиев Европа болалар хирургияси Ассоциацияси, Нью-Йорк фанлар академияси, Буюк Британия Қироллиги Соғлиқни Сақлаш Ассоциацияси, Россия болалар хирургияси Ассоциацияси, Россия хирурглар жамияти аъзоси, Грас медицина университети (Австрия) ва Тернопол медицина университети фахрий профессори (Украина), Россия медицина ва техника академиясининг ва Ижевск медицина Академияси фахрий академиги (Россия), Осиё эндоскопик ва лапароскопик хирурглар жамияти (ELSA) аъзоси.

А.Шамсиев жаҳон болалар хирургияси ривожига қўшган ҳиссаси учун Мустақил Ҳамдўстлик Мамлакатлари миқёсида соҳанинг энг юксак мукофоти – профессор В.П.Немсадзе номли халқаро мукофот билан тақдирланган ва хирургия соҳасининг олий мукофоти – академик А.В.Вишневский номли медалга сазовор бўлган.

А.Шамсиев ЎзФАнинг «Биология ва тиббиёт муаммолари» («Проблемы биологии и медицины») ва ЎзР ССВнинг «Доктор ахборотномаси» («Вестник врача») журналлари Бош муҳаррири, «Детская хирургия» (Москва) журнали, «Хирургия Узбекистана», «Медицинский журнал Ўзбекистана», «Педиатрия», «Тиббиётда янги кун» ва «Журнал теоретической и клинической медицины» нашрлари таҳрир ҳайъати аъзоси.

А.Шамсиев Тошкент педиатрия тиббиёт институти Ихтисослашган кенгаши аъзоси ва Самарқанд Давлат Тиббиёт институти Илмий Кенгаши раиси бўлган. ЎзФА Самарқанд филиали ташкилотчиларидан бири, унинг фаолияти давомида тиббиёт бўлими раҳбари, хамда академик В.В.Воҳидов номидаги Республика илмий-амалий хирургия маркази Ихтисослашган кенгаши аъзоси бўлган. Ҳозирги пайтда А.Шамсиев Самарқанд давлат медицина институтининг диссертация ёқлаш бўйича ихтисослашган кенгаш раиси (болалар хирургияси, педиатрия ва терапия соҳалари бўйича) бўлиб фаолият кўрсатиб келмоқда.

А.Шамсиев Ўзбекистон Республикасида таълим стандартлари, ўқув режа ва дастурларини жаҳоннинг ривожланган мамлакатлари таълим стандартларига мослаштириш, малакали медицина мутахассислари тайёрлаш сифатини ошириш, Илмий педагогик кадрлар тайёрлаш, врачлар малакасини ошириш борасида кеча-кундуз тиним билмасдан ишлайдиган, инновацион ғояларга бой, ташаббускор ташкилотчи раҳбар сифатида институт жамоаси ва вилоят жамоатчилиги орасида катта обрў-эътибор қозонди.

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг 2019 йил 11 январь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари сессиясида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, тўғри овқатланиш тамойилларини ҳаётга татбиқ этиш, юқумли бўлмаган касалликларни келтириб чиқарувчи хавф-хатарларни эрта аниқлаш борасида Самарқанд давлат медицина институти ректори профессор Азамат Шамсиев зиммасига бир қатор долзарб вазифалар юклатилган эди.

Шунингдек, Президент ушбу сессияда, институтда тиббий таълимни ривожлантириш бўйича амалга оширган ишлар тўғрисида А.М.Шамсиевдан сўраганида, 2013/2014 ўқув йилидан бошлаб жаҳон таълим стандартларига мос кредит модуль тизимида ўқитиш жорий этилганлиги, онлайн усулда масофавий ўқитиш яратилганлиги уларнинг малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш, дунёнинг ривожланган мамлакатлари олий таълим муассасалари битирувчилари билан рақобатлаша оладиган кадрлар тайёрлашга етарли замин яратишга олиб келиши ҳақида атрофлича сўзлаб берганида, Муҳтарам Президентимиз бу янгиликка катта баҳо бериб, қўллаб-қувватлаган эди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармонида республикадаги барча олий таълим муассасалари 2030 йилга қадар босқичма-босқич кредит-модуль тизимида ўқитишга ўтиши белгилаб қўйилганлиги Самарқанд давлат тиббиёт институтининг тажрибасини оммалаштирилганлигининг исботидир.

Президентимиз томонидан берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида 2019 йил 28-29 март кунлари Самарқанд давлат медицина институтида Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда «юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси ва диагностикаси, соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланиш» мавзуларига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.

Ушбу анжуманда Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа ҳудудий идораси, етакчи раҳбари Жилл Фарингтон, мазкур ташкилотнинг Ўзбекистондаги бош вакили Лианн Куппенс, миллий вакили Елена Цой, хамда Россия ва Ўзбекистон университетлари ва илмий текшириш институтлари олимлари фаол қатнашдилар.

Самарқанд вилояти аҳолиси ўртасида шу тарздаги ташвиқот ишларини олиб бориш мақсадида вилоят шаҳар ва туман ҳокимликлари билан ҳамкорликда 2019 йил февраль-апрель ойлари давомида амалий конференциялар ўтказилиб, унга барча фаоллар, хотин-қизлар қўмитаси аъзолари, тиббиёт бирлашмалари, халқ таълими тизими ходимлари, имом хатиблар фаол иштирок этдилар ва ўз навбатида улар аҳоли билан тарғибот ишларини давом эттирдилар.

Бундан ташқари, ректор А.Шамсиев раҳбарлигида институтнинг етакчи профессор ўқитувчилари Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах ва Навоий вилоятларида соғлиқни сақлаш тизимига амалий-услубий ёрдам кўрсатиб, жойларда врач-мутахассислар билан маҳорат дарслари ўтказиб келдилар.

Мазкур омиллар, халқимизнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, аҳолининг жисмоний фаоллик даражасини ошириш, одамларнинг барвақт ўлим ҳамда касалланишини камайтириш борасида муҳим ўрин тутади. Халқ саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган бундай эътибор ва ёндашув албатта республикамизда ўртача умр кўриш даражасини янада ошириш имконини беради.

Ҳозирги кунда профессор А.М.Шамсиев Самарқанд давлат тиббиёт институти Болалар хирургияси кафедраси профессори вазифасида ишлаб, илмий педагогик шогирдлар тайёрлаш, турли даражадаги оғир беморларни оператив даволаш ишларига муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Шунингдек, Самарқанд вилоят касаба уюшмаси ташкилотлари бирлашган кенгаши раёсати аъзоси сифатида тиббиёт ходимларини ижтимоий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш ишларида фаоллик кўрсатмоқда.

Юқорида келтирилган маълумотларга ва институтда амалга оширилган катта ўзгаришларнинг натижаларига таяниб, шуни айтиш мумкинки, профессор Шамсиев Азамат Муҳитдинович етарли даражада фаол ташкилотчи раҳбар, моҳир хирург, илмий-педагогик салоҳияти юқори, етарли катта ҳаётий тажрибага эга инсон, раҳбар сифатида институтнинг олдинги мавқеини нафақат тиклай олди, балки уни янада ривожлантириб, халқаро андозаларга жавоб бера оладиган кадрлар, шифокорлар ва юқори малакали илмий ходимлар тайёрлашни янада юқори чўққиларга кўтара оладиган олий ўқув юртига ва илмий масканга айлантира олди.

А.Шамсиевнинг Ватан ва халқ олдидаги хизматлари инобатга олиниб, 1998 йил «Соғлом авлод учун» 2-даражали ордени билан, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 1, 10, 15, 20 ва 25 йиллиги эсдалик нишонлари, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллиги эсдалик нишони ва Ўзбекистон Республикасининг «Соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланган. Олий таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Самарқанд вилоят хокими фахрий ёрликлари билан бир неча бор тақдирланган.

Мамадиёр Зиёдинов,
журналист

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?