Дунё тан олган яна бир нуфузли хориж университети Тошкентда ўз филиалини очмоқчи

14:14 30 Октябр 2018 Жамият
1002 0

Жанубий Кореянинг Аджу университети Тошкентда ўз филиалини очишни режалаштиряпти. Бу ҳақида мазкур таълим муассасаси вакилларининг Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, молия вазири Жамшид Қўчқоров билан учрашувида маълум қилинди.

Меҳмонлар делегацияси таркибида университетнинг халқаро алоқалар бўйича вице-президенти Жей Ик Лим, халқаро алоқалар бўйича профессор Жун Хун Чо ва халқаро алоқалар офиси директори Жей Юн Хим иштирок этди.

“Учрашув давомида Тошкентда Аджу университети кампуси ва филиалини очиш масаласи муҳокама қилинди. У ерда талабалар архитектура, электрон муҳандислик, муҳандислик тизимларини қуриш йўналишларида таҳсил олиши мўлжалланяпти”, - дея хабар берди вазирлик матбуот хизмати.

Жей Ик Лимнинг айтишича, талабаларни 2019 йилнинг кузидан қабул қилиш режалаштирилган. Квоталар сони 420 та. Таълим инглиз тилида олиб борилади. 2020 йилдан эса корейс тилида ўқитиш дастурлари ҳам жорий этилиши кўзда тутилган.

“Университетимизнинг Тошкентдаги филиали техник билимлар ва инновациялар хабига айланишига умид қиламиз”, - деди Жей Ик Лим.

Ўз навбатида Молия вазирлиги ҳам мазкур лойиҳани амалга ошириш учун ҳар томонлама кўмак беришга тайёр эканлигини, қолаверса, Ўзбекистон ҳукумати томонидан талабалар учун грант дастурлари ташкил этиш режалаштирилаётганини билдирди.

Учрашувда ҳамкорликнинг бошқа соҳалари ҳам кўриб чиқилди.

Маълумот учун, Аджу университетига 1973 йилда асос солинган бўлиб, дунёдаги энг нуфузли ОТМлардан бири деб тан олинган. У ерда 14 мингдан зиёд талаба ўқийди. Мазкур таълим даргоҳи ўзининг инновацион халқаро дастурлари ва хорижлик талабаларни қўллаб-қувватлаб келаётгани учун бутун жаҳонда эътирофга сазовор бўлган. Аджу сайёрамизнинг 58 та мамлакатидаги 200дан ортиқ университетлар билан ҳамкорлик қилиб келади ва техника, тиббиёт ҳамда ахборот технологиялари йўналишларига чуқур ихтисослаштирилган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019