Дунё ишбилармонлари Наманганнинг инвестициявий салоҳияти билан танишмоқда

21:55 07 Июнь 2019 Иқтисодиёт
219 0

Аввал хабар қилганимиздек, Наманганда  “Doing Business with Namangan – 2019” Халқаро инвестиция  форуми  ўтказилмоқда. 

Анжуманнинг вилоят марказидаги “Шодиёна” тантаналар мажмуасидаги очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Абдуҳакимов, Наманган вилояти ҳокими Х. Бозоров ва бир қатор вазирликларнинг раҳбарлари сўзга чиқиб, иштирокчиларни мамлакатимизда яратилган қулай сармоявий муҳит, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар, ҳусусан, бизнес соҳасига берилаётган имтиёз ва имкониятлар билан яқиндан таништирдилар. 

Вилоят ҳокими таъкидлаганидек, Наманганда  инвесторларнинг самарали фаолият юритиши учун яратилган шарт-шароитлар натижасида ҳудуд иқтисодиётига киритилаётган  хорижий сармоя хажми муттасил ортиб бормоқда.  Жумладан, ўтган йилнинг ўзида бу борадаги кўрсаткич 75,6 миллион АҚШ долларига тенг бўлди. Халқаро форумда имзоланадиган ўзаро манфаатли шартномалар ижроси билан инвестиция салмоғи кескин ортади. Чунки, вилоятда енгил саноат, автомобилсозлик, фармацевтика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаси, қишлоқ хўжалиги, туризмни  ривожлантириш имкониятлари катта бўлиб, айни йўналишларда ўнлаб хорижий компания ва корхоналар  билан   ҳамкорлик кенгайиб бормоқда.

         

Куннинг иккинчи ярмида “Давлат хизматлар маркази” биносида 4 та йўналиш  –саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм, инновацион ғоялар ва технологияларни жорий этиш мавзуларида секциялар муҳокамаси ташкил этилди. “Паҳлавон” спорт мажмуасида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг миллий кўргазмаси бўлиб ўтди. ”В2В” форматдаги   кооперацион биржада эса томонлар ўзаро манфаатли шартномалар юзасидан келишиб олдилар. Дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда форум якунлари билан 300 миллион АҚШ долларидан кўпроқ миқдордаги шартномалар имзоланиши кўзда тутилмоқда. Улар орасида  дори воситалари ишлаб чиқариш,  пластик чиқиндиларни қайта ишлаш, текстиль маҳсулотлари тайёрлаш,  логистика хизмати,  замонавий иссиқхона ва музлатгичлар барпо этиш,  сайёҳлик инфратузилмасини ташкил қилиш  ва бошқа йўналишлардаги 50 дан зиёд истиқболли лойиҳалар бор.

Анжуманнинг биринчи иш куни оқшомида  меҳмонлар  вилоят марказидаги  Бобур номли маданият ва истироҳат боғида ташкил этилган  Наманган гуллари экспозициялари билан танишдилар.

Халқаро форум эртага ҳам ўз ишини давом эттиради. 
                                                                                          Қудратилла Нажмиддинов,                                                                                                                        ”Халқ сўзи”    
  


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019