Дунё футболининг "Айсберг"и

15:08 28 Апрель 2020 Спорт
391 0

Жаҳон футболи тарихида ўзидан ёрқин из қолдирган мураббийлар жуда кўп. Улар орасида Валерий Лобановский алоҳида ажралиб туради.Қаттиққўллиги , ўз услубига садоқати, футболга бўлган меҳр – муҳаббати туфайли уни Мэтр, Полковник, Айсберг, Бадқовоқ айиқ деган лақаблар билан сийлашган эди.

Валерий Лобановский 1939 йилда Киевда ишчи оиласида туғилган. Шу шаҳардаги 319 — мактабда ўқиган. Бу маскан ҳозир унинг номи билан аталади. Мактабни кумуш медал билан тугатган қаҳрамонимиз олий маълумотни Одесса политехника институтида олди. Киевдаги 1 – футбол мактаби тарбияланувчиси саналган Валерийни 1955 йилда “Динамо” (Киев) сафига қабул қилишди.

Футболчи сифатида у бошқалардан ўз техникаси, ностандарт фикрлаши билан фарқ қилиб турарди. Баланд бўйли бўлишига қарамай алдамчи ҳаракатларга уста эди. Чап қанот бўйлаб тезкорлик билан ҳужумга ўтар, жамоадошларига аниқ пас берарди. Лобановский, шунингдек, бурчак тўпларини ҳам қойилмақом бажарарди. Бунда унинг ўз математик ҳисоб-китоби бор эди. Тўпни айлантириб тепишга ҳаракат қиларди. Шунда унинг дарвоза тўридан жой олиши ҳеч гап эмасди. Машғулотларда шундай зарба йўллаш устида жуда кўп ишларди. Шунинг натижаси сифатида у бутун Иттифоққа танилди. Лобановскийни бразилиялик машҳур футболчи Дидага қиёслашарди. Дида 1958 йилги жаҳон чемпионатида тўпни дарвозага айлантириб йўллаши билан кўпчиликни ҳайратга солганди.

1961 йилда “Динамо” (Киев) тарихга кирди. Шу пайтга қадар нуқул Москва клублари чемпион бўлишарди. Киевликлар бу анъанани бузишди. “Динамо” мамлакат чемпиони бўлди. У шундай натижага эришган собиқ Иттифоқдаги биринчи клубдир. Ўша мавсумдаЛобановский ўнта гол киритди. Уни терма жамоага таклиф қилишди. Бироқ ўша пайтда унинг позициясида Михаил Месхи, Анатолий Ильин, Галимжан Хусаинов сингари кучли футболчилар тўп суришарди. Шу боисдан Лобановский терма жамоада иккита ўйин ўтказди, холос. Кейинчалик у “Черноморец” ва Донецкнинг “Шахтёр” жамоалари шарафини ҳимоя қилди. Олий лигада ҳаммаси бўлиб 253 та ўйин ўтказиб, 71 та гол киритди.

Футболчилик фаолиятини тугатганидан кейин бир йил ўтиб, “Днепр” жамоаси мураббийи бўлди. Уч йил ичида бу жамоани олий лигага олиб чиқди. Кейин Украинанинг ўша пайтдаги биринчи раҳбари Шербицкийнинг таклифига кўра, ўзининг собиқ жамоаси “Динамо” га ишлагани келди. 1974 йилдан бошлаб 17 йил давомида шу жамоани бошқарди. Унинг қўли остида киевликлар саккиз бор мамлакат чемпиони бўлдилар, олти бор кубокни қўлга киритишди.

Ёши улуғ мухлислар 1975 йилни яхши эслашса керак. Ўшанда “Динамо” собиқ Иттифоқ клублари ичида биринчи бўлиб УЕФА суперкубогини қўлга киритганди. “Франс Футбол” нашри Олег Блохинни Европанинг энг кучли футболчиси деб эътироф этди. Валерий Лобановский терма жамоа бош мураббийи этиб тайинланди. Унинг қўл остида терма жамоа илк муваффақиятга 1976 йилда эришди. Монреалдаги олимпиадада бронза медали қўлга киритилди. 1988 йилда эса Европа вице-чемпиони бўлди. Лобановский “Динамо” футболчиларининг икки бор Европа кубок эгалари кубогини бош узра кўтаришларига бениҳоя катта ҳисса қўшган тренер сифатида ҳам тарихда қолди.

Бу тажрибали тренерни дунё футболи мутахассислари ўз ўйин тактикасини яратган мураббий сифатида тан олишади. У бир пайтлар бурчак тўпларини математик аниқ ҳисоб-китоб асосида тепишни лозим кўрарди. Тренер сифатида ҳам шу усулга содиқ қолди. Лобановский ўйинчиларнинг майдондаги ҳаракатларини математик тарзда бошқариш  механизмини яратди. Ким қандай ҳаракат қилади, тўп кимга оширилади, ҳужум қандай ниҳоясига етказилади — буларнинг бари ипидан игнасигача аввалдан пишитиб олинган бўларди. Тўпни бир ҳаракат билан ҳужум чизиғига етказиб бериш ва рақиб дарвозаси олдида  хавфли вазиятни юзага келтириш Лобановскийга хос ўйин услубларидан бири эди. Бу шунақанги тез ва кутилмаганда амалга оширилар эдики, рақиб ҳимоячилари кўпинча кимни таъқиб этишни билмай карахт аҳволда қолишарди. Олег Блохиннинг евротурнирда “Бавария” дарвозасига киритган машҳур голлари ҳам аслида Лобановский ишлаб чиққан тактика маҳсули эди.

1986 йилда қаҳрамонимиз учинчи бор терма жамоа бош мураббийлигига  тайинланди. Лобановский ўз одатига мувофиқ, терма жамоа асосини “Динамо” (Киев) футболчиларидан ташкил этди. Команда Мексикада бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ҳужумкор футбол намойиш қилди. Игорь Беланов “Олтин тўп” соҳиби бўлди. Кейинчалик Лобановскийнинг мураббийлик маҳорати Ребров, Андрей Шевченко каби футболчиларнинг “ярқ” этиб кўзга ташланишларига туртки берди. Унинг “Динамо”си 1997 – 1998 йилги мавсумда Чемпионлар лигаси баҳсида “Барселона” ни икки ўйин натижасига кўра 7:0 ҳисобида енгганини кўпчилик яхши эсласа керак.

Мураббий сифатида ўз мактабини яратган Лобановскийни айримлар айсбергга — сузиб юрувчи музтоққа қиёслашади. Бу ўхшатишда жон бор. Жиддий қиёфаси, ўз принципларига садоқати, кучли ирода ва қатъияти чиндан ҳам енгилмас айсбергни эслатади.У муваффақиятлар пайтида ҳам, аламли мағлубиятлар чоғида ҳам ўз ҳиссиётларини ошкор этмас, ишлашда давом қиларди. Нечоғли қаттиққўл бўлмасин, футболчилар уни ҳурмат қилишар,қадрлашар эди. Шу ўринда бир мисол. 1984 йилда “Динамо” мамлакат чемпионатида жуда бўш қатнашди. Жамоа кейинги 34  йилда бунақанги паст поғонани банд этмаган эди. Табиийки, бош мураббийни ўзгартириш масаласи кун тартибига қўйилди. Шунда футболчилар Лобановскийнинг ёнини олиб, уни қўллаб-қувватлашди. Тренер ўз лавозимида қолди. Келаси йилда эса “Динамо” ҳам мамлакат чемпионлигини, ҳам кубокни қўлга киритди. Валерий Васильевич жамоада авлодлар алмашинувидек оғриқли масалани оқилона ҳал эта билган саноқли мураббийлардан биридир.

У жаҳон футболининг энг кучли тренерлари қаторида туради. Масалан, World Soccer нашри сўровига кўра, Лобановский 1959 – 2009 йиллар оралиғида дунёнинг энг кучли эллик нафар мураббийи сафидан ўрин олган. Football Pantheon нашри сўровномаси бўйича эса Лобановский барча даврлар ва халқларнинг энг кучли тренерлари рўйхатида 7-поғонани банд этган. У УЕФА нинг “Хизматлари учун” ордени билан тақдирланган. Вафотидан ( 2002 йил) сўнг Украина Қаҳрамони орденига муносиб деб топилган. Аслида у тириклигидаёқ ўзига ҳайкал қўйган буюк инсонлардан бири эди.

Истам ИБРОҲИМОВ тайёрлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?