Дунё бўйлаб хорижий инвестициялар 30-40 фоизга камаяди – БМТ

16:49 28 Октябр 2020 Дунё
132 0

Жорий йилда дунё бўйлаб тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар (ТХИ) 30-40% га камаяди. Пандемиянинг иккинчи тўлқини туфайли бир қатор ривожланган мамлакатлар иқтисодиётига путур етиши натижасида эса пасайиш янада оғирроқ бўлиши мумкин - тахминан 50%гача.

Ушбу тахмин БМТнинг савдо ва тараққиёт бўйича конференциясининг (UNCTAD) бюллетенида маълум қилинди.

Таъкидланишича, 2020 йилнинг дастлабки уч чорагида қайд этилган молиявий кўрсаткичлар UNCTAD томонидан июнь ойида “Инвестицияларнинг 12 ой ичида 30-40 фоизга пасайиши"га бағишланган жаҳон инвестициялар ҳисоботида кўрсатилган тахминларга мос келган.

«2020 йилги башоратлар ноаниқликларга тўла, - дейди экспертлар. – Зеро, баъзи ривожланган мамлакатларда пандемиянинг иккинчи тўлқини нормаллаштириш ишларига ҳалақит бериши боис 2020 йилнинг биринчи ярмида қайд этилган тахминан 50 фоизга пасайиши яна узайиши мумкин».

UNCTAD фикрича, ташқи инвестициялар соҳасидаги вазиятнинг ривожланиши соғлиқни сақлаш инқирозининг давомийлиги ва пандемиянинг иқтисодий таъсирига қарши кураш бўйича сиёсий ҳаракатлар самарадорлигига боғлиқ бўлади. Аммо бу борада «геосиёсий хатарлар тахминларга ноаниқлик қўшишда давом этмоқда».

UNCTAD маълумотларига кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида глобал инвестицияларнинг пасайиши дунё бўйлаб жорий этилган локдаунлар амалдаги инвестиция лойиҳаларини сусайтиргани боис 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 49 фоизни ташкил этган, шунинг билан биргаликда, чуқур таназзул ҳолати янги лойиҳаларни қайта баҳолашга олиб келган.

Дунё бўйлаб эълон қилинган инвестиция лойиҳалари сонининг 37 фоизга, бирлашиш ва қўшиб олишларнинг 15 фоизга, янги трансчегаравий молиявий шартномаларнинг эса 25 фоизга пасайиши кузатилган.

Жорий йилнинг дастлабки олти ойида хорижий инвестицияларнинг сезиларли пасайиши саноати ривожланган мамлакатларда қайд этилган - 75 фоизга пасайиб, 98 миллиард долларни ташкил этган. Хусусан, Шимолий Америкада хорижий инвестициялар 56 фоиз, яъни 68 миллиард долларга камайган.

Ривожланаётган мамлакатларда эса йилнинг биринчи ярмида бу пасайиш 16 фоизни ташкил этган ва бу, экспертларнинг фикрига кўра, кутилганидан камроқдир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?