Дунё бўйлаб Кавасаки синдроми қайд этилмоқда. Унинг коронавирус билан боғлиқлик жиҳати борми?

15:24 17 Сентябр 2020 Жамият
464 0

Дунёда камдан-кам учрайдиган Кавасаки синдроми коронавирус инфекцияси билан боғлиқми? Мулттизимли яллиғланиши синдромининг қандай асосий белгилари мавжуд? Ушбу саволга Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Абдусаматова жавоб берди.

"COVID-19 касаллигининг юқори даражаси кузатилган мамлакатларда болаларда коронавирус инфекциясидан кейин педиатрик кавасакисимон синдром шаклидаги янги касаллик 2020 йил апрель ойидан қайд этила бошланди.

COVID-19 бўлган болалар ва ўсмирларда вақтинчалик ассоцияцияланган Мулттизимли яллиғланиш синдроми (МВС) — COVID-19 инфекциясидан сўнг яллиғланиш билан боғлиқ иммунологик ҳодиса. Ушбу патология инфекциядан сўнг юзага келади ва болаларда COVID-19 га чалингандан 3-5 ҳафта ўтиб ривожланади, қонда антитаначалар аниқланишида пайдо бўлади.

Мулттизимли яллиғланиш синдромининг асосий клиник аломатлари:

24 соат давомида тана ҳароратининг 38,5 даражадан юқори бўлиши;

ошқозон-ичак тракти бузилиши: қоринда оғриқ, қусиш, кўнгил айниши, диарея;

50 фоиз ҳолатларда нафас тизими шикастланиши мумкин, яъни йўтал, оғир пневмония ривожланиши туфайли нафас сиқилиши.

Касаллик босқичларига кўра, танада доғлар, папулалар, коньюктивит, лимфотугунлар катталашиши, киста ва оёқдаги шишлар пайдо бўлиши мумкин;

юракда оғриқлар шаклида юрак-қон томир аломатлари ҳам мавжуд;

шунингдек, тил ва лабда оч қизил рангда қизариш кузатилади.

Таъкидлаш лозимки, COVID-19 билан боғлиқ мулттизимли яллиғланиш синдроми (МВС) болаларда тарқалган касаллик ҳисобланмайди, бироқ айрим болаларда коронавирус инфекциясидан сўнг Кавасаки касаллигига ўхшаш клиник белгилар пайдо бўлиши мумкин ва касаллик юрак мушаклари яллиғланиши, юрак томирлари аневризми ривожланиши ва бошқа орган ва тизимлар шикастланиши белгилари билан оғир кечиши мумкин.

Сан-Антониодаги Техас университети тиббиёт фанлари маркази шифокори Алваро Морейронинг сўзларига кўра, тадқиқот давомида бутун дунёда 1 январдан 25 июлга қадар қайд этилган 662 нафар мулттизимли яллиғланиш синдроми бўлган болалар саломатлиги ўрганилди. Уларнинг аксариятида юрак шикастланиши кузатилган.

Шунингдек, болаларда Кавасаки касаллигида кузатиладиган юрак қон-томирлар кенгайиши ҳам қайд этилган. Тахминан 10% болаларда юрак томир аневризми кузатилган. Аневризм бўлган болалар саломатлиги энг кўп хавф остида.

Яна бир хулоса, мулттизимли синдром бўлган беморларнинг деярли ярми семизлик ва ортиқча вазндан азият чекишган.

Шунинг учун ҳам болаларда COVID-19ни олдини олиш чора-тадбирлари аввалгидай долзарб. Ушбу касалликни муваффақиятли даволаш учун эрта ташхислаш ва ўз вақтида муолажа қилиш муҳим ҳисобланади", дейди мутахассис.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?