ДУК тахмин қилади, МИБ ўрганмайди, оқибатда аҳоли жабр кўради... Қачонгача?!

12:23 04 Февраль 2019 Жамият
1045 0

Фото: муаллиф олган сурат.

Риштон туманининг “Мевазор” маҳалла фуқаролари йиғини, Зиёлилар кўчасида истиқомат қилувчи бир гуруҳ аҳоли Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш туман жамиятига шикоят аризаси билан мурожаат этди. Арзномада туман “Сувоқова” давлат унитар корхонаси томонидан ҳисобланган қарздорликдан аҳолининг норозилиги баён қилинганди.

Олиб борилган ўрганиш ишлари давомида “Сувоқова” ДУК томонидан ҳудуддаги мавжуд дренаж сувидан фойдаланилгани учун аҳолига қарздорлик ҳисобланиб келинаётганлиги аниқланди.

Фото: муаллиф олган сурат.

— Ҳудуддаги дренаж сувидан тегишли тартибда намуна олиниб, ичимлик учун истеъмолга яроқли ёки яроқсиз эканлигини билиш мақсадида туман давлат санитария-эпидемиология назорат марказига тақдим этдик, — дейди Риштон тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассиси Дилшоджон Йигиталиев. — Ичимлик сувининг қаттиқлик даражаси ўта юқорилиги, намуналарда ўтказилган таҳлиллар асосида сувнинг ичимлик суви ва давлат стандарти талабларига жавоб бера олмаслиги юзасидан хулосалар олинди. Қизиғи шундаки, “Сувоқова” ДУК томонидан Зиёлилар кўчасида яшовчи айрим фуқаролар билан ичимлик учун яроқсиз бўлган дренаж сувига ичимлик суви дея шартнома имзоланганлиги, шартнома тузмаган фуқаролар билан эса хонадонда яшовчи одам сони бўйича МФЙдан олинган реестр асосида корхона компьютер базасига киритилиб, шунга кўра ҳисобланган қарздорликларни ундириш бўйича Мажбурий ижро бюросига рўйхат тақдим қилинганлиги ҳам аён бўлди. Ваҳолонки, Зиёлилар кўчасидаги хонадонлар ичимлик суви қувурлари ёрилиб яроқсиз аҳволга келиб қолганлиги боис 10 йил аввал тармоқдан узиб қўйилган.

Қизиғи шундаки, Мажбурий ижро бюросида “Сувоқова” ДУК томонидан истеъмолчиларнинг қарздорликларини исботловчи ҳар қандай ҳужжатлар ўрганилганда, шу кунга қадар “Сувоқова” ДУКнинг тасдиқланган компьютер базаси мавжуд эмаслиги, фақатгина корхона томонидан тақдим этилган рўйхат асосида фуқароларга қарздорликни бартараф қилиш юзасидан талабномалар тарқатиб келинаётганлиги ойдинлашди. Шу билан бирга, Зиёлилар кўчасидаги ҳар бир хонадон узоқ йиллардан буён сув сақлаш иншоотлари — қудуқлар ёрдамида ичимлик сувидан баҳраманд бўлиб келяпти.

Мурожаатларни ўрганиш давомида тўпланган барча ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни 12 ва 21-моддалари талабларининг бузилиши сифатида баҳоланиб, мазкур Қонуннинг 29-моддаси тартибида Фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро судига даъво аризаси киритилди.

Фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро суди биносида ўтказилган очиқ суд мажлисида даъво аризаси кўриб чиқилиб, туман жамиятининг фуқаро А. Тожибоев ва бошқаларнинг манфаатларини кўзлаб, жавобгар Риштон тумани “Сувоқова” ДУКга нисбатан мансабдор шахс ҳатти-ҳаракатларини ғайриқонуний, деб топиш ҳақидаги даъво аризасини қаноатлантириш юзасидан ҳал қилув қарори чиқарилди. Фуқароларга ҳисобланган 3 миллион 65 минг 613 сўм қарздорлик бартараф этилиб, истеъмолчиларнинг поймол бўлган ҳуқуқлари тиклаб берилишига эришилди.

Хулоса ўрнида: Одил суд ўзининг хал қилув қарорини эълон қилди. Аҳолининг шикояти билан боғлиқ ноқонуний ҳолатга батафсил ойдинлик киритилди. Бироқ масаланинг бошқа томони бор: Риштон тумани “Сувоқова” ДУК томонидан тўловлар ноқонуний тарзда фуқаролар бўйнига қўйилмоқда. Аҳоли ҳамда “Сувоқова” ДУК билан тузилган шартномаларда ноаниқликлару чалкашликлар мавжуд. Тўловчиларнинг умумий базаси шакллантирилмаган. Мажбурий ижро бюросига эса кўр-кўрона, асоссиз тарзда — шунчаки тахминий талабномалар берилаётганлигини кузатдик. Ҳайронмиз, ташкилотнинг бутун бир фаолияти қонунбузарликлардан иборат бўлиб қолмаяптими?

“Томчида денгиз намоён”, дейди доно халқимиз. Шунинг учун ҳам юқорида қайд этилганидек ҳолатлар рўй бермоқда. Бизнингча, аҳолининг тўлов қобилияти ва маданиятини шакллантиришда, энг аввало, барча туманда “Сувоқова” ДУКнинг ўзини ислоҳ қилиш керак. Уларнинг фаолиятини имконият даражасида белгиланган тартибда қонунга мувофиқлаштириш зарур.

Риштон туманининг “Мевазор” МФЙдаги бир гуруҳ фуқаролар-ку ўз ҳақ-ҳуқуқларини англаб, тегишли идораларга мурожаат этганлар. Ўз ҳуқуқларини билмаган ёки шунчаки “бошоғриғи” керак эмас соддадил қишлоқ аҳолиси қанча? Улар билан шу кунгача баён қилинган воқелик каби ҳодисаларнинг қанчаси бўлиб ўтган экан? Буниси бизга қоронғи! Аммо бир нарса аён: ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тез фурсатларда Риштон тумани “Сувоқова” ДУК мисолида барча туманлардаги бу каби фаолиятларга қонуний баҳо берилиши керак.

Элёржон ЭҲСОНОВ (“Халқ сўзи”).


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019