Дронлар, спутниклар, космик суратлар, фазовий маълумотлар — янги қонун лойиҳаси нимаси билан аҳамиятли?

19:39 03 Сентябр 2020 Сиёсат
358 0

Бугунги кунда иқтисодиётнинг барча соҳаларида рақамлаштириш ва инновацион ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда географик ахборот тизимлари ва мобил иловалар шакллантирилмоқда ҳамда улар ёрдамида аҳолига ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари ва бошқа турдаги хизматлар кўрсатилмоқда. Хусусан, навигация хариталари, геопорталлар, интернет веб-сервисларнинг маълумотлар базаси фазовий маълумотлардан ташкил топган. Бунда космик суратлар, дронлардан олинган маълумотлар, хариталарда кўрсатилган ер, бино-иншоот, аҳоли пунктлари, саноат, қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий-маданий объектлар ҳамда улар тўғрисидаги қўшимча маълумотлар фазовий маълумотларнинг таркибий қисми ҳисобланади.

Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан иккинчи ўқишга тайёрланаётган «Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмаси тўғрисида»ги қонун лойиҳаси юқорида қайд этилган муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилгандир.

Қўмита ҳузурида тузилган ишчи гуруҳи йиғилишида депутатлар томонидан лойиҳада акс этган моддалар юзасидан турли хил фикрлар билдириб ўтилди. Бунинг ўзига хос сабаблари бор, албатта. Қонун лойиҳасининг пишиқ-пухталигини таъминлаш мақсадида қўмита аъзолари Давлат кадастрлари, геодезия ва картография миллий маркази фаолиятини ўргандилар, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари, соҳанинг мутахассис ва экспертлари билан бевосита мулоқотлар олиб бориб, уларнинг соҳага оид фикр ва мулоҳазалари билан танишдилар.

Депутатлар геофазовий маълумотлар базаларини яратиш ва улардан фойдаланиш жараёнларида ахборот хавфсизлиги талабларини кучайтиришга ҳамда давлатнинг мудофаа ва миллий хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича қатор ташаббусларни илгари суришди. Шу билан бирга, айрим моддалар халқ вакилларининг эътирозларига ҳам сабаб бўлмоқда. 

— Қонун лойиҳасида ваколатли давлат органига «Фазовий маълумотларни ишлаб чиқиш, янгилаш, ишлов бериш, сақлаш, тақдим этиш ва улардан фойдаланиш устидан назоратни амалга ошириш» ваколати таклиф этилган, — дейди қўмита аъзоси Дониёр Ғаниев. — Бугунги кунда мамлакатимизда фазовий маълумотлар ишлаб чиқиш, янгилаш ва тақдим этиш фаолияти билан асосан, янги IT стартаплари ва бошқа тадбиркорлик субъектлари шуғулланиши инобатга олинадиган бўлса, мазкур норма соҳада фаолият юритадиган бизнес вакиллари фаолиятига бюрократик тўсиқ яратиши мумкин. Қолаверса, бу мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларига берилаётган имконият ва имтиёзлар, уларнинг фаолияти устидан давлат органларининг назоратини чеклаш ҳамда эркин фаолият муҳитини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларга зиддир.

— Қонунчилик палатасида қонун лойиҳаларини тайёрлаш жараёнида уларнинг тўғридан-тўғри ишлашига жиддий эътибор қаратилади, — дейди қўмита аъзоси Шоҳиста Турғунова. — Қўмитамиз томонидан иккинчи ўқишга тайёрланаётган мазкур қонун лойиҳаси ҳам ҳаволаки нормалардан холи эмас. Хусусан, фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасини юритиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинадиган низом асосида белгиланиши кўзда тутилган. Низомдаги талабларни бевосита қонун лойиҳасида акс эттириш ва бу орқали қонуннинг амалиётда тўғридан-тўғри ишлашини таъминлаш мақсадга мувофиқдир.

— Бугунги кунда эркин бозор иқтисодиёти муҳитини яратиш, бозорда рақобатни таъминлаш, шунингдек, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган, — дейди қўмита аъзоси Бахтияр Маниязов. — Қонун лойиҳасида эса ваколатли давлат органи томонидан фазовий маълумотлар миллий инфратузилмаси масалалари бўйича нарх сиёсатини олиб боришни таъминлаш таклиф этилмоқда. Бу эса тўғридан-тўғри эркин бозор иқтисодиёти принципларига қарама-қарши бўлиб, амалдаги рақобат тўғрисидаги қонун талабларига ҳам тўғри келмайди. Қолаверса, нархларнинг давлат органи томонидан белгиланиши бозорда рақобатнинг сусайишига олиб келиб, соҳанинг ривожига салбий таъсир кўрсатади ҳамда коррупция ҳолатларига йўл очади.

Қўмита ҳузуридаги ишчи гуруҳ сиёсий партиялар фракциялари томонидан қонун лойиҳаси юзасидан берилаётган таклиф ва тавсияларни ўрганиб чиқмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?