Дўстлик кўприги мустаҳкамланмоқда

13:34 07 Август 2018 Жамият
157 0

Бугун эрта тонгдан Тошкентдан йўлга чиққан бир гуруҳ журналистлар икки республика ўртасидаги “Ойбек” постига етиб келишди. Уларни Тожикистон оммавий ахборот воситалари раҳбарлари, журналистлар, зиёлилар карнай-сурнай садолари остида кутиб олдилар.

Хўжанд шаҳридаги Матбуот қасрида журналистлар “Ҳақиқати Сўғд” “Согдийская правда”, “Сўғд ҳақиқати” газеталари таҳририяти фаолияти билан яқиндан танишишди, ўзаро фикр алмашилди.

— Бундай муносабатлар дўстлик кўпригини мустаҳкамлашга хизмат қилади, — деди “Ҳақиқати Сўғд” газетаси Бош муҳаррири Мухтор Абдуллаев. — Газетамиз 7500 нусхада чоп этилади. Бу йил нашримиз ташкил этилганига 87 йил тўлади. Ўтган давр мобайнида ижодкорлар мактаби сифатида таҳририятимизда тўпланган тажрибани ўзбек ҳамкасбларимиз билан алмашиш жуда мароқлидир.

— Отамнинг ўзбек ёзувчилари билан алоқаси мустаҳкам эди, — дейди тожик ва ўзбек тилларида бирдек ижод этиб, ажойиб асарлар ёзган таниқли ёзувчи Ҳожи Содиқнинг қизи Хуршида Содиқ. — Саид Аҳмаднинг отам таржима қилган “Келинлар қўзғолони” асари тожик театрлари саҳнасида бир неча марта қўйилиши ҳам бунинг яққол тасдиғидир.

Ўзбек журналистларини Тожикистон сафарига кузатиб қўяр экан, Тожикистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Содиқ Имомий бу учрашувлар конструктив тусда бўлишини таъкидлаб, ижодкорларга Тожикистон Республикасининг деярли барча ҳудудини автомобиль орқали айланиб чиқишни тавсия этди.

Ўзбек ва тожик журналистларининг Сўғд шаҳрида ўтказиладиган матбуот конференциясидан сўнг ижодкорлар мамлакат пойтахти Душанбе шаҳрига йўл олишади.

Шойим БЎТАЕВ.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар