"Дорихона наркоманияси" келтириб чиқарадиган таҳдидлар ҳақида маълумот етказиш учун ҳеч нима қилинмади​ми?

13:22 01 Июль 2020 Жамият
242 0

Исмат АЗИЗОВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш қўмитаси раиси:
 

— Дорихоналар тадбиркорлик субъекти ҳисоблангани учун улар фаолиятини тўғридан-тўғри назорат қилиш бўйича қонунчиликда чекловлар мавжуд. Лекин буни қайта кўриб чиқиш керак, деб ўйлайман. Чунки дорихоналарга эътибор қаратсак, уларга «дўкон»деб ёзиб қўйилган, бу — нотўғри. Дорихоналар дўкон эмас, тиббиёт муассасаси бўлиши, унда мутахассислар ишлаши лозим. Агар республикамизда мавжуд мутахассислар сонига дорихоналар сонини солиштирадиган бўлсак, бизда бунча мутахассис йўқ. Масалан, Тошкент фармацевтика институтида мустақилликнинг дастлабки йилларидан бугунга қадар 5 йўналишда 9 минг атрофида мутахассис тайёрланган бўлса, шундан 4 мингга яқини дорихоналар бўйича мутахассислар битиришган. Ўйлайманки, дорихоналарга эмас, мутахассисларга лицензия бериш амалиётига ўтиш лозим. Шундагина жавобгарлик масъулияти бўлади.

Никита МАКАРEНКО, журналист, блогер:
 

— Бир йил аввал «дорихона наркоманияси» муаммосини кўтариб чиққандик. Мен журналистик суриштирув ўтказганман, ўшандаёқ бу муаммо жамият ва аҳолининг барча қатламига таъсир ўтказувчи эпидемия эканини англаб етгандим. Ўтган вақт давомида маълум бир чоралар кўрилди, ҳуқуқ-тартибот органлари бунга қарши кураш олиб борди, баъзи гиёҳвандлик воситалари тақиқланди. Лекин эпидемия ҳали чекинмаганини афсус билан таъкидлашга мажбурман.

Нега бундай бўлмоқда? Биринчидан, бир йил давомида мазкур эпидемия кўлами қанчалиги ҳақида гапиришимизга имкон берадиган деярли ҳеч қандай тадқиқотлар олиб борилмади. Исталган курашни илмий-асосланган тадқиқотлар, ижтимоий сўровлардан бошлаш лозим. Иккинчидан, дорихоналарни амалий назорат қилиш ҳалигача йўлга қўйилмаган. Учинчидан, йил давомида ўқитувчилар ва ота-оналарга «дорихона наркоманияси» келтириб чиқарадиган таҳдидлар ҳақида маълумот етказиш учун ҳеч нима қилинмади. Ушбу масалалар устига гиёҳвандликка қарши курашиш кампанияни қуриш мумкин.

Шуҳрат ҒУЛОМОВ, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази бўлим бошлиғи:

— Маълум бўлган жиноятлар билан бирга биз ҳали кўрмаган гиёҳвандлар қанчадан-қанча. Буни жамоатчилик биздан кўра яхши билади.

Яна бир жиҳат борки, наркотикларнинг янги турлари, масалан, синтетик наркотиклар пайдо бўла бошлади. Ҳатто ёшларимиз орасида наркотик воситаларни уй шароитида тайёрлаб, истеъмол қилаётганлари ҳам бор. Уларнинг ота-оналари бундан охирги нуқтада хабар топяпти. Фурсатдан фойдаланиб, жамоатчиликни огоҳлантирмоқчиман: агар қаерда гиёҳвандлик билан боғлиқ ноқонуний хатти-ҳаракатларга гувоҳ бўлсангиз, бунга қарши курашиш биргина ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг вазифаси деб ўйламанг. Бу ҳар бир фуқаронинг бурчидир.

Ушбу фикрлар «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати томонидан ташкил этилган навбатдаги жамоатчилик мулоқоти билдириб ўтилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?