Дональд Трампга импичмент эълон қилинди

11:27 19 Декабрь 2019 Дунё
850 0

АҚШ Вакиллар палатаси президент Дональд Трампни ҳокимият ваколатларини суиистеъмол қилиш (Украина билан муносабатларда) ва Конгресс фаолиятига тўсқинлик қилишга уринишда айблаб, уни лавозимидан четлатиш учун овоз берди.

АҚШда импичмент эълон қилиш ҳуқуқи Конгрессда, уни амалга ошириш ёки оширмасликни ҳал қилиш эса Сенат ихтиёрида. Энди Трампнинг иши Сенатда кўриб чиқилади, бунга АҚШ Олий суди раиси раҳбарлик қилади, шу туфайли амалда Сенат суд ваколатларини бажаради.

Вакиллар палатасида демократлар кўпчиликни ташкил қилгани туфайли импичмент етарли овоз олиши тахмин қилинаётган эди ва бу ўзини оқлади. Сенатда эса кўпчилик республикачилар ва у ерда импичментни Сенатнинг 2/3 қисми қўллаб-қувватласагина ўтишини инобатга олиб, импичмент амалга ошмаслиги эҳтимоли юқори.

Сенатдаги жараёнга Вакиллар палатасига кўрсатма беришдан бош тортган амалдорлар келишга мажбур бўлади ва уларнинг кўрсатмалари вазиятни ўзгартириши мумкин. Аммо барибир импичмент Сенатдан ўтиши эҳтимоли жуда паст.

АҚШ тарихида шу пайтгача импичмент эълон қилинган икки президент - Эндрю Жонсон ва Билл Клинтон ҳам айнан Сенатдаги овозлар туфайли ўз лавозимида қолган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?