Дональд Трамп: Владимир Путин менинг дўстим эмас — мен уни яхши билмайман​

11:29 13 Июль 2018 Дунё
344 0
Фото: livejournal.com

АҚШ Президенти Дональд Трамп Россия Президенти Владимир Путин ўзи учун рақиб, аммо душман эмаслигини айтиб ўтди.

Бу ҳақда РБК хабар тарқатди. АҚШ Президенти тез орада Россия Президенти билан бўлиб ўтадиган учрашуви ҳақида журналист томонидан берилган саволга жавоб берар экан шундай деди. “У менинг дўстим эмас — мен уни яхши билмайман, аммо у менинг душманим ҳам эмас – у шунчаки Россия президенти”, — деган Доналд Трамп.

Айни чоғда Оқ уй раҳбари Путин билан эҳтимол дўст бўлиб қолиши мумкинлиги ҳақида гапириб, Россия президенти билан учрашув Европа бўйлаб ташрифи давомидаги энг енгили бўлишига умид билдирди. Трампнинг айтишича, бўлажак учрашувдан НАТО бўйича иттифоқчилар хурсанд бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 11-12 июль кунлари Брюссель шаҳрида ўтказилган НАТОнинг навбатдаги саммитида ушбу тузилма доирасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, мавжуд ички қарама-қаршиликлар ва муаммоларни ҳал этиш, мазкур ташкилотни молиявий қўллаб-қувватлаш ҳажмини ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Россия ва АҚШ раҳбарларининг учрашуви 16 июль куни Хельсинкида бўлиб ўтади. Владимир Путин ва Дональд Трамп икки томонлама ҳамкорлик, қуроллар устидан назорат, Суриядаги можаролар, шунингдек, Украинадаги вазиятни муҳокама қилади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар