Дональд Трамп ва Ким Чен Ин учрашувида Мун Чжэ Ин ҳам қатнашиши мумкин

15:04 06 Июнь 2018 Дунё
985 0
Фото: lavoz.com.ar

АҚШ ва КХДР вакиллари Сингапурда 12 июнь куни бўлиб ўтадиган икки давлат раҳбарлари ўртасидаги тарихий учрашувга тобора қизғин тайёргарлик кўраяпти.

Учрашув жойи ҳам аниқ бўлди. У Сентоса оролидаги Capella меҳмонхонасидир. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Сара Сандерс ўз твиттерида маълум қилди.

Ўз навбатида, кеча АҚШ ва КХДР вакиллари Корея ярим оролидаги Пханмунжом чегара пунктида навбатдаги ишчи учрашувини ўтказди. АҚШ делегациясига мамлакатнинг Филиппиндаги элчиси бошчилик қилган бўлса, Шимолий Корея вакилларини ушбу мамлакатнинг ядро муаммоси бўйича собиқ элчиси Чхве Сон Хи бошқарди. Шу пайтгача икки томонлама ишчи даражадаги музокараларнинг бешта раунди ўтказилган эди.

Дональд Трамп эса музокаралар чоғида қандайдир ҳужжатлар имзолаш ҳозирча режалаштирилмагани, икки томонлама мулоқотни нормаллаштириш истиқболлари фонида КХДРга нисбатан бундан буён максимал босим атамасини бошқа ишлатмаслигини билдирган.

Яна бир сўнгги янгиликларга кўра, мазкур саммитга кўп жиҳатдан унинг ташаббускори бўлган Жанубий Корея Президенти Мун Чжэ Ин ҳам қўшилиши мумкин.

Бироқ расмий Сеул бу борада берилган саволларга аниқ жавоб қайтармаяпти.

Аниғи шуки, Корея Республикасидан, қолаверса, Япониядан бир гуруҳ дипломатлар Дональд Трамп ва Ким Чен Ин учрашувини кузатиб бориш учун Сингапурга юборилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?