Дональд Трамп КХДР билан мулоқотни йўлга қўйишда ким катта ёрдам берганини маълум қилди

12:23 13 Июнь 2018 Дунё
1212 0
Фото: kordon.com.ua

АҚШ Президенти Дональд Трамп Fox News телеканалига берган интервьюсида КХДР билан мулоқотни йўлга қўйишда Хитой катта ёрдам берганини айтиб ўтди.

Ўз навбатида, у Пекиннинг мазкур йўналишдаги кўмаги охирги икки-уч ойда бироз камайганини ҳам билдирди. Трамп буни АҚШ ва ХХР ўртасида юзага келган савдо можаролари билан боғлади.

“Лекин ҳеч нима мени раис Си Цзиньпин билан муносабатларимга халақит бера олмайди. Уни жуда қаттиқ ҳурмат қиламан, у ажойиб инсон” – дейди АҚШ Президенти.

Трамп Сингапурда КХДР раҳбари Ким Чен Ин билан учрашуви чоғида Шимолий Корея хавфсизликни хоҳлаётганини яна бир бор тушуниб етганини айтиб, мазкур давлат бу мақсадига эришишини таъкидлаб ўтди.

АҚШ Президенти Ким Чен Ин ўз мамлакатини ривожлантириш салоҳиятини англаб этишни истаётгани ҳақида фикр билдирди.

Дональд Трамп КХДР жуда зўр географик жойлашувга эга эканлиги, Хитой ва Жанубий Корея ўртасида жойлашгани, океан билан ўралгани ҳақида тўхталар экан, “Бундан ортиғи бўлмайди” дея қўшимча қилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?