Долзарб мавзуларга бағишланган иккинчи давра суҳбати якунланди

16:00 29 Май 2020 Сиёсат
247 0

2020 йил 28 май куни БМТ Халқаро ҳуқуқ комиссияси томонидан кўриб чиқаётган долзарб мавзуларга бағишланган видеоконференция шаклидаги навбатдаги давра суҳбати ўтказилди, деб хабар берди ТИВ.

Видеоконференция Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети билан биргаликда ташкил этилди.

Унда давлат органлари ва илмий-академик доираларнинг 40 дан ортиқ мутахассислари, хусусан Ташқи ишлар вазирлиги, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат юридик университети, Юристлар малакасини ошириш маркази, Ўзбекистон халқаро ҳуқуқ ассоциацияси вакиллари ва бошқалар иштирок этдилар.

Давра суҳбатида иштирокчилар томонидан «Давлат мансабдор шахсларининг чет эл жиноий юрисдикциясидан иммунитети» ва «Ҳуқуқнинг умумий принциплари» мавзулари ҳамда ушбу мавзулар доирасида Халқаро ҳуқуқ комиссияси томонидан ишлаб чиқилаётган моддалар ва хулосалар лойиҳалари муҳокама қилинди.

Тадбир давомида экспертлар кўрсатилган мавзулар бўйича фаол мулоқот шаклида батафсил фикр ва мулоҳазалар билан алмашдилар, шунингдек, Комиссиянинг ишлаб чиқаётган ҳужжатлари юзасидан Ўзбекистоннинг мавқесига таклифлар тақдим этдилар.

Иштирокчилар томонидан ушбу турдаги давра суҳбатлари Ўзбекистон Республикасининг халқаро норма ижодкорлиги фаолиятидаги, шу билан бирга БМТ Бош Ассамблеяси Олтинчи (ҳуқуқий масалалар бўйича) қўмитаси доирасидаги иштирокини фаоллаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?