ДХХ Қарши шаҳрида учига чиққан фирибгарни ушлади

11:23 14 Сентябр 2020 Жамият
419 0

Айни кунларда мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари ўтказилаётган бир паллада Қашқадарё вилояти марказидаги оилавий поликлиникада «онколог» шифокор бўлиб ишлаш билан бир қаторда, Қарши давлат Университетида ўриндошлик асосида фаолият юритиб, талабаларга сабоқ бериб келган шахс алдов йўли билан ўзгаларнинг пул маблағини ўзлаштирмоқчи бўлди.

Мазкур фуқаро гўёки юқори лавозимда ишлайдиган танишлари борлигини рўкач қилиб, бир абитуриентни Қарши давлат университетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 5000 АҚШ доллари, иккинчи абитуриентни М.Ауэзов номидаги Жанубий Қозоғистон давлат Университетига ўқишга киритиб қўйиш учун 2000 АҚШ доллари, жами 7000 АҚШ доллари олган вақтида ДХХ Қашқадарё вилояти бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.

Таъкидлаш лозимки, муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жиноятлар содир этганлиги учун 2018 ва 2019 йилларда жиноят ишлари бўйича Қарши туман судининг ҳукми билан 2 маротаба судланган ушбу фуқаро ўз хатоларидан тўғри хулоса чиқармаган.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 168 ва 28,211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?