ДХА эвакуациядагиларнинг йўқотган ҳужжатларини тиклаб бермоқда

17:22 06 Май 2020 Жамият
443 0

“Халқ сўзи Online”. Аҳмадали Шерназаров/Сирдарё. Бугун Гулистон шаҳридаги Олимпия захиралари коллежи, Гулистон академик лицейи, Гулистон мусиқа ва санъат мактаб-интернати, Гулистон тиббиёт коллежи биноларига эвакуация қилинган фуқаролардан 60 нафарига такрорий гувоҳномалар топширилди деб хабар берди ДХА Сирдарё вилояти бошқармаси Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар шўъбаси.

— Шукрки, ҳеч кутилмаганда рўй берган бу балодан омон-эсон чиқдик , — дейди Оқолтин туманидаги “Навбаҳор” маҳалласида яшовчи Азиза Абдураҳмонова. — Шошилганда ўғлим Шоҳжаҳоннинг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномасини уйда қолдириб келибмиз. Аммо бу мушкулимиз тез ечилди. Давлат хизматлари агентлиги ходимлари келиб, биз билан бирма-бир суҳбатлашди, нима ҳужжатимиз қолди, нима йўқолди, ҳаммасини аниқлаб, рўйхат қилиб ёзиб олишди. “Сира хавотир бўлманглар, йўқолган ҳужжатларингизни тиклаб берамиз” дейишди. Мана бугун биз яшаб турган Гулистон Олимпия захиралари коллежи ётоқхонасига келиб, ўғлимнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси дубликатини топширишди. Давлат хизматлари агентлигининг беминнат хизматидан беҳад миннатдорман.
 

Дарҳақиқат, сув тошқини рўй берган куннинг эртасигаёқ Давлат хизматлари агентлиги Сирдарё вилояти бошқармаси, унинг туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказлари ва ФҲДЁ бўлимлари масъул ходимларидан иборат таркибда ишчи гуруҳлари тузилиб, улар томонидан Сардоба сув омбори тошқинидан зарар кўрган Cардоба, Оқолтин ва Мирзаобод тумани аҳолисининг яшаш шароитларини ўрганиш , фуқароларнинг туғилганлик, никоҳ ва бошқа ҳужжатларининг бутлиги, йўқолган бўлса, уларни тиклаш бўйича ҳаракатлар тезкор тарзда олиб борилди дейилади хабарда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, қайта тикланган ҳужжатлар ҳеч қандай тўловларсиз расмийлаштирилиб берилмоқда. Албатта, бу Сардоба сув омбори талафотидан жабрланган фуқароларга нисбатан давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик натижасидир. Йўқолган ҳужжатлари қайта тиклангач, уни қўлига олган халқимиз вакилларининг чеҳрасидаги қувонч келажакка бўлган умид ва ишончдан далолат бериб турибди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?