Диёр Имомхўжаев: “Бабаянга қўйилган айблар ўз тасдиғини топмаган”

22:10 06 Март 2019 Жамият
452 0

Фото: АОКАдан олинди.

Бугун Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзбек футболини ривожлантиришнинг бугунги ҳолати: ютуқ ва муаммолар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда Агентликнинг “Телеграмм”даги расмий каналида маълум қилинди.

Профессионал футбол лигаси бош директори ўринбосари Диёр Имомхўжаевнинг айтишича, болалар футболидаги энг катта муаммо — ёшни кичрайтириш билан боғлиқ: “Биз бунга қарши ҳуқуқ-тартибот идоралари билан биргаликда кураш олиб боришни режалаштиряпмиз. Болалар футболини ривожлантириш учун Испания ва Сербиядан мутахассислар келди. Биз яна бошқа футбол мактаблари тажрибасини ҳам ўргандик. Ҳозир Европада Германия, Осиёда Япония мактаби энг самарали концепцияга эга, дея баҳолаш мумкин”, дея айтиб ўтган у.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бугунги кунда мураббий шогирдининг ёшини кичрайтириб, бирор мусобақада ғолиб чиқишдан манфаатдор. Футболчининг профессионал футболда қай даражада ўйнаб кетиши эса иккинчи даражали масалага айланиб қолган. Агар ФИФА тизими йўлга қўйилса, мураббий шогирдини ёшини кичрайтиришдан эмас, балки уни профессионал футболчи қилиб тарбиялашдан кўпроқ манфаатдор бўлади.

Тадбирда “Локомотив” клубига маслаҳатчи сифатида ишга олинган Самвел Бабаян ҳақидаги саволга ҳам жавоб қайтарилди.

— Самвел Бабаян футболдан четлатилган вақтда унинг фаолияти ҳақида 10 мингдан ортиқ шикоят аризалари тушган ва унга кўплаб айблар қўйилган эди, — деди ПФЛ директори ўринбосари Диёр Имомхўжаев. — Аммо ўша айблар ўз тасдиғини топмади. Агар кимдир унинг айби борасида аниқ факт билан келса, унга қарши ҳозир ҳам иш очилаверади.

Ўзбекистон Миллий терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер билан матбуот анжумани март ойи ўрталарида бўлиб ўтиши айтилди. Терма жамоамизнинг 18 — 25 март кунлари Хитойда ўтказиладиган “China Cup” мусобақасидаги иштирокидан аввал ташкил этиладиган анжуманда таркиблар ҳам эълон қилинади.

Маълум қилинишича, футбол клубларига берилаётган бюджет маблағлари ЎФА ва ПФЛ томонидан мақсадли сарфланиши юзасидан назоратга олинади, молиявий “fair play” жорий этилади. Футболчиларни сотиш, чипталар, ҳомийлар ва бошқа маблағларни қандай тасарруф этиш клубларнинг ўзларига ҳавола қилинади. Мақсад — клубларда ўзларига зарур пулларни ўзлари ишлаб топиш кўникмасини шакллантириш.

Ўзбекистон Футбол ассоциацияси Футболни ривожлантириш департаменти директори Ўнгар Жалимов болалар футболида тарбияланувчилар ҳақидаги маълумотларнинг онлайн базасини яратиш истиқболи ҳақида фикр билдираркан, мазкур йўналишдаги амалий малакаларни қўшни давлатлар — Тожикистон ва Қирғизистондан ўрганишга чақирди.

— Тожикистонда ва Қирғизистонда ёш футболчиларнинг онлайн базаси бор, — деди Ўнгар Жалимов. — Биз бу тизимни ўзимизга олиб келишимиз керак. Ҳозир биз болаларнинг “паспорти” билан иш юритамиз. Бу жуда оғир. Биз одатда тажриба ўрганиш учун узоқдаги мамлакатларни танлаймиз. Аммо ҳозир ён қўшниларимиздан ўрганадиган нарсалар ҳам бор. Қўшни давлатлар федерациялари билан ҳамкорлик борасида меморандум имзолаганмиз. Келгусида мутахассисларимизни Қирғизистон ва Тожикистонга юборамиз.

Журналистларнинг Суперлига 1-туридан ўрин олган “Пахтакор” — “Локомотив” учрашувининг нега қолдирилгани ҳақидаги саволига Диёр Имомхўжаев ҳар икки жамоанинг илтимосига кўра шундай қарорга келинганини билдирди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019