Директор ўлдирилса, ўқитувчилар калтакланса, муаллималар изза қилинса... Мактабларда тарбия қандай аҳволга келиб қолди?!

16:59 23 Ноябрь 2018 Жамият
2732 0

Асли, бу ҳақда ёзиш ниятим йўқ эди...

Тўғри-да, сўнгги йиллар юртимизда ушбу касб эгаларининг азалий обрў ва нуфузи тобора тикланиб, мустаҳкамланиб, улар учун кўплаб имтиёз ва шароитлар яратилаётган, қўйингки, уларнинг косаси оқариб, кўксига офтоб тегиб турган, қолаверса, яқин-яқингача мажбурий меҳнатга кенг жалб этилган зиё тарқатувчилар эндиликда ўз номи ва мақомига хос тарзда эмин-эркин, ўзгача куч-ғайрат, шижоат билан ишлаётган, энг муҳими, давлатимизнинг катта эътибори уларга қаратилган бир пайтда мавзу ҳақида эътироф-у тасаннодан бошқа нима ҳам ёзиш мумкин?

Афсуски, доим танганинг икки томони бўлганки, ҳеч биридан кўз юмишнинг асло иложи йўқ. Қизиқувчанлик эмасми, одатга кўра, ҳар куни эрталабдан интернет сайтлари тарқатган ахборот ва янгиликлар билан танишарканман, кўнгилни ғаш қилган айрим хабарлар юқоридаги мавзу борасида жиддийроқ ўйлаб кўрмоқ, бошқаларни ҳам шунга чақирмоққа ундайди:

...Самарқанд вилояти Ургут тумани Бешёғоч қишлоғида 30 октябрь куни соат 22:30 атрофида шу қишлоқда яшовчи 1993 йилда туғилган М.М ва 1998 йилда туғилган Ш.М. 15-умумтаълим мактаби директори Анвар Юнусовга оғир тан жароҳати етказган. Ҳодиса оқибатида 1986 йилда туғилган Анвар Юнусов воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган...

...Шу йилнинг 27 октябрида пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги 236-мактабда нохуш воқеа рўй берди. Мактабнинг 11-“А” синфида таҳсил олаётган бир гуруҳ ўқувчилар тарих фани ўқитувчисини дўппослаган. Оқибатда ўқитувчи енгил тан жароҳати олишига сабаб бўлди.

...Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги 60-умумтаълим мактаби физика фани ўқитувчиси Д.Р. ўқувчи қизлардан бирига пўписа қилган-у, балога қолган. 10-синф ўқувчиси М.А. гўё синфдошининг ёнини олиб, муаллимни калтаклаган.

Халқ таълими вазирлиги масъул ходимлари ушбу воқеа ҳақиқатан содир бўлгани, тез фурсатда муаммо ижобий ҳал этилганини баён қилишган...

Педагогнинг шаъни, ҳурмати ва обрўсини топтайдиган бундай воқеалар кўнгилни оғритибгина қолмай, ҳар биримиз учун ҳаёт-мамот масаласи бўлган, кўпчилигимиз охирги пайтда жиловини ўз ҳолига ташлаб қўйган фарзандларимизнинг бугунги тарбиясидан асосли хавотир олишга мажбур этади.

Қайси даврда яшаяпмиз, ўзи, деган савол тинчлик бермайди кишига. Юртимизда ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол қилиб вояга етказиш йўлида олиб борилаётган салмоқли ишлар, наҳотки, тўлақонли натижа бермаяпти? Устозга қўл кўтаришдек гуноҳи азим одатий ҳол бўлиб қолдими?

Халқимизда “Устоз отангдек улуғ” деган мақол бор. Бу дегани – отангни қандай кўрсанг, уни қанча эъзозлаб, бошингга кўтарсанг, устозни ҳам шунчалик ардоқлашинг лозим. Қадимда ўз фарзандини устоз қўлига топширган отанинг ”Эти сизники, суяги бизники” деган илтифотли сўзлари моҳиятида ҳам боланинг чуқур илм олишидан кўра, устозга бўлган юксак ишонч, чексиз ҳурмат ва эҳтиром устун бўлган.

Бугун-чи? Бугун нима бўляпти?

Ота ўғлига битта оилани салкам ярим йил боқишга етадиган пулга уяли телефон олиб беряпти. Эвазига бола телефони орқали интернетга кириб, турли ножоиз сайтлар, каналлар ва гуруҳлардан миллий аҳлоқ меъёрларига зид видео ёки маълумотлар излаяпти. Оқибатда уни на илм-маърифат, на панд-насиҳат ўзгартиряпти, ўзига тортяпти. Ёки она тор шим, калта кўйлак кийган қизини “ўзимнинг фариштам”, дея эркалаяпти. Бунга жавобан, қиз кутубхонада ўтириб илм олишдан кўра супермаркет-у бозор айланишни афзал биляпти. Қайсидир оилада кунда-кунора ота уйига ичиб келган, жанжал кўтарган. Бошқа бир хонадонда она ўтган йили узатилган қизига бешик, куёвга бош-оёқ сарпо жўнатамиз, деб, эрига хархаша қилган. Азбаройи, зада бўлган фарзанд эса аламини мактабдан, яна кимсан – устоздан оляпти. Унинг бурнини қонатиб, гўё синфдошлари орасида “очко” оляпти. Энг ёмони, бу билан ўзини “давр қаҳрамони” ҳисоблаяпти. Оиладаги маънавий ҳаётнинг аҳволики, шунчалар абгор бўлгач, ҳали кўп нарсага ақли етмайдиган оддий мактаб ўқувчисидан яна нима кутиш мумкин?

Истаймизми-йўқми, ҳаётда кўп нарса оилавий муҳитга боғлиқ. Зиёли, маданиятли, фарзандлар келажагини ўйлаган оилада тарбия топган боланинг мактабда бирор ножўя хатти-ҳаракат содир этганини ким кўрган? Олма дарахти тагига олма тўкилгани каби бундай одамнинг фарзанди эгри кўчадан йироқ, ёмон кўздан панада, умрини кўча-кўйда санғиб ўтказадиган безори тенгдошларидан нари. Вақтини ҳамиша оила даврасида, илм муҳитида ўтказади улар.

Шу ўринда жорий йил октябрь ойи ўрталарида Қримнинг Керчь шаҳрида политехника коллежи ўқувчиси томонидан содир этилган даҳшатли қотиллик эсга тушади-ю, кўнгил баттар хижил тортади.

...Коллеж ўқувчиси Владилав Росляков уюштирган портлаш ва отишма оқибатида 16 нафар талаба, 5 нафар коллеж ходими ҳалок бўлган, 50 дан ортиқ киши жароҳатланган. Унинг қўлидаги қурол Туркияда ишлаб чиқарилган Khan Arms A-Tac Tactical pump автомати эканлиги маълум бўлган. Интернет фойдаланувчилари Росляковнинг ташқи кўриниши Колорадодаги “Колумбайн” мактабида оммавий қотиллик содир этган салбий қаҳрамонга жуда ўхшаб кетишига эътибор қаратишган.

Бунга интернетнинг алоқаси йўқ, “ўргимчак тўри” ҳам маънавий иммунитети бўш болага таъсир этади, дейсизми? Йўқ, шошилманг! Зеро, XXI асрга келиб, махсус гуруҳлар томонидан яратилаётган “замонавий” сайтлар ҳар қандай иммун тизимини издан чиқариш йўлида жон-жаҳди билан тиришмоқда.

Таъкидлаш лозим, сўнгги вақтда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли ўқитувчиларнинг ҳаёти ва фаолиятида кўплаб ижобий ўзгаришлар, янгиланишлар юз берди. Жумладан, ўқитувчиларни туман ва шаҳарлар ҳудудларини ободонлаштириш, мавсумий қишлоқ хўжалиги ва бошқа турдаги ишларга жалб этиш тақиқлангани катта янгилик бўлди. Эндиликда педагоглар касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган йиғилишларга ҳам жалб этилмайди.

Бир сўз билан айтганда, бугунги ўқитувчи жамиятнинг илғор қатламига айланиб бормоқда.

Хўш, давлатимиз томонидан ўқитувчилар обрў-эътиборини юксалтириш мақсадида шунча хайрли иш қилинаётган бир пайтда нима учун бошқалар, дейлик, маҳалла, оила, давлат ва жамоат ташкилотлари, асосан, томошабин бўлиб туришибди. Нега ҳар биримиз ўқитувчининг обрўси, шаъни, ҳурмат-иззатини ошириш ҳақида жиддий ўйламаяпмиз? Нега уларни она сути оғзидан кетмаган ўқувчига калтаклатиб, қўпол бўлса ҳам талатиб қўйяпмиз?

Хулоса ўрнида ибратли бир ривоят ёдга тушади. Имом Бухорий ҳазратлари Маккаи Мукаррамада таълим бераётган чоғ бир зиёратчи Бухородаги устозидан салом билан бирга, мактуб ҳам келтиради. Хабардан қувонган Имом Бухорий ўз юрти томон юзланиб, устози саломига алик олган ҳолда, ҳурмат бажо келтиради. Сўнгра мактубни икки қўллаб олиб, эҳтиром билан ўқийди.

Биз буюк аждодларимизнинг юксак инсоний фазилатларидан ўрнак олишни яхши кўрамиз. Бас, бу борада яна бир бор жиддий ўйлаб кўриш фурсати келди.

Тоҳир Шомуродов

ЎзА


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019