Дипломатлар Ўзбекистон фуқаросига фарзандини қайтаришда ёрдам кўрсатди

10:18 01 Февраль 2019 Жамият
493 0

Фото: "Дунё" АА.

Инсон ҳаётда турли кутилмаган ҳолатларга дуч келиши мумкин. Бегона мамлакатда эса бундай вазиятларга учраш эҳтимоли бир неча баробар юқори. Россия пойтахти Москва шаҳрида вақтинча истиқомат қилаётган Зуҳра Бобоқулова ҳам ўзи билмаган ва хоҳламаган ҳолда фарзанди — етти ойлик Искандаржондан айрилишига бир баҳя қолди. Аммо Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонаси вакиллари бунга йўл қўймади. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги тарқатган хабарда маълум қилинади.

Гап шундаки, 15 январь куни З. Бобоқулова ўз фарзанди билан вақтинча истиқомат қилаётган квартирани текшириш чоғида Москва полицияси ходимлари чақалоқнинг туғилганлигини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжати йўқлигини аниқлайди. Бундан ташқари, ватандошимизнинг яшаш жойидан рўйхатдан ўтиш муддати тугаган бўлиб, оқибатда полиция ходимлари унга 5000 рубль миқдорида жарима белгилайди. Ачинарлиси, тегишли ҳужжатлари бўлмагани сабабли Искандаржон онасидан олиб қўйилиб, у Г. Н. Сперанский номидаги Болалар шаҳар клиник касалхонасига жойлаштирилади.

Зуҳра Бобоқулова тушкун кайфиятда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси консуллик бўлимига ёрдам сўраб мурожаат қилади.

Олиб борилган амалий ишлар натижасида ватандошимиз фарзанди туғилганда туғуруқхонадан унинг таваллуди ҳақидаги тиббий маълумотномасини олмагани маълум бўлди. Мазкур маълумотномани расмийлаштириш учун фуқаро паспорти ва унинг рус тилига таржимаси зарур бўлиб, ватандошимиз ушбу ҳужжатларни тақдим эта олмаган экан. Бунинг устига, бир оз вақт ўтгач, чақалоқ туғилган туғуруқ бўлими бутунлай ёпилиб, бу тегишли ҳужжатлар олишни янада қийинлаштирди.

Ўн кун мобайнида консуллик бўлими ходимлари васийлик-қаров органлари, касалхона вакиллари билан бир неча маротаба учрашдилар, архивлардан ҳужжатларни қидирдилар. Ниҳоят, бир неча кун давом этган учрашувлар ва қидирувлардан сўнг архивдан Искандаржоннинг туғилганлиги ҳақидаги ҳужжатлари топилди. Сўнгра чақалоққа туғилганлиги ҳақидаги тиббий маълумотнома расмийлаштирилди. Бу ФҲДЁ органларида Искандаржон учун туғилганлик ҳақида гувоҳнома олиш имконини берди.

Барча ҳужжатларни тўплаб, элчихона ходимлари васийлик-қаров органлари вакиллари билан яна бир маротаба учрашиб, касалхона раҳбарияти номига гўдакни қайтариш тўғрисида талабнома расмийлаштирилишига эришдилар.

28 январь куни консуллик бўлими ходимлари Зуҳра Бобоқулова билан Г. Н. Сперанский номидаги Болалар шаҳар клиник касалхонасига бордилар. Барча зарур ҳужжатлар тақдим этилганидан сўнг бола онасига қайтариб берилди. Акс ҳолда, у Меҳрибонлик уйига топшириб юборилар эди.

— Фарзандимни бошқа кўрмайман, деб қўрққандим, — деди Зуҳра Бобоқулова “Дунё” ахборот агентлиги мухбири билан суҳбат чоғида. — Аммо элчихонамиз саъй-ҳаракати билан фарзандимни қайтариб олдим. Дипломатларимиз менга катта ёрдам кўрсатдилар, барча ҳужжатларни топиш ва расмийлаштириш, муаммоларни ҳал қилишда кўмаклашдилар. Мен ўзим ёпилиб кетган туғуруқ бўлимидан ҳеч қачон ҳужжатларни ололмасдим. Консуллик бўлими ходимлари бўлмаганида, ўғлимни болалар уйига бериб юборишарди.

Дипломатларнинг маълум қилишича, Зуҳра Бобоқулова ва унинг фарзандига Ўзбекистонга қайтиш тўғрисида сертификат расмийлаштирилди. Она-бола тез орада юртига, яқинлари ва қариндошлари бағрига қайтади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019