Diplomatic Magazine”: “Ўзбекистонда сайловлар халқаро талаблар асосида шаффоф бўлиб ўтади”

17:41 27 Ноябрь 2019 Сиёсат
287 0

Нидерландиянинг нуфузли “Diplomatic Magazine” журналида “Ўзбекистонда парламент сайловлари” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб ёзади “Дунё” АА.

“Ўзбекистонда 2019 йил 22 декабрь куни парламент сайловлари халқаро талаблар асосида шаффоф бўлиб ўтади. Улар июнь ойида қабул қилинган Сайлов кодексида инобатга олинган”, деб ёзади муаллиф.

Нашрда янги Сайлов кодексини ишлаб чиқишда 50 дан ортиқ мамлакат тажрибаси ўрганилгани, халқаро ташкилотлар, жумладан, ЕХҲТ ДИИҲБ, ШҲТ, МДҲ, Жаҳон сайлов органлари уюшмаси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби сайловларни кузатиш бўйича халқаро ташкилотлар миссиялари тавсиялари, Венеция комиссияси таклифлари, шунингдек, сайлов принциплари ва стандартлари кўриб чиқилгани келтириб ўтилган.

“Diplomatic Magazine” Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раисининг Сайлов кодекси Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилингани, у ўзида илгари мавжуд бўлган қарийб 30 та қонун ҳужжатини қамраб олгани ҳақидаги сўзларини келтириб ўтади.

Сайлов кодексига мувофиқ, эндиликда сайлов комиссиялари жисмоний ва юридик шахсларнинг сайлов ҳуқуқи бузилганлиги хусусида ўзига келиб тушган мурожаатларини кўриб чиқиш, улар бўйича текширувлар ўтказиш ва уч кунлик муддатда ёзма жавоблар бериш ваколатига эга.

Бундан ташқари, сайлов комиссиялари сайловга камида олти кун қолганида ёки овоз бериш куни келиб тушган мурожаатларни дарҳол кўриб чиқиб, жавоб қайтариши шарт.

Сайлов кодексига биноан, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жинояти учун озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган маҳкумларга сайловларда иштирок этишга қўйилган чеклов бекор қилинди.

“Мен сайловлар пайтида жамоатчилик назорати кучайтирилиши ва фуқаролик жамияти институтлари ваколатлари кенгайтирилишини таъкидлаб ўтмоқчиман. Ҳозирги кунда сиёсий партиялар билан бир қаторда маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари вакилларига ҳам сайловни кузатиш имконияти берилди. Бу сайлов жараёни шаффофлиги ва жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлигини ошириш имконини беради”, дея М. Абдусаломов сўзларидан иқтибос келтиради журнал.

Материалда Сайлов кодексида аёлларнинг сони сиёсий партиядан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида ўттиз фоизини ташкил этиши кераклиги ифодаланганига алоҳида эътибор қаратилган.

Нидерланд нашри айни пайтда Ўзбекистоннинг 20,5 млн. аҳолиси киритилган Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини бошланган сайлов кампаниясидаги муҳим янгиликлардан бири сифатида қайд этилган.

“Мазкур инновацион сайлов механизмини ишлаб чиқишда бу йўналишдаги халқаро тажриба ўрганилди. Парламент сайловларида бошқа ахборот технологияларини ҳам қўллаш режалаштириляпти. Сайлов округлари ва участкалари, комиссия аъзолари ҳақидаги кейинчалик МСК расмий сайтида бериладиган маълумотлар электрон базаси, барча даражадаги депутатликка номзодлар маълумотлари электрон базаси, сайлов округлари ва участкаларнинг интерактив картаси, расмий сайтлар ва ижтимоий тармоқлар шулар жумласидандир”, деб ёзади журнал МСК раисига асосланиб.

Мақола муаллифи 2019 йил 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси(парламент)га сайловлар сиёсий партияларнинг сезиларли даражада кучайган позициялари остида кечиши ҳақида ҳам тўхталиб ўтган.

“Бугун, Сайлов кодексига мувофиқ, фақат сиёсий партиялар парламент ва вакиллик органларига номзодларини илгари суриш ҳуқуқига эга”, дея М. Абдусаломов фикрини келтириб ўтади журнал.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайловларни қарийб 50 та давлат ва халқаро ташкилотлардан 600дан ортиқ кузатувчи мониторинг қилиб боради.

“Биз Америка, Европа, Осиё ва Африканинг қарийб 50 мамлакати, шунингдек, дунёдаги фаолияти сайлов кампаниялари ва сайловларнинг ўзини кузатиш билан боғлиқ бўлган барча халқаро ташкилотлардан 600дан ортиқ халқаро кузатувчи келишини кутяпмиз. Масалан, ЕХҲТ ДИИҲБ бўлажак сайловларга қарийб 300 нафар кузатувчисини юборишни режалаштирган”,дейди М.Абдусаломов.

“Diplomatic Magazine” Ўзбекистонда сайлов кампанияси ва бевосита овоз бериш кунида бирорта сайлов участкаси халқаро кузатувчилар учун ёпиқ бўлмаслигини эътироф этган.

Саиджон МАХСУМОВ тайёрлади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019