Дилларни дилларга, элларни элларга пайванд этаётган санъат

12:42 15 Июль 2020 Маданият
401 0

Бу йил Шаҳрисабз шаҳрида иккинчи бор Халқаро мақом санъати анжумани ўтказилади. 

Санъатим анда соз чалмоқ иши,

Билмайин мен каби ишини киши,

Илми адвору фанни мусиқий,

Мендин ул илм аҳли таҳқиқий.

Буюк мутафаккир шоир Алишер Навоийнинг “Сабъаи сайёр” достонидан келтирилган ушбу бандда мусиқанинг илоҳий садо, инсоният руҳиятининг озиғи, хуш кайфият улашувчи улуғ неъмат эканлигига ишора бор.

Дарҳақиқат, мусиқа — мўъжизакор олам. Айниқса, халқимизнинг ноёб маданий мероси — мақомларнинг тинглагувчига чексиз маънавий қудрат бахш этувчи сеҳрли кучи, юракларни сел қилувчи сири асрлар оша инсонларни ҳайратлантириб келади.

Бинобарин, мақом — чуқур мазмунга эга бўлган ва мураккаб қонун-қоидалар негизида юзага келган синкретик мукаммал мусиқий жанр. У оҳанг, сўз ва ҳаракатнинг гўзал уйғунлигини ифода этади. Ушбу миллий санъатимиз негизида фалсафа, илм, образ мужассамдир. Шу боис, мақом тингловчини дунёни теран идрок этишга, образлар, таассуротлар воситасида мукаммалликка интилишга ундайди.

Машойиқлар мақом санъатини улкан уммон деб таърифлайдилар. Қаърига шўнғийверсангиз, дуру гавҳарлар чиқиб келаверади. Қанчалик ундан баҳраманд бўлсангиз, шунчалик сир-синоатлари ўзини намоён этаверади.

Халқимизга бебаҳо бойлигини қайтарган муҳим ҳужжат

Ушбу ноёб санъатга муносабат турли даврларда турлича кечди. Халқимиз мақомлар билан ухлаб-уйғониб, эъзоз-эҳтиром этган замонлар ҳам, афсуски, “эскилик сарқити” сифатида қаралиб, уни авайлаб-асраш, ўрганиш ва ривожлантиришга эътиборсизлик кўрсатилган йиллар ҳам бўлди.

Шукрки, истиқлол қуёши миллий санъатимиз осмонини ҳам ёритди. Мақомларга муносабат ўзгарди. Турли фестиваллар, анжуманлар ташкил этилиб, ажодларимизнинг ушбу ноёб меросини ўрганишга, тарғиб этишга қулай шароит яратилди. Ўзбек мақомларининг янги тўлдирилган кўринишда замонавий талқинларини яратиш, чолғу ва ашула йўлларини аудио ва видеоларга ёзиб олиш ҳамда “Шашмақом” нота матнларининг замонавий намунасини шакллантириш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар илмий-маданий аҳамиятга эгалигини эътироф этиш лозим.

Юртимизда мақом ансамбллари, мақом жамоалари ташкил этилди, Ўзбекистон давлат консерваториясида шу йўналишда махсус кафедра фаолият кўрсата бошлади.

Шунга қарамай, миллий ўзлигимизни англаш, маданиятимизни ҳар томонлама ривожлантириш, халқимиз, аввало, ёш авлодимизни юксак инсоний туйғулар руҳида тарбиялаш, уларнинг эстетик диди ва тафаккурини шакллантиришда мақом санъатининг кенг имкониятларидан етарлича фойдаланилмай келаётганди.

Соҳадаги мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, ўзбек мақом санъатини чуқур ўрганиб, ўзига хос ижро мактаблари ва анъаналарни янги босқичда равнақ топтириш, унинг “олтин фонди”ни яратиш ва бойитиш, халқаро нуфузини ошириш ва кенг тарғиб қилиш мақсадида 2017 йил 17 ноябрда Президентимизнинг “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур ҳужжат ушбу санъатга доир чуқур илмий-назарий тадқиқотлар, ўқув-услубий адабиётлар яратиш, мақом устозлари, соҳа олимлари ва мутахассислари, иқтидорли ва истиқболли ёш ижрочилар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ишларини янада кучайтиришга туртки бўлди.

Ушбу қарор нафақат тарихга, балки халқимиз қалбига муҳрланди. Кейинги уч йилда мақомларга эътибор юксак босқичга кўтарилди, деб бемалол айта оламиз.

Устозларнинг интиқлик билан кутган орзуси амалга ошди. Ўзбек миллий мақом санъати маркази тузилди. Марказ зиммасига мақомларнинг азалий анъаналарини тиклаш юзасидан бир қатор вазифалар белгиланди.

Президентимиз қарори негизида, аввало, халқимизнинг маънавий бойлиги бўлган мақомнинг қадрини янада ошириш, мақом билимдонлари бўлган устозларни излаб топиш, ушбу санъат намуналаридан халқимизни баҳраманд қилиш, унинг тарбиявий томонларидан фойдаланиб, соғлом авлодни шакллантириш, келажакда улуғ мутафаккир, алломаларнинг янги авлодини тарбиялаш ғояси ўз аксини топган.

Ана шундай эзгу мақсад йўлида марказ томонидан аждодларимизнинг маданий бойлигини илмий тадқиқ этиш, уларнинг асл ҳолда ўзлаштирилиб, мукаммал устозона талқинларда тўлдирилган янги замонавий намуналарини яратиш, мақомларнинг нота намунаси, аудио ҳамда видео ёзувларининг янги авлодини халқимизга, илм, ижод аҳлига тақдим этиш каби долзарб ишлар амалга оширилмоқда.

Маълумки, мақом ижодиёти ва амалиёти азалдан оғзаки анъанага асосланган ҳамда устоз-шогирд қабилида ўзлаштириб келинган. Бу санъат намуналари йиллар давомида мусиқа билимдонлари, халқ бастакорлари томонидан яратилган. Демак, замонавий жараёнда таълим соҳасида мақомларга эътиборни мустаҳкамлаш, ўқув жараёнида ушбу санъат турига доир фанларни жорий қилиш орқали нафақат соҳада “Устоз-шогирд” анъаналарини ривожлантириш, балки ўсиб келаётган ёш авлодни мақом оҳанглари асосида тарбиялаш, миллий қадриятларни мустаҳкамлаш мумкин. Ушбу ғояни амалга ошириш бўйича марказ ходимлари “Устоз-шогирд” мактаби устозлари, барча ҳудуддаги мақомдон-устозлар, мусиқашунос олимлар билан бирга кенг кўламли саъй-ҳаракатлар олиб бормоқда.

Айтиш жоизки, мақом санъати — бу, аввало, илм. У бир неча асрлик тарихга, назарий ва амалий асосларга, шаклу шамоили, ижодиёти ва амалиётига, энг муҳими, буюк халқнинг миллий руҳиятини англатувчи оҳангига эгадир. Бу борада мақомлар халқимиз ўтмиш ҳаётининг улкан мусиқий қомуси, десак адашмаган бўламиз. Мақомларни ўрганиш махсус тайёргарликни талаб этади.

Тўғри, мақомнинг илм сифатида муайян тартибга асосланган назарий ва амалий қоидалари шаклланган. Масалан, фақатгина “Шашмақом”нинг таркибидан 300 га яқин тизимлашган куй ва ашулалар ўрин олган. Улар халқимизнинг ҳаёти, маънавияти ва руҳиятини ифодаловчи санъат намуналаридир. Ушбу бебаҳо меросни ҳаётимизга тўла татбиқ этиш эса муайян вақт, шароит, мутахассис талаб қилиши муқаррар. Бунинг учун юртимизнинг ҳар бир ҳудудида мавжуд мақомот намуналари ҳақидаги барча маълумотни тўплаш ва шунга асосланиб, уларнинг таълимини, амалиётини ва илмий ўзлаштириш мезонларини ишлаб чиқиш лозим. Шу нуқтаи назардан республикамизнинг ҳар бир вилоятида Намунавий мақом ансамбллари тузилди. Аввало, мақомларга меҳр қўйиб, уларни ўрганиш ва ўзлаштиришга бел боғланди. Янги ансамбллар олдига бой мусиқа меросимизни устозларга хос, ўтмиш анъаналари негизида ўзлаштириб, софлигича ижро этиш ва халқимизни мақом оҳангларидан баҳраманд қилиш каби масъулиятли вазифалар юкланди.

Мақомни тинглаш орқали ёшлар қалбига сингдириш боғча ёшидаги ўғил-қизлардан бошланди. Шунингдек, болалар мусиқа ва санъат мактабларида “Мақом алифбоси” фани жорий этилди.

Ўзбекистон давлат консерваториясининг “Мусиқий шарқшунослик” кафедраси негизида “Ўзбек мақоми тарихи ва назарияси” кафедраси ва факультет очилди. Вилоятлардаги педагогик олий таълим муассасаларининг мусиқий таълим йўналишларида мақом санъати махсус фан сифатида ўқитила бошланди.

Мумтоз мусиқа меросимиз намуналарини нотага олиш, мавжуд ёзувларни такомиллаштириш ва амалиётга жорий этиш, мақом санъатининг ижтимоий-тарихий илдизлари, илмий-назарий негизлари, миллий ва умумбашарий қадриятлар билан боғлиқ жиҳатлари юртимиз олимлари ва чет эллик мутахассислар иштирокида чуқур ўрганилмоқда.

Оммавий ахборот воситалари орқали мақом ҳақидаги маълумотларнинг ранг-баранг шакл ва кўринишда мунтазам тарғиб этилиши натижасида ёш авлод ўртасида мақом ижрочилигига қизиқиш кучайди. Энг муҳими, халқимизда мақом санъатига бўлган муносабат ўзгарди, ушбу мўътабар мусиқий мерос намуналарига эътибор ошди.

Мақом инсонга нима беради?

Мақомлар юксак бадиий ва эстетик имкониятларга эга бўлган халқ мусиқа ижодиёти меваси ҳисобланади. Асрлар давомида илмли ва билимли хонанда, созанда ва бастакорлар томонидан яратилиб келинган ушбу мумтоз санъат намуналари ўзининг мукаммаллиги, бадиий эстетик имкониятлар юқорилиги билан алоҳида аҳамият касб этади. Шарқ мамлакатларининг 12 тасида мақомот тизимига кирувчи худди шундай мусиқий асарлар мавжуд. Ўзбекистоннинг ўзида мақомларнинг 5 тури шаклланган: Бухоро “Шашмақом”и, Хоразм олти ярим мақомлари ва дутор мақомлари, Фарғона-Тошкент мақомлари, Сурнай мақом йўллари ва чолғу мақом туркумлари. “Шашқамом”нинг ҳар бир мақоми (“Бузрук”, “Рост”, “Наво”, “Дугоҳ”, “Сегоҳ”, “Ироқ”) таркибидан 40 дан 65 тагача куй ва ашулалар ўрин олган. Улар шаклан мутаносиб туркумли, ўзбек мумтоз адабиёти намояндаларининг ғазал ва муҳаммасларига, муайян лад ва усулларга асосланган. Мақом “Устоз-шогирд” анъанасида сабоқ олган, моҳир, билимли, тарбияли овоз соҳиблари томонидан ижро этиб келинган.

Хўш, мақом инсонга нима беради?

Мусиқа инсоният учун берилган илоҳий неъмат. Инсон ушбу ноёб санъат орқали ўзини кўриши, оламни тасаввур этиши, тарбия олиши, ўз фикр-туйғуларини акс эттириши, сабоқ бериши, бошқариши, даволаниши мумкин. Шу маънода, мақом шунчаки ҳордиқ чиқариш учун тингланадиган оҳанг эмас. Теран англанса, у — тарих, у — анъана, у — қадрият, у — маънавият, у — маърифат, у — тарбия, у — орзу, у — муҳаббат, у — дўст. Ким нимани хоҳласа, истаганини топадиган сирли мўъжизалар дунёсидир. Фақат унга шайдо бўлиш керак, у билан яшаш керак, ҳаётига уни ошно қилиб, фаолиятини у билан мунтазам суғориб туриши лозим. Шундагина унинг сирли дунёсини англаймиз, сеҳрли ва мўъжизавий таъсирини сезамиз ва шу орқали ўзимизни ҳам ҳар доим тетик, бардам, бақувват ҳис этамиз. Ҳаётнинг бебаҳо неъмат эканлигини, гўзаллик ва ижодиётнинг мислсиз қудратини англаб яшаймиз.

Президентимиз таъкидлаганидек, агар биз асл, ҳақиқий санъатни билмоқчи, ўрганмоқчи бўлсак, аввало, мумтоз мақом санъатини билишимиз, ўрганишимиз керак.

Агар биз санъатни, маданиятни кўтармоқчи бўлсак, аввало, мумтоз мақом санъатини кўтаришимиз керак.

Шукрки, мақомчилар элимизнинг назарида, эъзозида бўлиб, доимо ардоқлаб келинган. Уларнинг номлари ҳамда ижодлари тарих зарварақларига битилган. Бунинг замирида эса бир умрлик меҳнат, мероснинг ардоғи, машойиқлар ҳикмати, устозлар ҳурмати, касбга садоқат, шогирдларга меҳр, халқимизга саховат, ҳаёт ва фаолиятда эса тавозеъ каби бир қатор шарафли, лекин машаққатли омиллар ўз инъикосини топган.

Демак, мақом инсониятга руҳий озуқа, қувват, хуш кайфият, ижодий илҳом, шижоат бахш этади. Шу боис киши мумтоз оҳанглар садосига мафтун бўлади. Ҳазрат Навоий таъбири билан айтганда: “Шодлик оширувчи хонанда: ғамни тарқатувчи созанда... кўнгил хуш оҳангдан қувват, руҳ эса хуш овоздан озуқ олади... ўзи чалиб, ўзи куйласа, кўнгил мулкига қўзғолон солади”.

Ўзбек ҳофизлик санъати бир қатор дилбар, хуш овозли, билимли, ибратли хонандаларига эгадир. Улар, аввало, авлодлар орасида кўприк, маънавият бобида кўзгу, замон учун ибратли ҳофиз, ёш авлод учун устоз, мусиқа меросимизга нисбатан сақловчи ва ўтказувчилардир. Халқимиз Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов, Мулла Тўйчи Тошмуҳамедов, Ҳамроқул қори, Маматбува Сатторов, Юнус Ражабий, Домла Ҳалим Ибодов, Ҳожихон Болтаев, Мадраҳим Шерозий, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Очилхон Отахонов, Орифхон Ҳотамов каби замонасининг билимдон ва бетакрор овоз соҳибларини доимо эъзозлаб келадилар. Сабаби улар қадриятлар кўринишида халқимизнинг неча асрлик маънавиятида муҳрланган азалий анъаналарини соф ҳолатида авлодларга етказиб келганлар.

Ғурурбахш нафосат байрами

Одатда тил ҳар қандай миллатнинг борлигини англатса, унинг маданияти, маънавияти жаҳон тамаддунидаги ўрнини намоён этади. Бу борада ўзбек халқининг ибратли маънавий дунёси ҳамда мумтоз мусиқа меросига дунё аҳли алоҳида ҳурмат-эътибор билан қарайди.

Шу боис юртимизда мусиқа санъати, хусусан, мақомчилик ривожига алоҳида эътибор берилмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан ўлмас санъатимизни халқаро миқёсга олиб чиқиш, унинг сирли дунёсидан умумбашарият аҳлини ҳам баҳраманд этиш ҳамда жаҳоннинг энг сара ашулачиларини юртимизга таклиф этиб халқимиз эътиборига ҳавола қилиш мақсадида мақом санъати бўйича халқаро анжуман таъсис этилди. 2018 йилнинг 6-10 сентябрь кунлари Шаҳрисабз шаҳрида I Халқаро мақом санъати анжумани ўтказилди ва ушбу нуфузли тадбирни ҳар икки йилда мунтазам ташкил этиш кўзда тутилди.

Дунёдаги халқларнинг ўзаро маданий алоқада бўлиб келиши — бу ҳаёт қонуниятидир. Айниқса, элу элатлар ўртасидаги маданий-маънавий муносабатлар, турли кўринишдаги алоқалар бир-бирига бўлган таъсирий омилларни юзага келтиради. Бу эса ўз-ўзидан халқлар маданиятидаги умумийлик жиҳатларининг юзага келишига асос бўлиб, тарих давомида ўзига хос анъанага айланган. Шу боис халқаро миқёсда мақом санъати байрамининг ўтказилиши ана шу умумбашарият миқёсида унутилиб бораётган анъанани таклаш учун хизмат қилиши шубҳасиз.

Шаҳрисабзда ўтган биринчи Халқаро мақом санъати анжуманининг илиқ хотиралари, шукуҳи ҳали ҳам иштирокчилар қалбидан аригани йўқ, десак, адашмаган бўламиз. Республикамиз санъат аҳли, мумтоз мусиқа мухлислари, қолаверса, ўзбек миллий мақом санъатига астойидил қизиқиш билдирган ўзга юртлар санъат ихлосмандлари, мусиқашунос олимлар томонидан ушбу кенг кўламли тадбирнинг кўтаринки руҳда ташкил этилгани миллий ва жаҳон оммавий ахборот воситаларида эътироф этилмоқда.

Зотан, бунга тўла асослар бор. Биринчидан, илк бор бундай нуфузли анжуманнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан таъсис этилиши ва ўтказилиши санъат аҳлининг ҳайратига сабаб бўлди. Нуфузли тадбирнинг очилишида Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, нутқ сўзлади. Мамлакатимизда биринчи бор ташкил қилинган ушбу санъат байрамида дунёнинг 73 давлатидан 300 га яқин иштирокчилар ва меҳмонлар қатнашди. Уларнинг орасида нафақат ўз юртида, балки жаҳон миқёсида ҳам машҳур бўлган хонанда ва созандалар, маданият ва санъат арбоблари, мусиқашунос олимлар бор эди.

Иккинчидан, кўҳна ва навқирон, улуғ алломалар, жумладан, соҳибқирон таваллуд топган юртнинг бетакрор кўрки, табиати, меҳмондўст халқимизнинг муносабатлари анжуман қатнашчиларида илиқ таассурот қолдирди. Масалан, Миср Араб Республикасидан ташриф буюрган мусиқашунос олим доктор Ашраф Абдаль Раҳмон “Миср эҳромлари бизнинг юртимизнинг фахри, лекин Ўзбекистонда фахрланишга арзийдиган ўзбек халқининг маданий мероси кўп экан. Бу мақом санъати, тарихий обидалар ва энг муҳими, ўзбек халқининг олижаноб миллий урф-одатларидир”, дея эътироф этди.

Учинчидан, ушбу анжуман сабаб иштирокчилар нафақат хуш наволардан баҳраманд бўлдилар, балки илм аҳли, санъатшунослар мақомнинг умумбашарий назарий ва амалий муаммоларини илмий нуқтаи назардан тадқиқ этдилар. Тадбир доирасида ўтказилган “Мақом мусиқа санъати ва унинг жаҳон цивилизациясида тутган ўрни” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция бунга имконият яратди.

Мақомшунос олимлар ўз мақомот тизимлари ҳақида илмий қарашларини ўртоқлашар эканлар, ўзбек мақомларининг жозибадорлиги, сирли таркибий тузилмалари, чолғуларга бойлиги ва ижрочилик маҳоратлари тўғрисида илиқ мулоҳазалар билдирдилар.

Аҳамиятлиси, миллий қадриятларимиз, халқимиз маънавиятининг оҳангларда акс этган қомуси сифатида илк бор мақомлар бутун дунёга тараннум этилди. 30 га яқин мамлакатлардан ташриф буюрган мақомот ижрочилари анжуман танловида иштирок этди. Қардош тожикистонлик мақомчилар танловнинг Гран-При мукофотига сазовор бўлди. Ушбу нафосат байрами халқимизга чексиз ғурур бахш этиш билан бирга, Ўзбекистон маданияти ва санъати довруғини дунёга ёйишга кенг имконият яратди.

 

Навбатдаги анжуманга тайёргарлик ишлари қизғин

Давлатимиз раҳбари ушбу оламшумул анжуманнинг нашидаси дунё бўйлаб авж олаётган бир пайтда мақом санъатининг илмий асосларини ўрганиш, азалий ва замонавий намуналаридан умумжаҳон халқларини баҳраманд этиш, Шарқ халқлари мақомотининг гўзал анъаналари ва моҳир мақом санъати намояндалари ижодини янада мукаммал ўрганиб, тарғиб қилиш мақсадида “II Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказишга тайёргарлик кўриш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишни имзолади. Бу мақом устозлари, ижрочилари, ушбу нодир санъатнинг ривожида фаолият олиб бораётган ҳар бир кишига катта қувонч ҳамда янги илҳом бағишлади.

Иккинчи анжуманни аввалгисидан ҳам юксак савияда ташкил этиш масъулияти нақадар улканлиги фармойишда кўзланган вазифаларда ўз ифодасини топган.

Айни пайтда мазкур ҳужжат асосида тадбирга тайёргарлик ишлари қизғин давом этмоқда. Бунга бутун Ўзбекистондан мутахассислар жалб этилиб, ҳар бир ҳудуд вакиллари ўзларининг ўзига хос локал услубларини санъатнинг барча соҳаларида намойиш этиш учун илк намуналарни муҳокамага тавсия қиляпти. Айниқса, икки йил давомида мақом намуналарини муайян даражада ўзлаштирган вилоятлардаги Намунавий мақом ансамбллари мақом санъатининг сирли дунёсини ўзига хос талқинларда бутун дунёга тараннум этиш учун тайёргарлик қилмоқдалар.

Нуфузли тадбирга республика ва жаҳон миқёсида муносиб мақомшунос олимлар ва мақомот ижрочиларини жалб этишга катта эътибор қаратилмоқда. Ҳудудларда мақом ансамблларининг концерт дастурлари, ёш ижрочилар ўртасида “Ёш мақом ижрочилари”, бастакорлар ўртасида “Мақом йўлида яратилган энг яхши асар” номинациялари бўйича республика танловлари ташкил этилиб, таниқли мақомшунос олимлар, тажрибали мақом ижрочилари иштирокида ижодий учрашувлар ва маҳорат дарслари ўтказиляпти.

Шаҳрисабз шаҳри аҳолиси бугунги кунда Халқаро мақом анжумани ҳавоси билан нафас олмоқда, десак янглишмаймиз. Бундан ташқари, ушбу санъат байрамида республикамизнинг ҳар бир ҳудудининг тарихи ва маданияти ҳам намойиш этилади. Шу билан бирга, ҳудудга мос таомлар турларини тайёрлаш ва бундан меҳмонларнинг баҳраманд бўлиши таъминланади.

Оқсарой атрофидаги майдонлар, ҳудудлар кесимида тақсимланиб, миллий анъана ва қадриятларимизни акс эттирувчи сценарий ва дастурлар лавҳалари устида иш олиб борилмоқда. Саҳна декорацияси ва майдонни ободонлаштириш ишлари авжида.

Анжуман доирасида уюштириладиган илмий конференцияни “Мақом санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзусига бағишлаш ва унга хорижий ҳамда маҳаллий мусиқашунос олимларни, таниқли санъаткорлар, етук мутахассислар, фахрий меҳмонларни жалб этиш яхши натижалар беришига умид боғланмоқда.

Шаҳрисабз шаҳридаги Мақом музейини ушбу санъатга оид тарихий, илмий-ижодий манбалар, қадимий ва замонавий чолғу асбоблари ва бошқа янги экспонатлар билан бойитиш чоралари кўриляпти.

Бу борадаги барча ишлар нуфузли тадбирни юқори савияда ташкил этиш билан бирга, жаҳон ҳамжамиятида мақом санъати нуфузини янада оширишга хизмат қилади.

Ёрқин уфқларни кўзлаган янги ташаббуслар

Давлатимиз раҳбарининг мақом санъатининг ривожлантириш борасидаги ғоясининг навбатдаги босқичи сифатида мақом ижрочилиги, халқ мусиқаси йўналишлари бўйича кадрлар тайёрловчи Маданият вазирлиги тизимидаги олий таълим муассасаси шаклида Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ташкил этилди.

Мазкур олий таълим даргоҳи ёш ижрочиларни тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга. Зеро, юксак маҳорат маҳсули бўлган садо тингловчи қалбида из қолдиради, завқ уйғотади, уни мана шу лаззатли ҳолатга қайтадан интилишга чорлайди. Агар оҳангдан таъсирланса, тингловчида унга нисбатан иштиёқ кучаяди. Шубҳасиз, бу беқиёс қудратдир ва тингловчини бунга ундайдиган жараён, албатта, маҳорат билан қилинган ижродир.

Ижрочилик — бу жонли жараён. У доимо ҳаракатда. Ижрочиликдаги ана шу ҳаракат — софлик, аниқлик, бадиийлик, бадиҳавийлик, эҳтирослилик, гўзаллик, дардлилик, сайқаллилик, жозибалилик ижодий муносабатларнинг гўзал уйғунлигида акс этади. Ижрочиликда мусиқий чолғулар асосий тараннум воситасидир. Бу борада дунё миқёсида чолғуларга энг бой халқлардан биримиз. Одатда чолғулар — халқ ва миллат маънавияти ҳамда руҳиятини садоларда акс этувчи асбобдир. Ҳар бир чолғунинг таровати ўзгача. Ўтмиш алломалари, дард аҳли, маънавият пешволари уларнинг ҳар бирини алоҳида таърифлаган. Шулар қаторида шоир Фурқат:

Гоҳи қонун, гоҳи ғижжак, гоҳ дутор истар кўнгул,

Дўстлар, айшу тараб, фасли баҳор истар кўнгул,

деб мусиқа асбобларининг сирли қудратини гўзал таърифласа,

Мен дутор бирлан туғишган, кўҳна бир девонаман,

Ул туғишгоним билан бир ўтда доим ёнаман,

дея шоир Чўлпон созлар ўз дарддошига айланганини ифодалайди.

Буюк соҳибқирон Амир Темур даврида мусиқий чолғулар нафақат маънавиятимизни оҳанглар орқали тараннум этувчи восита, балки ҳарбий матонат, шижоат нишони, жангчиларнинг табақа ва мартабаларини кўрсатувчи ҳарбий даража белгиси сифатида ҳам қадрланиб келинган. Бу борада “Темур тузуклари”да қуйидагича баён этилган:

“Амр қилдимки, ўн икки катта амирларнинг ҳар бирига битта байроқ ва бир нағора берилсин. Амир ул умарога байроқ ва нағора, туман туғи ва чортуғ тақдим этсинлар. Мингбошига эса бир туғ ва карнай берсинлар. Юзбоши ва ўнбошига биттадан катта нағора берсинлар. Аймоқларнинг амирларига бўлса биттадан бурғу тақдим этсинлар. Тўрт бегларбегининг ҳар бирига биттадан байроқ, нағора, чортуғ ва бурғу берсинлар”.

Ушбу тарихий фактлар халқимиз қадимдан мусиқий билими бор, бирор созни чала оладиган инсонларга алоҳида ҳурмат билан қараганини исботлайди.

Шу боис Президентимизнинг яқинда Наманган вилоятига ташрифи чоғида келажак эгалари бўлмиш ёшларнинг айнан мусиқий чолғу ижрочилигига доир билим ва салоҳиятини янада юксалтиришга қаратилган таклифлари юртдошларимиз томонидан кўтаринки руҳда кутиб олинди. Ушбу ташаббус замирида ҳар бир инсон ўз ҳаётида оҳанг сеҳрини туйсин, созларни садолантириб, унинг бетакрор унларини фахр билан таратсин деган олий мақсад мужассамдир. Зеро, ҳар қандай ижоднинг ўз шакли, ҳусну таровати ва, албатта, завқи бўлиши муқаррар. Мусиқа садоларида инсонга энг гўзал онларни ҳадя этиш имконияти кўпроқ. Санъатга ошуфта инсон қалбида эса эзгуликка хизмат қилиш туйғуси доимо устундир.

Президентимиз таъбири билан айтганда, бугунги замонда барча эзгу ниятли инсонларни бирлаштириш, ёшларни юксак гуманистик идеаллар руҳида тарбиялашда мусиқа санъатининг ўрни ва аҳамиятини ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайди.

Юртбошимизнинг ёш авлодни санъатга ошно этишга қаратилган навбатдаги ташаббуси мамлакатимизда мақом санъатини янада ривожлантириш борасида ҳам янги уфқларни очади. Зотан, бугун мусиқа сирларини қунт билан ўрганаётган ёш иқтидор соҳибларидан келгусида халқимизнинг ноёб маданий хазинасини янада бойитадиган, унинг обрў-эътиборини бунданда оширадиган истеъдодли мақом усталари, санъатшунослар етишиб чиқишига ишончимиз комил.

Мақомларни мукаммал ва гўзал ижроларда тингловчисига етказиш кўнгилларни сурурга тўлдиради. Инсонларга қувонч, эзгулик улашиш эса катта савоб. Бу йил Ватанимизнинг гўзал ошиёнларидан бири — Шаҳрисабзда иккинчи Халқаро мақом санъати анжумани иштирокчиларида ана шундай хайрли ишни амалга ошириш имконияти бор. Умид қиламизки, мамлакатимизда янграган хуш наволар дунё бўйлаб таралиб, миллионлаб қалбларда эзгулик уруғларини кўкартиради. 

Эзгу ниятлар билан бошланган кори амалларимизга Яратганнинг ўзи мадад берсин!

Соибжон БЕГМАТОВ,
Ўзбек миллий мақом санъати маркази бош директори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?