Депутатлик ваколатини амалга оширишга тўсқинлик қилган мансабдор шахс қонун олдида жавоб беради

12:09 10 Апрель 2019 Жамият
548 0

Олий Мажлиснинг давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан самарали парламент назоратини амалга ошириш, қабул қилинаётган қонунлар, муҳим ижтимоий-сиёсий, иқтисодий аҳамиятга эга давлат дастурларининг ижросини сўзсиз таъминлашга қаратилган ишлари сезиларли даражада фаоллашмоқда.

Марказда ҳам, маҳаллий Кенгашларда депутатлар маҳаллий бюджетни тасдиқлаш, унинг ижросини назорат қилишдан тортиб, ҳудуддаги энг долзарб масалаларни ҳам бевосита халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар сессияларида кўриб чиқиб, ҳал этмоқда. Сессияларда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари, ички ишлар, соғлиқни сақлаш, таълим каби муҳим соҳа раҳбарларининг ҳисоботларини доимий равишда эшитиш амалиёти кенг йўлга қўйилди. Буларнинг барчаси депутатлик корпусининг фаолиятини тубдан ўзгартириб, қонунчиликда белгиланган ваколатлардан унумли фойдаланиш самарадорлигини ошираётир.

Бироқ амалиёт депутатлик корпуси вакиллари ­тў­лақонли фаолият олиб боришига тўсқинлик қилувчи айрим омиллар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган давра суҳбатида шу хусусда сўз юритилиб, депутатлик ва сенаторлик фаолияти кафолатларининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Унда депутатлар, Сенат аъзолари, сиёсий партиялар фаоллари, Олий суд вакиллари ҳамда журналистлар қатнашди.

Қайд этилганидек, парламент назоратининг муҳим институтларидан ҳисобланган депутат сўрови ва сенатор сўрови институтидан фойдаланиш, унинг кафолатларини янада мустаҳкамлаш билан боғлиқ ташкилий-ҳуқуқий масалалар борасида муаммолар бор. Масалан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 193-моддасига мувофиқ, мансабдор шахслар томонидан депутатлар ҳамда сенаторлар олдидаги ўз вазифаларини бажармаслик, уларнинг ишига тўсқинлик қилиш, уларга атайлаб сохта маълумот бериш, депутатлик ва сенаторлик фаолиятининг кафолатларини бузиш, худди шунингдек, мансабдор шахслар томонидан парламент сўровини, депутат сўрови, сенатор сўровини кўриб чиқмасдан қолдириш ёки уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш ёхуд улар юзасидан била ­туриб нотўғри маълумотларни қасддан тақдим этиш учун жавобгарлик белгиланган. Аммо бу борадаги ўрганишлар ушбу жавобгарлик чоралари амалиётда деярли қўлланилмасдан келинаётганини кўрсатмоқда. Буни 2017-2018 йиллар давомида маъмурий судлар томонидан айни йўналишда атиги 12 та иш кўрилгани ҳам тасдиқлайди. Ваҳолонки, шу йилларда республикамиз бўйича барча даражадаги депутатлик корпуси аъзолари томонидан мансабдор шахсларга жами 62 минг 714 та депутатлик сўрови юборилган бўлиб, улардан 4499 тасининг кўриб чиқиш муддати узрли сабабларсиз бузилган, 2956 таси эса умуман кўриб чиқилмасдан қолдирилган.

Давра суҳбатида депутат сўрови ва сенатор сўровига мансабдор шахслар томонидан вақтида ёки умуман жавоб қайтармаслик ҳолатларига доир аниқ мисоллар келтирилиб, бунга сабаб бўлаётган омиллар таҳлил қилинди, қонунчиликдаги бўшлиқлар ҳамда уни такомиллаштириш масалалари муҳокама этилди.

— Кейинги йилларда барча даражадаги депутатлар фаоллиги кузатилаётган бўлса-да, депутатлик фаолияти самарадорлигини ошириш йўлида ҳали қатор тўсиқлар мавжуд, — дейди Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, Олий Мажлис Сенати аъзоси ­Мақсуда Ворисова. — Чунончи, аксарият депутат сўровларига мансабдор шахслар томонидан вақтида жавоб қайтарилмайди, айрим ҳолатларда эса умуман жавоб берилмаётганини кузатяпмиз. Масалан, ХДПнинг маҳаллий Кенгашлардаги депутатлари томонидан 2017-2018 йилларда мансабдор шахслар номига жами 13933 та депутат сўрови юборилган бўлиб, уларни кўриб чиқмасдан қолдириш ҳолатлари 1227 тани, кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш ҳолатлари эса 1078 тани ташкил этган. Президентимиз айтганидек, қонунчилигимизга бу борадаги жавобгарликни янада кучайтиришни назарда тутувчи тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш лозим.

“Миллий тикланиш” демо­кратик партиясининг пар­ламент қуйи палатасидаги фракцияси аъзоси Жаҳонгир Шириновнинг таъкидлашича, депутатлик корпуси аъзолари маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома тузиш ҳуқуқига эга эмас. Шу боис депутатлар бу масалада бошқа органларга мурожаат қилишга мажбур. Қолаверса, мансабдор шахснинг жавобгарлик масаласини ҳал этиш борасида депутат мустақил қарор қабул қила олмайди, балки тегишли давлат органининг депутат таклифига рози бўлиши ёки бўлмаслигини кутади. Яъни депутат киритадиган материалнинг тўғри ёки нотўғрилигига суд эмас, балки судгача бошқа орган баҳо беради. Бу эса амалиётда муайян қи­йинчиликларни келтириб чиқаради, ортиқча вақтни олади ва расмиятчиликни талаб қилади.

— Судларимизда айни йўналишда кўрилган ишлар сони ўта камлигининг асосий сабабларидан бири содир этилган ҳуқуқбузарликни расмийлаштириш ва уни судга ошириш механизмининг амалдаги қонунчиликда белгиланмаганлигидир, — дейди “Адолат” социал-демократик партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракцияси аъзоси Қодир Жўраев. — Муаммо шундаки, депутатлик ва сенаторлик фаолиятининг кафолатлари бузилган тақдирда депутат, сенаторнинг ўзи тегишли мансабдор шахсни жавобгарликка тортиш ҳақида судга чиқа олмайди. Шу боис ушбу муаммонинг ечими сифатида амалдаги ­Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга халқ ноибларига тўғридан-тўғри судга мурожаат қилиш ҳуқуқини беришга доир қўшимча киритиш мақсадга ­мувофиқдир.

Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари инс­титути бўлим бошлиғи Ихтиёр Бековнинг айтишича, аксарият хорижий мамлакатларда халқ сайлаган вакилларга нисбатан эътиборсизлик, менсимаслик ёки беписандлик билан қараш ҳолатлари қаттиқ қораланади. Уларнинг қонунчилигида мансабдор шахслар томонидан депутатлар фаолиятининг қонуний кафолатларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган. Жумладан, қатор Европа мамлакатлари, Россия, Польша, Украина, Молдова каби давлатларда ушбу жавобгарликни депутатнинг тўғридан-тўғри судга мурожаат қилиши асосида расмийлаштириш тартиби белгилаб қўйилган. Бизда ҳам бундай тартиб жорий қилинса, айни муддао бўлар эди.

Давра суҳбати иштирокчилари миллий қонунчилигимиздаги бу каби ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш, шунингдек, депутатлик корпуси фаолияти самарадорлигини юксалтириш мақсадида бошқа бир қатор ташкилий тадбирларни амалга ошириш лозимлигини таъкидладилар.

Якунда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Зиёда АШУРОВА (“Халқ сўзи”).


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019