Депутатларнинг сукути қарийб етти ярим мингта муаммони ҳал қилиб берадими?

17:19 25 Январь 2019 Жамият
600 0

Архив фото (ЎзА).

“Халқ сўзи ONLINE”. Илҳом Раҳматов/Сурхондарё. Халқ депутатлари туман Кенгаши ҳудуднинг олий органи саналади. Хўш, 30 та депутатлик мандатини эгаллаб турганлар туманни ёки шаҳарни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳолини қийнаётган муаммоларни ҳал қилиш учун бугун қанчалик фаоллик кўрсатмоқда?

Одамлар дарди билан иши йўқ, “Сен менга тегма, мен сенга” қабилида фаолият олиб борадиган депутатлар билан муроса қилолмаслигимиз тобора ойдинлашмоқда. Фақат сессия кун тартибию қарорини тасдиқлашнигина амаллаган, муҳокамаларда шунчаки кузатувчи бўлиб ўтирган депутатлардан бошқа нима кутиш мумкин?!

Гап Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари иштирокида ўтказилган халқ депутатлари Жарқўрғон тумани Кенгашининг сессияси хусусида боряпти. Мақсад — олий. Жарқўрғон туманини комплекс ривожлантириш, шунингдек, аҳолини ташвишга солаётган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш бўйича вазифалар ижроси юзасидан парламент, депутатлик ҳамда жамоатчилик назоратини таъминлаш.

Сессия мақсади хусусида бежиз алоҳида тўхталмадик. Муаммолар бор. Гап фақат уларнинг ечимида. Бу эса ўз-ўзидан бўлмайди...

Энди бевосита сессия иши ҳақида. Тумандаги 65 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида уйма-уй юриш ҳамда ижтимоий объектларни ўрганиш давомида жами 7425 та муаммо аниқланган. Жумладан, 1-сектор ҳудудида 674 та, 2-секторда 3857 та, 3-секторда 1150 та, 4-секторда 1744 та турли масалалар ўз ечимини топмаган.

Мазкур рақамларнинг ўзи қайси сектор раҳбари ўз ишига қай даражада масъулият билан ёндашганлигини кўрсатиб турибди. Ҳар ҳолда, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга бевосита масъул бўлган раҳбарлар ҳаракатига туман ҳамда вилоят Кенгаши депутатлари, туман фаоллари бош қўшганида, ижобий кўрсаткичлар янада ошган бўларди.

Эътибор қаратинг: туманда уй-жойи таъмирга муҳтож, ўта оғир шароитда яшаётган оилалар сони 46 та, уй-жойга муҳтожлар сони 109 та, янги уй-жой тўловига имконияти йўқ оилалар сони 98 та бўлса-да, ҳозирги кунга қадар секторлар раҳбарлари томонидан бу масалалар мутлақо ҳал этилмаган. Қишнинг совуқ кунларида ушбу оилалар дарду ташвишини ҳис этиш учун эса улар яшаётган хонадонда бир кеча меҳмон бўлишнинг ўзи кифоя... Шу каби аксарият муаммолар аниқлангандан буён орадан 2 ой вақт ўтган бўлса-да, бор-йўғи, уларнинг 8 фоизи ҳал қилинган, холос.

Узумзор, Камар, Қўштепа маҳаллалари — зарур шарт-шароит йўқ, аҳволи оғир ҳудудлардан. Биргина Узумзор маҳалласидаги 603 та, Қамар маҳалласидаги 630 та хонадон ичимлик суви билан таъминланмаган. Ички йўллар носоз, янги трансформатор ўрнатиш ишлари ҳам ҳамон пайсалга солинаётир.

Тумандаги 26 та маҳаллада мактабгача таълим муассасаси умуман йўқ. 14 та боғчанинг иситиш тизими, 3 тасининг том қисми таъмирга муҳтож. 11 мактабгача таълим муассасаси мукаммал таъмирланиши, 21 таси учун эса қўшимча бинолар қурилиши лозим. Ишчи гуруҳи томонидан ўрганишлар натижасида аксарият тиббий муассасалар, умумтаълим мактабларида ҳам шу каби кўплаб камчиликлар аниқланган.

Сессия ишида аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларга ҳам эътибор қаратилди. Ҳозир туманда 8 мингдан ортиқ ишсизлар рўйхатга олинган бўлиб, ўтган йили 1640 та иш ўрни яратилган, холос. Шу боис бандлик муаммоларини бартараф этишга доир ишлар ўта танқидий руҳда муҳокама қилинди.

Аниқланишича, тумандаги 15 та новвойхона, 22 та умумий овқатланиш шохобчаси санитар талабларга жавоб бермайди. 46 та умумий овқатланиш объектида фаолият юритаётган 192 нафар ишчидан 52 нафари тиббий кўрикдан ўтмаганини эса туманда юқоридан тортиб қуйигача лоқайдлик ҳукм сураётганидан ўзга яна қандай изоҳлаш мумкин?!

“Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси туман филиали томонидан 65 та маҳалладан 27 таси, яъни 41 фоизи қамраб олинган. Ана энди қолган 38 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги антисанитар ҳолатни кўз олдингизга келтириб кўринг... Нима деб ўйлайсиз, фуқароларнинг эътирозлари ўринлими ёки йўқ?

Сессияда шу каби долзарб муаммо ва масалалар таҳлил этилди. Аммо, афсуски... халқ депутатлари туман Кенгашининг 30 нафар депутати мажлисни​ лом-лим демасдан  тарк этди...

Қизиқ, ислоҳотларни одамлар ҳис қилиши, улар самара бериши учун, аввало, халқ вакиллари бўлган депутатлар, раҳбар ва етакчилар ўзгариши керак эмасми? Бундай сусткашлик билан аниқланган 7425 та муаммони қачон ҳал этиб бўлади?!

Буни энди вақт кўрсатади...


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019