Депутатлар зарбдор ой вазифалари ижросида фаоллик кўрсатмоқда

10:27 09 Июнь 2018 Иқтисодиёт
439 0

“Ғўзада кафолатли ҳосил яратиш зарбдор ойлиги” учун белгиланган устувор вазифалар ижроси Наманган вилоятида ҳам изчил амалга оширилмоқда. Хусусан, сув танқислиги кутилаётган бу йилги шароитда обиҳаёт ресурсларидан оқилона фойдаланиш, бунда соҳада тўпланган илғор тажрибаларни кенг қўллаш орқали экиннинг сувга бўлган талабини тўла қондиришга алоҳида аҳамият қаратилаётир. Айтиш лозимки, мазкур масаланинг халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида кўриб чиқилиб, депутатлар ва жамоатчиликнинг айни йўналишдаги чора-тадбирлардаги иштирокининг белгилаб берилиши парламент вакиллари зиммасига ҳам муҳим вазифалар юклади.

Жорий йилда вилоятдаги фермер хўжаликлари 65 минг 606 гектар майдонда пахта етиштиришяпти. Агротехника тадбирларининг тўлиқ ўтказилишига қарамасдан баҳор мавсумида ҳароратнинг паст келиши ҳисобига ғўза ривожи орқада қолаётган пайкаллар ҳам учрайди. Минтақадаги сув омборларида обиҳаётнинг бултургига нисбатан бирмунча кам тўпланганлиги ҳам ўзига хос муаммоларни пайдо қилмоқда. Шунга биноан, ҳар бир туманда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, экинни суғоришда тежамкорликнинг синовдан ўтган усулларини кенг қўллаш бўйича семинарлар ташкил этилди. Чортоқ туманидаги “Вали Доно Омон” фермер хўжалигида ўтказилган ана шундай тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ш. Якубов, халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгаши депутатлари, тегишли мутахассислар иштирок этишди. Семинар аввалида Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг мамлакатимиз фермерларига Мурожаатида илгари сурилган вазифалар ҳақида гап борди. Сўнгра сув тақчиллиги сезилаётган шароитда унинг ҳар қатрасини экин ривожига йўналтиришнинг самарали усуллари ҳақида атрофлича тушунча берилди, кўп йиллик тажрибага эга сувчиларнинг тавсиялари тингланди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессияси ҳамда туманларда ўтказилган семинарларда ўртага қўйилган вазифалардан келиб чиқиб, жойларда амалий ҳаракатлар кучайтирилган. Долзарб масалага парламент аъзоларидан тортиб, қуйи бўғин депутатларигача жалб қилинган бўлиб, улар сув танқислиги оқибатларини юмшатиш билан боғлиқ ишларни ташкил этишда қишлоқ хўжалиги меҳнаткашларига яқиндан кўмак беришаётир. Айни пайтда жойларда ташкил қилинган 51 махсус штаб томонидан мавжуд сув ресурсларидан унумли фойдаланиш, гидропостлар фаолияти, сувчилар учун етарли шарт-шароит яратиш масаласи қатъий назоратга олинган.

— Зарбдор ойда амалга ошириладиган чора-тадбирлар режасида экинни суғориш ҳамда сувдан фойдаланиш, хусусан, далага йўналтирилаётган обиҳаётнинг ҳар қатраси ғўза ривожига хизмат қилишига эришиш устувор вазифа сифатида белгиланган, — дейди фермер, деҳқон хўжаликлари, томорқа ва ер эгалари вилоят кенгаши раиси Исроил Ҳошимов. — Кейинги кунларда мавжуд гидропостларнинг барчаси қайтадан кўздан кечирилди, ички ариқ-зовурлар ҳашар йўли билан тозаланди. Суғориш ишларини пухта йўлга қўйишнинг махсус жадвали ишлаб чиқилган бўлиб, сув тарашни энг охирги пайкалдан бошлаш тартибига риоя этилмоқда. Вилоят бўйича уч минг гектардан кўпроқ майдондаги ғўза эгилувчан қувурлар ёрдамида суғорилади.

Фермер ҳамда мутахассислар экин майдонларида намлик узоқ вақт сақланишини таъминлаш мақсадида пайкаллар тепасида маҳаллий ўғит жамғариш масаласини кун тартибига қатъий қилиб қўйишган. Биргина июнь ойининг ўзида ҳар гектар экинзор ҳисобига тўрт тоннадан органик ўғит солинади. Бундан ташқари, сувни тежаш мақсадида жорий йилда ғалладан бўшаган майдонларга экиладиган такрорий экинлар ҳажмини 13 минг гектар қисқартириш кўзда тутилган. Ҳосили ўриб олинган пайкалларни узоғи билан уч кун ичида шудгордан чиқариш ва такрорий экинни жойлаштириш тажрибаси қўлланилади. Пировардида ҳайдов олдидан суғориш учун талаб этиладиган обиҳаёт тежалади.

Айни кунларда вилоят далаларида 142 та суғориш отрядига бўлинган 17,5 минг нафарга яқин сувчи ҳамда мутахассислар зарбдор ойдаги энг муҳим агротехник тадбир — суғориш ишини намунали ташкил қилишга жалб этилган. Уларнинг унумли ишлаши йўлида яратилган шарт-шароит, биринчи навбатда, меҳнат ҳақининг ҳар беш кунда қатъий ҳисоб-китоби йўлга қўйилгани ўз самарасини бермоқда. Бу каби омилларнинг барчаси жорий йил пахта хирмонига ишончли пойдевор яратаётгани билан муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.

ТАҲРИРИЯТДАН: Таъкидлаш жоизки, юқоридаги долзарб масалалар халқ депутатлари Фарғона, Самарқанд, Жиззах вилоятлари Кенгашларининг сессияларида ҳам муфассал кўриб чиқилди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар