Депутатлар «яширин иқтисодиёт»га барҳам бериш бўйича аниқ таклифлар берди

11:01 29 Октябр 2020 Сиёсат
125 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан «Яширин иқтисодиёт»га барҳам бериш, солиқ маъмуриятчилиги самарадорлигини ошириш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Видеоконференция тарзида ўтказилган давра суҳбатида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш ва Молия вазирликлари ҳамда Давлат солиқ ва Статистика қўмиталари раҳбарларининг «яширин иқтисодиёт»га қарши курашиш, унинг ҳажмини кескин қисқартириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги маърузалари эшитилди.

Маърузаларда таъкидланишича, мамлакатимизда бизнесга қўшимча қулайликлар яратиш орқали «яширин иқтисодиёт» ҳажмини камайтириш бўйича комплекс чоралар кўрилмоқда. Хусусан, валюта бозори эркинлаштирилди, янги солиқ тизими жорий этилди, 100 га яқин рухсат бериш ва лицензиялаш қоидалари қисқартирилди.

Тадбирда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги келтирган маълумотларга кўра, бугунги кунда тадбиркорлик фаолиятини юритишда тадбиркорларнинг қонунчилик бўйича саводхонлик даражасининг етарли эмаслиги, ноқонуний йўллар орқали товарларни олиб кириш ва олиб чиқиш, божхона нархларини расмийлаштиришда товарлар нархини паст қилиб кўрсатиш орқали божхона тўловларидан (божхона божи, акциз солиғи ва божхона йиғимлари) қочиш ҳамда банк хизматларининг қамрови ва оммалашувининг пастлиги, шу билан бирга нақд пульсиз ҳисоб-китоб тизимининг (кўчмас мулк ва автомобилларнинг иккиламчи бозори, микромолиялаштириш ва ҳ.к.) ривожланмагани ялпи ички маҳсулоти таркибида «яширин иқтисодиёт» кўламининг юқори бўлишига олиб келмоқда.

Бу омиллар тадбиркорлик муҳитида тенгсизликни юзага келтириб, ўз ўрнида бошқа тадбиркорлик субъектларини ҳам яширин фаолият юритишга туртки бўлмоқда.

Давра суҳбатида депутатлар томонидан яширин иқтисодиётни бартараф этиш бўйича вазирликка бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди.

Молия вазирлигининг маърузасида таъкидланишича, хуфиёна иқтисодий битимлар ҳажмининг энг юқори кўрсаткичлари транспорт воситалари ва мототциклларни таъмирлаш, туризм, ўйин-кулги ва дам олиш, кўчмас мулк билан боғлиқ битимларда қайд этилган. Хуфиёна иқтисодиёт ҳамда коррупция даражасини камайтиришнинг яна бир усули бу давлат ишчиларининг даромадларини декларация қилиш тажрибаси ҳисобланади. Кўплаб ривожланган давлатларда ушбу метод орқали коррупция даражаси анча пасайтирилган. Ҳозирда Халқаро валюта фонди экспертлари билан давлат ишчиларининг даромадларини декларация қилиш масаласи чуқур таҳлиллар асосида ўрганилмоқда ва Ўзбекистонда татбиқ этилиши режалаштирилмоқда.

Солиқ тизимида рўй берган ўзгаришлар ҳам хуфиёна иқтисодиёт билан курашга ижобий таъсир кўрсатди. Хусусан, солиқ органлари маълумотига кўра, аҳолининг ўзини-ўзи банд қилиш тизимини соддалаштириш натижасида ҳозиргача 300 минг нафар фуқаро ўз фаолиятини расмий секторга ўтказиш имконига эга бўлди. Бироқ, норасмий бандлик даражаси қурилиш, савдо ва умумий овқатланиш, транспорт ва бошқа хизмат кўрсатиш соҳаларида юқорилигича қолмоқда. Қўшилган қиймат солиғи(ҚҚС) тизимининг ўзгариши натижасида ҚҚС тўловчилар сони бир йилда 20 фоизга ошган.

Қайд этилганидек, жорий йил январь-июнь ойларида 4 минг 670 та ҳолатда 140 миллиард сўмлик товар-моддий бойликларни ноқонуний олиб кириш ҳолатларига чек қўйилган. Бу кўрсаткичлар божхона тизимида хуфиёна иқтисодиётнинг улуши кўплигидан далолат беради. Божхона тизимини ривожлантириш ва соҳада хуфиёна иқтисодиёт улушини камайтириш мақсадида мутахассислар томонидан самарали методлар ўрганиляпти.

Давлат солиқ қўмитасининг маълумотига кўра, соҳада яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, узоқ йиллардан буён «бир кунлик» (обнал) фирмалар фаолияти билан курашиб келинаётгани, бундай тадбиркорлар фаолиятини қонунийлаштириш, уларга IT технологияларни жорий этиш орқали фаолиятни легаллашитириш ишлари олиб борилмоқда.

Давра суҳбатида депутатлар томонидан ҳали ҳануз ўз ечимини кутаётган кўплаб муаммоларга эътибор қаратди. Хусусан бугунги кунда ҳам товарларнинг бизда кодификацияси (классификацияси) йўқлиги, савдода чек урмаслик ҳолатлари давом этаётгани, тизимга замонавий аудит тизимини жорий этиш, солиққа тортишда соҳаларнинг даромадлилигига эътибор қаратиш, ер ва мулк объектларини солиққа тортишнинг янги концепциясини яратиш ишлари орқада қолмоқда.

Видеоконференция тарзида ўтказилган тадбирда халқ вакиллари иқтисодиётда «яширин» фаолият улушини кескин қисқартириш мақсадида жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси ва бошқа халқаро ташкилотлар экспертларини жалб қилган ҳолда, энг муваффақиятли хорижий давлатлар тажрибаси асосида яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича Стратегия ишлаб чиқишни тезлаштириш, давлат органларида яширин иқтисодиёт кўламини аниқлашда таҳлилий ишларни кенг олиб бориш ҳамда унга қарши комплекс чоралар кўриш мақсадида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Молия вазирликлари ва Давлат солиқ қўмитасининг таркибий тузилмаларига тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳамда бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаш ҳамда инсон омилисиз дастур орқали солиқ текширувларига номзодларни танлаш бўйича «Риск – анализ» дастурига ўтишни тезлаштириш ва текшириш ўтказишда халқаро стандартларни қўллаш зарурлиги бўйича таклифлар беришди.

Йиғилиш якунида билдирилган таклифлар, фикрлар асосида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?