Депутатлар туман ҳокими ўринбосарига нега эътироз билдиришди?

07:28 07 Март 2019 Жамият
456 0

Иллюстратив фото

Туман ободонлаштириш бўлими раҳбари Бахтиёр Убайдуллаевнинг чиқиши халқ депутатлари Пискент тумани Кенгаши сессияси ишида туб бурилиш ясади, дейиш мумкин. Республика ишчи гуруҳи томонидан туманни ўрганиш якунлари муҳокама этилаётган йиғилишда ҳудудларни ободонлаштириш ишларининг қониқарсиз аҳволи танқид қилинди.

Ушбу тармоққа масъул раҳбар вазиятга ойдинлик киритиш, мавжуд муаммолар ҳал этилишида бўлим фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бошқа омиллар борлиги ҳақида гап бошлаганида, туман ҳокимининг ўринбосари Суннат Исоқулов унинг гапини бўлиб, жойига ўтиришини сўради.

Бу эса депутатларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлди. Уларнинг қистови билан бўлим бошлиғи яна ўрнидан туриб, ўз фикрларини давом эттирди. Азалий анъаналаримизга содиқ бўлиш, аҳоли ўртасида ҳовли-жойларни, томорқаларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари юзасидан тарғибот-ташвиқот тадбирларини олиб бориш юзасидан қатор таклифларни ўртага ташлади.

Демак, туман, умуман, ҳудуд тақдирига, унинг ижтимоий-иқтисодий ривожига дахлдор ҳар бир масала депутатларни янада фаол бўлишга ундади. Шу тариқа сессия иштирокчиларининг фаоллиги янада кучайди. Улар ишчи гуруҳи томонидан ўрганилган муаммоларнинг ечимини топишда амалий таклифлари билан батафсил ўртоқлашди.

Ўрганиш даврида ҳудудда 15 минг 594 та муаммо аниқланган. Соҳалар кесимидаги таҳлилларда йўлларни таъмирлаш, электр энергияси, ичимлик суви ҳамда газ таъминоти билан боғлиқ масалалар устунлик қилади. Шунингдек, соғлиқни сақлаш, банк, кредит, бандлик, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш соҳаларида ҳам муаммолар талайгина экани кузатилди.

“Обод қишлоқ” дастурига мувофиқ, 14 километрдан ортиқ масофадаги кўчага асфальт ётқизилиши режалаштирилганди. Амалда эса бу кўрсаткич 8 километрдан зиёдни ташкил этди, холос. Пиёдалар йўлакларини таъмирлаш, кўча чироқларини ўрнатиш, гулзорлар барпо этиш каби ишлар охирига етказилмай қолди.

Туман аҳолисининг 17 фоизи муқобил сув манбаларидан фойдаланмоқда. Ваҳолонки, 2013 йилда Пискент шаҳри ичимлик суви тизимини реконструкция қилиш, сув таъминотини яхшилаш бўйича махсус қарор қабул қилинган эди. Бу қарор тўлиқ бажарилмай қолиб кетди. Туман “Сувоқова” филиали тасарруфидаги 45 та, сув қудуқларидаги 28 та насос эскирган бўлиб, улар ёрдамида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш имконияти мавжуд эмас. 37 та сув иншоотида эса ичимлик сувини зарарсизлантириш ускуналари ишламайди. Сув таркибини тозалаш ишлари қўлбола усулда амалга оширилмоқда. Натижада туманда юқумли касалликларнинг кўпайиши кузатиляпти.

Туманнинг Оқтом, Тараққиёт, Мустақиллик, Қўлота, Саидобод маҳаллалари шароити энг оғир ҳудудлар, деб эътироф этилди. Мазкур маҳаллалар туман марказидан 25 — 30 километр узоқликда, чегара ҳудудида жойлашган. Масалан, Тараққиёт маҳалласида кундалик эҳтиёж учун ариқ сувидан фойдаланиб келинмоқда. Айрим кўчаларга трансформатор ўрнатилмаган. Электр симёғочлари авария ҳолатида. Ҳудудда мактабгача таълим муассасаси, қишлоқ врачлик пункти йўқ. Бу каби камчиликлар юқорида номлари қайд этилган маҳаллалар учун ҳам хосдир.

Сессияда депутатлар бу ва бошқа муаммоларни ҳал этиш баробарида, баҳор кунларидан унумли фойдаланиш, ҳудудда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини янада кучайтириш, томорқа имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича бир қатор амалий тадбирларни белгилаб олишди.

Олий Мажлис Сенати аъзолари иштирокида ўтган сессия депутатларнинг фаоллиги билан ажралиб турди. Мажлисда кўриб чиқилган камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳамкорликдаги “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

Раҳматилла Шералиев (“Халқ сўзи”).


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019