“Депутатлар сабаб ҳоким қарорига ўзгартириш киритилди” деб эшитдингизми?

16:18 15 Июль 2020 Сиёсат
312 0

Бугун демократик принцип ва тамойиллар асосида чинакам фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ислоҳот ва янгиланишлар сабаб парламент ва маҳаллий Кенгашлар янгича шароит ҳамда услубда фаолият олиб бораётир. Жумладан, халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши фаолияти мисолида бу жараённи кузатиш мумкин. Яъни маҳаллий Кенгашнинг аксарият депутатлари бугун олиб борилаётган ислоҳотлар моҳиятини, Президентнинг талаб ва истакларини тушуниб, ҳар бир сессияда саволлар, таклифлар ва танқидий фикрлари билан фаол қатнашмоқда.

Тан олиш керак, бундай очиқлик, шаффофлик, сўз эркинлиги ва демократик принциплар Президентимизнинг сиёсий иродаси билан боғлиқ. Афсуски, ҳали ҳануз ўз ҳақ-ҳуқуқлари, масъулият ва мажбуриятларини тўлиқ англамаган, номигагина қўл кўтарадиган депутатлар қатори маҳаллий Кенгашлар фаоллигини, уларнинг ваколатларидан кенг фойдаланиш имкониятларини хушламайдиган айрим ташкилот ва давлат органлари раҳбарлари ҳам бор.

Депутатлик мақоми ўзгармоқда. Бироқ...

Давлатимиз раҳбари жорий йилда Парламентга йўллаган Мурожаатномасида «Янги Парламент ва ҳукуматнинг келгуси 5 йилдаги фаолиятининг пировард мақсади — Ўзбекистонда яшаётган кўп миллатли халқимиз ҳаётини юксалтиришдан иборат бўлиши шарт», деган вазифани қўйди. Хўш, ҳамма депутат, сенаторлар халқ фаровонлиги, эртанги ёруғ келажаги, бахтли ҳаёти учун ўз масъулиятини биладими? Ҳақ-ҳуқуқларидан тўлиқ фойдалана оляптими?

Гап шундаки, юқоридаги саволларнинг жавоби депутатлик мақоми билан белгиланади. Депутатлик мақомининг нима эканлиги ва унинг қандай вазифалари, ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари мавжудлиги қонун ҳужжатларида аниқ белгиланган бўлса-да, аксарият кишилар, «депутатлар тасдиқлаш, қўл кўтариш, узундан узун ҳисоботларни эшитишдан нарига ўтолмайди», деган нотўғри фикрларга боради. Ҳатто ўзимга ҳам «сиз депутат бўлиб, нимани қойиллатдингиз», деб савол беришади. Бу савол оҳангидан депутатга нисбатан ишончсизлик борлигини сезиш мумкин.

Тўғри, кейинги вақтларда бундай кайфият анча камаймоқда, аҳоли муаммолари ва таклифлари билан депутатларга мурожаат қиляпти, талабларини билдиряпти. Масаланинг нозик томони эса ўша мурожаат, талаб ва таклифларнинг ижобий ҳал этилишида. Ана шунга қараб депутатга ишонч кўрсаткичи аниқланади.

Нима учун депутатга ишонч сусаяди?

Саволнинг жавоби оддий — қачонки, депутат халқ кутган натижани беролмаса. Яъни, сайловчиларининг ижтимоий манфаатларидан келиб чиқадиган мурожаат, талаб ва таклифлари рўёбга чиқмаса, ижобий ҳал этилмаса, муаммоларга ўз вақтида ечим топилмаса, халқ ноибига ишонч камаяди. Тўғри, бундай ҳолатда фақат депутатни айблаб бўлмайди. Чунки сайловчи кўтараётган масалани ижобий ҳал этишга ижро этувчи ҳокимият ҳамиша қодир эмас. Масалан, биз халқ вакили сифатида шаҳардаги маҳаллаларнинг бирида аҳоли билан учрашув ўтказдик. Улар бир масалани қўйиб, «шу муаммони ҳал қилиб берсангиз, сиздан миннатдор бўламиз, кейин сизга ишонамиз ва қўллаб-қувватлаймиз...», дейишди. Афсуски, улар кўтарган масалани биз депутатлик сўрови жўнатиб ҳам ҳал этолмаймиз. Бу имконсиз. Натижа нима бўлади? Нолга тенглашади. Хўш, нима қилиш керак?

Биринчидан, депутатлик ваколатини аҳолига кўпроқ тушунтириш керак. Иккинчидан, қайси масала қай даражада ҳал бўлишини уқтириш лозим. Яъни, халқнинг сиёсий фаоллиги баробарида сиёсий савиясини ҳам ошириш зарур.

Бир сўз билан айтганда, халқ ва унинг вакиллари ўртасида тўғри талаб ва таклиф қонунияти амал қилиши муҳим.

Инкор этмайман, фақат қўл кўтариб, муҳокамаларга қўшилмасдан, «сизники маъқул», деб ижро этувчи ҳокимият органига маддоҳлик кайфиятида бўлган депутатлар ҳам йўқ эмас. Айнан шуларнинг «шарофати» билан ҳам депутатларга бўлган ишонч сусаяди. Ўйлайманки, бугунги ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар давомида бу каби «қўл кўтаргич кишилар» ўз ўринларини ҳақиқий ватанпарвар, эл дарди билан яшайдиган, ташаббускор ва билимли шахсларга бўшатиб беришади.

Ишончни оқлаш учун...мурувватдан кўра, муҳаббат муҳим!

Аслида муҳаббати бор шахсда мурувват ҳам бўлади. Бироқ кўпинча мурувват орқали муҳаббатини, садоқатини намоён этиш ҳолатлари кузатилмоқда. Чунончи, халқнинг ишончини оқлаб эътиборига тушиш учун айрим депутатлар мурувват кўрсатиш, саховатпешаликни ихтиёр этишяпти. Бунга ҳеч қандай эътироз йўқ. Агар бу ҳолат холис бўлса, имижини кўтариш, иш қилаётганини кўрсатиш, кимларгадир ёқиш учунгина бўлмаса.

ОАВ ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган қуйидаги сарлавҳалар фикримиз исботидир: «Депутат 70 нафар оилани уй-рўзғор буюмлари билан таъминлади», «Депутат 110 та хонадоннинг қарздорлигини бўйнига олди», «Уйсиз қолган фуқаро депутат ёрдами билан бошпанали бўлди», «Депутат шифокорларга кўмаклашмоқда», «Депутат 230 та эҳтиёжманд оилага кўмак берди», «Депутат қарийб мингта оилага бепул ун тарқатди», «Депутат ижтимоий ҳимояга муҳтож оилага уй қуриб берадиган бўлди» ва ҳоказо.

Афсуски, маҳаллий Кенгаш депутатлари мисолида «Депутатлар ҳисоботни қабул қилишмади», «Депутатлар сабаб қарорга ўзгартириш киритилди», «Депутатлар адолат тикланишига сабабчи бўлди» каби сарлавҳаларни деярли ўқимаймиз. Нима учун? Чунки янгиланаётган Ўзбекистонимиз парламент тизимида, умуман, барча соҳада очиқлик ва шаффофлик учун зарур шароит ва имкониятлар яратилган бўлса-да, маҳаллий Кенгашларнинг аксарият депутатлари ўзларида эркинликни чеклаётгандек туюлади. Яна ўша савол: нима учун?

Уйқуни қочириб, сергаклаштираётган маҳаллий Кенгашлар...

«Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 24-моддасида кўрсатилган халқ депутатлари Кенгашининг ваколатлари доирасида депутатлардаги ижро ҳокимиятини назорат қилувчи ваколатларини бирма-бир таҳлил этсак, бу борада айрим масалалар очиқ қолаётгани, баъзи бир ваколатлар мажбурият сифатида келтирилганини англаш мумкин. Масалан: Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг асосий ваколатлари: «...ҳокимнинг тақдимига биноан, ҳудудни ривожлантиришнинг истиқболга мўлжалланган дастурларини, туман, шаҳарнинг бош режаси ва уни қуриш қоидаларини тасдиқлаш» ҳақидаги норма мавжуд. Мабодо ўзгартириш киритиш, рад этиш (ҳокимнинг тақдимига нисбатан) ҳолати юзага келса-чи? Мазкур қонуннинг кейинги бандларида: «ҳокимни ва унинг ўринбосарларини лавозимга тасдиқлаш, ҳокимни ва унинг ўринбосарларини лавозимдан озод этиш, уларнинг фаолиятига доир ҳисоботларини, шунингдек ҳокимларнинг вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботларини тинглаш» қоидаси белгиланган.

Аслида, ижро этувчи органларининг маҳаллий Кенгаш олдида ҳисобот бериши, тан олиш керак, чинакам демократик тамойилнинг амал қилишини билдиради. Бироқ ҳисоботнинг ҳаққонийлиги, ишончлилик даражаси, уни қабул қилиш ё қилмаслик каби масалалар назаримизда очиқ қолган.

Яна такрорлайман, маҳаллий Кенгашлар анча фаоллашмоқда, кўпчиликни «уйғотиб», анча сергаклаштирмоқда ҳам. Яқинда шаҳар Кенгаши сессиясида бир қанча масалалар бўйича ҳисоботлар тингланди, қарорлар муҳокама учун олдиндан тақдим этилди. Айрим депутатлар фикр-мулоҳазаларини билдиришди, бироқ вазият ва натижа ўзгаргани йўқ - ҳисобот ҳам берилди, қарор ҳам қабул қилинди...

Менимча, Президентимиз ҳам бу борада Самарқанд ўзига хос мактаб яратиши керак, намунали Кенгаш бўлиши лозим, деган масалани беҳудага қўймаган.

Агар маҳаллий Кенгаш йиғинлари ва сессияларида очиқлик, шаффофлик ва сиёсий фаолликни кучайтиришни истасак, албатта бу жараёнлар онлайн режимда ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кўрсатилиши лозим. Баҳонада кўпчилик раҳбарларимиз ва халқ ноибларининг сиёсий савия ва билим даражалари ойдинлашарди. Бу борада Олий Мажлис сенати зўр намуна кўрсатяпти. Парламентнинг ваколатлари кенгайтирилиб, унинг зиммасига юклатилган вазифалар қай даражада бажарилаётганини, Олий Мажлис Сенати фаолияти сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилганини ҳамма кузатиб, ўз баҳосини бермоқда.

...Фақат ҳоким жавобгар эмас

Фуқаролик жамияти асосларидан бири халқ иродаси бўлса, ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маънавий-руҳий ҳолатга фақат ҳоким жавобгар ёки масъул эмас. «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг моҳиятини чақсак, вилоят, туман ва шаҳарлардаги муаммо ва масалаларда маҳаллий ҳокимлик раҳбарияти қатори халқ ноиблари, яъни ҳудуд аҳолисининг хоҳиш-иродаси билан сайланган депутатлар ҳам бунга масъул. Шундай экан, бу борада мувозанат муҳим роль ўйнайди. Фақат ҳоким қарор қилган, кўрсатма берган, режалаштирган масалаларни кўриш, қарорларини қабул қилиш эмас, депутатлар илгари сурган, эътироз билдираётган, таклиф этаётган масалалар амалда ҳам эътиборга олиниши керак.

Тўғри, бу борада бирмунча ижобий ўзгаришлар бор, аммо муаммолар ҳам талайгина. Масалан, яқинда бир депутат шаҳар ҳокимининг қурилиш, саноат бўйича ўринбосарига мурожаат қилаётганига гувоҳ бўлдим: «Илтимос, мен сайланган округнинг йўлларини таъмирлашни режага киритсангиз, таъмирлаб берсаларингиз. Аҳоли олдида ҳам сал юзимиз ёруғ бўларди..».

Мана, муаммо қаерда! Гап шундаки, депутатлар истаймизми-йўқми кўпгина масалаларда ҳали-ҳануз ижро этувчи ҳокимиятнинг «оғзига қараб қолган». Бу ҳолатни бартараф этиш учун босқичли ислоҳотлар зарур. Яъни, то ҳоким Кенгаш раиси сифатида сақланар экан, депутатларимизнинг чинакам мустақиллиги ва эркинлигига эриша олмаймиз.

Ҳокимнинг Кенгаш раиси мақомини бекор қилиш жараёни бошланиши учун ҳам чоралар кўрилмоқда. Албатта, бу тизимга зинама-зина, тажриба ва кўникмаларни шакллантириш, шароитларни ўрганиб чиқиш мақсадга мувофиқ. Яъни, кўриладиган чоралар, қабул қилинадиган қарор ва ишлаб чиқиладиган қонунлар амалда ўзини тўлиқ намоён этиб, аҳоли онгида «ҳоким» ва «депутат» тушунчалари янгиланиши керак. Ана шунда амалий натижаларга эришамиз. Тизим шундай шаклланган бўлиши керакки, бошқарув тўлиқ ҳоким зиммасида бўлса-да, назорат маҳаллий Кенгаш зиммасида туриши лозим.

Агар ҳокимнинг депутатларга раислик қилиш ваколатини бекор қилсак, Кенгаш раиси сайланса, фуқаролик жамияти ривожланишининг янги босқичига ўтамиз. Қолаверса, ҳудудий раҳбарлар ўзгаргани билан стратегик вазифалар, мақсадлар ўзгармайди.

Ўзбекистон янги марралар сари олдинга илдамламоқда. Тарих зарварақларида бу йиллар Ўзбекистондаги янги уйғониш даври сифатида ҳам ёзилажак. Бунинг учун эса ҳар биримиз фуқаролик позициямизда қатъий туриб, билимимиз, меҳнатимиз, жасорат ва садоқатимиз билан халқпарвар, Ватанпарвар шахс сифатида халқнинг дарди ва юрт равнақи ташвиши билан яшашимиз керак.

Баҳодир РАҲМОНОВ,
фалсафа фанлари бўйича
фалсафа доктори, 
халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?