Депутатлар мурожаати: Ой қолиб қуёшни ҳам этак билан ёпаётганлар кимлар ёки сув келтирган хор-у, кўза синдирган азизми?

14:56 27 Июль 2019 Иқтисодиёт
316 0

Халқимизни рози қилишга қаратилган бугунги ислоҳотларни инобатга олсак, кичкина бир тумандаги ишларни бошқариш ҳам кишидан катта масъулият ва жавобгарлик талаб қилинишини тасаввур қилиш қийин эмас.

Шу ўринда жойлардаги давлат органлари жумладан, маҳаллий ҳокимиятларда ижобий ўзгаришларни рўёбга чиқараётган, ҳақиқий меҳнати билан халқни рози қилаётган кўплаб мард, фидоий инсонлар борлигини таъкидлаб ўтиш жоиз.

Бироқ, фақатгина юқори раҳбарларга яхши кўриниш ва мақтов эшитиш учун берилган топшириқларни кўр-кўрона қонунлар, инсон ҳуқуқларини оёқости қилган ҳолда, энг ёмони халқнинг норозилигини орттириш эвазига бўлса-да бажаришга уринаётган шахслар ҳам талайгина. Бунга кўплаб туман ва шаҳарларда аҳолининг уй-жойлари, тадбиркорларнинг кўчмас мулкларини, ҳатто қайсидир “тадбиркор” манфаати учун давлат муассасаларини ҳам қонун ва қоидаларга зид ҳолда бузиб ташлаш ёки фермер, ўқитувчи, тиббиёт ва бошқа бюджет ташкилоти ходимларини мажбурий меҳнатга жалб этиб, ҳақорат қилиш, уриш каби ҳолатлар учраб тургани мисолида келтириш мумкин.

Афсуски, бундай мисоллардан бирор бир вилоят четда қолаётгани йўқ. Айниқса, Янгийўл шаҳри, Риштон, Олтиариқ, Қамаши, Яккабоғ, Сариосиё туманларидаги фуқароларнинг хусусий мулклари тартиб-таомилларга зид ҳолда бузилаётганлиги қонун тугул оддий инсонийлик меъёрларига ҳам мос келмаяпти. Ушбу ҳудудларда ҳокимлар бошчилигидаги раҳбарларнинг бош мақсади халқ фаровонлигини ўйлаш эмас, халқни қийнаб бўлса ҳам аввало юқори раҳбариятга яхши кўринишга айланиб бораётганлигини англаш қийин эмас.

Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарқалаётган юқоридаги каби ҳолатларга жавобан куни кеча давлатимиз раҳбарининг билдирган танқидий муносабатларидан ҳам тегишли хулоса қилиш ўрнига жойларда бундай бош-бошдоқликлар давом эттирилаётганлигини тушуниш қийин. Президент ва халқнинг уларга билдирган ишончи ва кўрсатаётган ҳурматининг ҳам чегараси бор эмасми? Айрим ҳоким ёки раҳбарлар ўзларини чексиз ваколат эгаси ҳисоблаб, уруш ҳолатларида бўлгани сингари фақат натижа учун ҳаракат қилаётганини Ўзбекистон дунёга юз тутаётган бир шароитда қайси қолипга сиғдириб бўлади?

Эътибор беринг: Адлия вазирлигининг берган расмий маълумотларига кўра, Тошкент шаҳар, Тошкент, Фарғона, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида фуқароларга кўчмас мулклари бузилгани учун деярли 300 млрд сўм миқдоридаги компенсация пуллари берилмаганлиги аниқланган. Бу расман қайд этилган ҳолатлар, бироқ ҳали қайд қилишдан қочиб, турли баҳоналар билан фуқаролар ортга қайтарилаётган ҳолатлар қанча.

Бежизга давлат раҳбари қурилиш ва олий таълимни коррупциясиз соҳага айлантириш ташаббусини илгари сурганлари йўқ. Чунки бу мамлакат келажагининг барқарорлигини таъминлайдиган омиллар.

Қатор имтиёзлар берилганига қарамай арзон уй-жойлар нархининг бозор нархидан ҳам қимматга тушаётгани, боз устига кўпчилик бундай уйларнинг сифатсиз қурилаётганидан норозилиги келгусида жамиятимиз учун ҳам, иқтисодиётимиз учун ҳам ўрнини тўлдириб бўлмас зарар келтириши мумкин. Янги намунали лойиҳалар асосидаги уйларнинг бир метр квадрати учун ўртача тўрт миллион сўм белгиланса-да, айнан ўша уйнинг кадастр нархидаги бир метр квадрати учун икки, икки ярим миллион сўм ёки давлат ва жамият манфаатлари учун, деган баҳона билан бузилаётган уй-жойларга компенсация тўлашда бир метр квадрати нархи бир миллион сўмдан ҳам тўғри келмаётганини қандай тушуниш мумкин? Бу фуқароларга нисбатан очиқ фирибгарликку...

Яна бир қизиқ ҳолат: йиллар давомида хароба ҳолдаги мактаб, боғча, касалхона ёки ички йўлларни қуриш, ичимлик сувини келтириш, маданият масканларини яхшилаш учун топилмаган маблағ, қайсидир мансабдор, учар “тадбиркор”нинг шахсий бойлик орттириш мақсадига “тасодифан” мос тушадиган бозорларни қайта қуриш, кўп қаватли уй-жой барпо этишга маблағ ҳам, ғайрат ҳам топилавериши ғалати эмасми. Уч-тўрт йил ўтмасдан бозорларда қайта қуриш ишларининг такрорланавериши кўпинча маҳаллий ҳокимиятдаги раҳбарларнинг алмашиши билан устма-уст келишини ҳам тасодиф, дейиш қийин.

Ачинарлиси, юқоридаги каби ҳолатларга қарши курашувчи, жавобгарликка тортиш учун ваколатлари бўлган ҳуқуқ тартибот органларининг бундай ҳолатларни олдини олиш, айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш борасидаги ўрни етарли даражада сезилмаяпти, улар жамоатчилик назарида турган кўп ҳолатларга ҳам кўз юммоқдалар.

Қизиғи, мурожаатлар юзасидан ваколати доирасида иш олиб бораётган, сўз эркинлигидан фойдаланиб муносабат билдираётган ҳамда масалаларни чуқурроқ ўрганиш мақсадида жойларга бориб фуқаро ва масъуллар билан суҳбатлашган, ўрганаётган ДЕПУТАТни халқни норозилигини орттиришда айблаётган баъзи ҳокимлик ва идоралар масъулларнинг муносабатини нима деб баҳолаш мумкин? Биргина Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳридаги ноқонуний бузилишлардан норози бўлган аҳоли дардини эшитишга борган депутатга нисбатан “халқни ноқонуний митинг қилишга чорлаш” мазмунида айб қўйишга, ўзларининг қонунсиз ишларини ёпишга уриниши бошқа ҳокимлик масъулларининг ҳам халқ дардини эшитишга интилаётган вакилларига нисбатан қарашнинг қандай эканлигига ишора бўлмоқда. Бундан ортиқ номардлик ва пасткашлик бўлмаса керак.

Наҳотки, мавжуд қонун ва қоидаларга амал қилмасдан, бир эмас, бутун бошли маҳаллалардаги уй-жойларни, бозорлардаги хусусий мулкларни ноқонуний бузиб ташланишига сабабчи бўлган ҳокимият вакиллари ўрнига бу каби салбий ҳолатларни олдини олишга ҳаракат қилаётган ДЕПУТАТ ҳаммасига айбдор бўлса.

Сув келтирган хор-у, кўза синдирган азиз бўлаверадими?

Юқоридаги ҳолатлар сайловчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганлигини инобатга олиб, парламент олий вакиллик органи сифатида мазкур муаммоларни алоҳида ўрганиб, Бош вазирнинг тегишли ўринбосарининг ҳудудларда қонун ҳужжатларига амал қилмай фуқароларнинг хусусий мулкларига зиён келтирилиши ҳолати, шу жумладан, бу борада “донг таратаётган” (Янгийўл шаҳри, Риштон, Олтиариқ, Қамаши, Яккабоғ, Сариосиё туманлари) жойлар бўйича зудлик билан парламентда депутатлар ва жамоатчиликка асослантирилган тушунтириш бериши, эшитув натижаси бўйича эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар зарур чоралар қўллаши зарур деб ҳисоблаймиз.

Расул КУШЕРБАЕВ,

Абдурашид АБДУҚОДИРОВ,

Акмал УМИРЗАКОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019