Депутатлар мактаблар очилиши бўйича қарор қабул қилишда масъулиятдан қочаётгани ҳақидаги гаплар асоссиз

10:32 14 Сентябр 2020 Сиёсат
266 0

Шу кунларда мактабларнинг янги ўқув йили учун очилиши масаласида масъулият кимда бўлиши ҳақида кўплаб ва ҳар хил фикрлар билдирилмоқда. 

Бу мавзу баҳс-мунозаралар марказида тургани бежиз эмас. Чунки ҳеч биримиз фарзандларимиз соғлиги ва билим олишидек ҳаётий муҳим масалага бефарқ бўлолмаймиз. Бунга ҳаққимиз йўқ.

Маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан ўрганилиб, мактабларни очиш бўйича қарор берилишини Халқ таълими вазирлигининг масъулиятдан қочиши деб эмас, балки ҳаётимизнинг мазмуни бўлган фарзандларимиз ҳаёти билан боғлиқ масалада халқ билан маслаҳатлашиб, ҳамма жойда реал вазият асосида иш тутиш, деб тушунишимиз зарур, деб ҳисоблайман.

Маҳаллий Кенгаш депутатлари бу борада қарор қабул қилиш масъулиятдан қочмаяптилар. Ҳар ҳолда, кўплаб депутатлар билан мулоқот қилиб, бундай фикрдаги депутатларни учратмадим. Аксинча, улар ўз сайлов округидаги таълим муассасаларига бориб, ҳолат билан жойида танишиб, керак бўлса, ёрдам кўрсатиб, тўғри қарор чиқарилиши ҳақида қайғурмоқдалар.

Ўзим сайланган Чортоқ туманидаги депутатлардан мактаблар очилиши ҳақида қарор қабул қилиш масаласида эътироз эшитмадим. Маҳаллий Кенгаш депутатлари масъулиятдан қочаётгани ҳақидаги хулосалар қайси асосга кўра чиқарилаётганини, тўғриси, мен тушунмадим.

Депутатлар таълим муассасаларига борганида ижтимоий масофа сақлаш учун йўлаклар чизилгани, ҳожатхона ҳолати, дезинфекция воситалари билан таъминланганлик, қўл ювиш учун сув ва бошқа зарур воситалар мавжудлиги ўрганмоқда. Шу билан бир қаторда депутатларимиз мактабларни ниқоблар, бир марталик нам салфеткалар билан таъминлашда ҳомийлик ёрдамларини ҳам ташкил этишяпти.

Мен сайланган округда ҳамма мактабда ҳам сув таъминоти йўлга қўйилмаган, маҳаллий Кенгаш депутатлари аниқлаган камчиликлар туман Кенгаши сессиясида кўтарилганидан сўнг мактабларга ҳомийлар бириктирилди. Ҳовузлар, катта сиғимли баклар, қўл ювиш учун керакли мосламалар ташкилланди.

Тўғри, жойларда мактабда анъанавий таълим жараёнини бошлаш учун муаммолар оз эмас. Лекин ўша муаммоларни ҳал этиш ўзимизнинг қўлимизда. Бунинг учун нафақат маҳаллий Кенгаш депутатлари, барча мутасаддиларнинг, айни пайтда аҳолининг кўмаги, асосийси, ҳамжиҳатлиги муҳим.

Ҳозир муаммодан, масъулиятни зиммага олишдан қочадиган вақт эмас. Аминманки, маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳам, парламент аъзолари ҳам, бошқа мутасаддилар ҳам буни тўғри тушунишади, шундай бўлиши зарур ҳам.

Шоҳиста Турғунова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?