Депутатлар давлат бюджетининг 2018 йилдаги ижросини кўриб чиқдилар

10:03 29 Май 2019 Жамият
314 0

Фото: Динара Чиркова/"Халқ сўзи"

2019 йил 28 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2018 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқдилар. Бу ҳақда Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати хабар берди.

Тақдим этилган ҳисобот палатанинг ­Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасида, сиёсий партиялар фракцияларининг ва ­Экоҳаракат депутатлар гуруҳи, парламент қўмиталарининг мажлисларида дастлабки тарзда кўриб чиқилган эди.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2018 йилдаги ижроси юзасидан ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, молия вазири Жамшид Қўчқоров тақдим этди.

Йиғилишда таъкидланганидек, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларини тубдан ривожлантириш бўйича олиб борилган ислоҳотлар ижроси 2018 йил давомида иқтисодиётнинг барқарор, мувозанатлаштирилган ҳолда ривожланиши ҳамда иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини таъминлади. Шунингдек, валюта ­сиёсатини либераллаштиришни янада чуқурлаштириш ва ташқи савдо фаолияти соҳасини такомиллаштириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар мамлакат иқтисодиётига хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, унинг экспорт салоҳиятини ошириш, замонавий технологияларга асосланган ишлаб чиқаришларни яратиш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришга хизмат қилаётгани таъкидланди. Бунинг натижасида 2018 йил якунига кўра, мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 407,5 триллион сўмни ташкил этган ҳолда 2017 йилдагига нисбатан 5,1 фоиз ўсди. ЯИМ ўсиш суръатига саноат тармоғи энг катта таъсир кўрсатди (2,1 фоиз). ­Хизматлар соҳасининг ижобий таъсири эса 1,8 фоизни ташкил этди. Қурилиш ишлари ҳажми ўтган йилдаги билан таққослаганда 9,9 фоиз ўсди ва ЯИМнинг мутлақ ўсишида қурилиш тармоғининг ижобий ҳиссаси 0,5 фоиз даражасида баҳоланди. Қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида 0,3 фоиз даражасида ижобий ўсиш ­суръати қайд этилди. Мазкур тармоқнинг ЯИМ мутлақ ўсиш суръатига таъсири 0,1 фоизни ташкил қилди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2018 йилги ижросида ижтимоий соҳаларни янада ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш ва уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш борасидаги масалаларнинг молиялаштирилишига алоҳида эътибор қаратилгани қайд этилди. Жумладан, ҳисобот даврида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтирилган харажатлар Давлат бюджетининг 53,8 фоизини, яъни ЯИМга нисбатан 10,5 фоизни ташкил этди.

2018 йилда аҳоли умумий даромадлари 286,3 триллион сўмни ташкил этди ва 2017 йилдагига нисбатан 110,3 фоиз реал ўсиш суръатига эришилди. Йил якунларига кўра, республикада ташқи савдо айланмаси 33,8 миллиард АҚШ долларини ­ташкил этиб, 2017 йилдагига нисбатан 27,3 фоиз ўсди.

2018 йил давомида Давлат бюджети даромадлари 79 триллион 99 миллиард сўмни ташкил қилди ва 2017 йилдагига нисбатан 59,2 фоиз ўсди ҳамда белгиланган 62 триллион 500 миллиард сўм режа 16 599,0 миллиард сўм ортиғи билан (126,6 фоиз) бажарилди. Ўз навбатида, Давлат бюджети даромадларининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 19,4 фоизни ташкил қилди.

Депутатлар иқтисодиётни мутлақо янги асосда ташкил этиш ва янада эркинлаштиришнинг ҳуқуқий асосларини такомил­лаштириш борасида қатор қонунлар, мамлакатимиз Президентининг Фармон ва қарорлари, давлат дастурлари қабул қилиниб, улар бугун амалиётга муваффақиятли жорий этилаётганини, шунингдек, иқтисодиёт соҳасида замон талабларига жавоб берадиган, ­янгича маъно-мазмундаги ислоҳотларни ­юритиш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини эътироф этдилар.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 7 июндаги маҳаллий бюджетларни шакллантиришда жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг ваколатларини кенгайтириш ҳамда маҳаллий бюджет даромадларини шакллантиришдаги масъулиятини оширишга қаратилган Фармон ва қарорларининг ижроси натижасида ўтган йилда маҳаллий бюджетларнинг даромадлар қисми прогнозга нисбатан 124,3 фоиз бажарилган.

Ҳукумат ҳисоботи юзасидан ҳар бир ­сиёсий партия фракцияси ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи вакиллари ўз нуқтаи назарини баён қилди.

Хусусан, “Адолат” СДП фракцияси вакиллари ўзларининг асосий йўналишларидан бўлган соғлиқни сақлаш соҳасига 2018 йилда Давлат бюджетидан йўналтирилган маблағлар миқдори 9,4 триллион сўмни ёки ижтимоий харажатларга ажратилган маблағларнинг 21,9 фоизини ташкил этганини ижобий баҳоладилар. Лекин соҳадаги ­айрим камчиликлар ҳам мавжудлиги қайд этилди. Хусусан, бу борада Давлат бюджетидан йўналтирилган маблағлар йил сайин ўсиб бораётган бир шароитда, Президент томонидан қабул қилинган ҳужжатлар ижроси учун режалаштирилган 121,7 миллиард сўм маблағлар ўзлаштирилиши таъминланмагани фракция аъзоларининг ҳақли эътирозига сабаб бўлди. Фракция аъзолари бюджет маблағларининг ўз вақтида ўзлаштирилмагани тизимдаги ислоҳотлар самарасига таъсир ўтказаётганини ҳисобга олиб, бу каби масалаларни вақтида ижобий ҳал этиш зарур, деб ҳисоблашини маълум қилдилар. Шу билан бирга, депутатларнинг ҳудудлардаги ўрганишлари асосида тез тиббий ёрдам хизматларини алоқа воситалари билан тўлиқ таъминлаш, фуқароларнинг ягона электрон тиббий харитасини яратиш, “Электрон поликлиника” автоматлаштирилган ахборот тизимини барча ҳудудда қисқа муддатларда жорий қилиш ишларини якунлаш ҳам долзарб масала экани қайд этилди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари Давлат бюджетининг 2018 йилги ижросига доир ҳисоботда ижтимоий соҳаларни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш борасидаги тадбирларни молиялаштиришга алоҳида эътибор қаратилганини эътироф этди. Ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 42 883,3 миллиард сўм ёки умумий харажатларнинг 53,8 фоизи миқдорида маблағ сарфлангани бевосита Ўзбекистон ХДПнинг электорати манфаатларига мос келади. Шу билан бир қаторда, ҳисобот даврида ҳанузгача Давлат бюджети соҳасидаги муносабатларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, бу билан бюджет маблағларини мақсадли ва самарали ишлатиш муаммоси сақланиб қолаётгани, мазкур йўналишда сезиларли ижобий натижаларга эришилмагани кўрсатиб ўтилди.

“Миллий тикланиш” демократик партия­си фракцияси аъзолари 2018 йилда иқтисодиётни янги асосда ташкил этиш ва янада эркинлаштириш, уни диверсификация қилиш, таркибий ўзгартириш, ишлаб ­чиқаришга энг замонавий, илғор технологияларни жорий этиш орқали уни модернизациялаш миллий иқтисодиётнинг экспорт салоҳиятини ва ­рақобатдошлигини оширишга хизмат қи­лаётганини алоҳида таъкидлаб, булар, ўз ­навбатида, иқтисoдиётнинг юқори ўсиш суръaтлaрини вa мaкрoиқтисoдий барқарорликни таъминлаганини қайд этдилар. Шу билан бирга, маданий мерос объектларини таъмирлаш ва тиклаш мақсадларига қа­ратилган харажатларни маҳаллий бюджетлар ҳисобига кўпайтириш зарурлиги таъкидланди. Хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, хусусан, замонавий хизмат турларини кенгайтириш, туризм соҳаси салоҳиятидан кенг фойдаланишни жадаллаштиришга йўналтирилган маблағларни кўзда тутувчи параметрлар келтирилмаганини инобатга олиб, келгусида тақдим этиладиган ҳисоботларда ушбу соҳага ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди.

Ўзбекистон Либерал-демократик партия­си фракцияси аъзолари томонидан Давлат бюджети ва давлат мақсадли жам­ғармалари бюджетлари ижроси ЎзЛиДеП электоратининг манфаатлари ҳамда сайлов­олди дастурида белгиланган вазифаларни рўёбга чиқариш нуқтаи назаридан таҳлил қилинди. Унда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш борасидаги чора-тадбирлар ижросини таъминлаш бўйича кўрилаётган чораларга алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, фракциянинг бир қатор таклифлари илгари сурилди. Жумладан, ҳудудларда фаол инвестиция ­сиёсатини олиб бориш ва тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб этишни янада рағбатлантириш юзасидан таклифлар берилди. Фракция аъзоларининг фикрича, реал иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида паст рентабелли, иқтисодий ночор давлат корхоналарининг хусусий мулкдорларга, энг аввало, профессионал хорижий инвесторларга сотилиши бўйича қўшимча чораларни кўриш, хусусий мулкни, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун хом ашё ресурсларини очиқ биржа, ярмарка-савдоларида сотиш ҳажмларини кенгайтириш чораларини кўриш ҳамда шу орқали уларнинг харид имкониятларини янада кенгайтириш мақсадга мувофиқ. 

Экоҳаракат депутатлар гуруҳи вакиллари эса ҳисобот даврида Давлат бюджетидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик муаммоларни бартараф этиш учун маблағларнинг ажратилиши ҳамда сарфланишини ижобий баҳолаган ҳолда, Ҳукумат томонидан олиб бори­лаётган ижобий ишлар билан бир қаторда, ҳали ўз ечимини кутаётган масалалар ҳам борлигига эътибор қаратдилар. Жумладан, тегишли қонун ҳужжатларига асосан, ўсимлик дунёси ва ҳайвонот ­дунёси объектларининг давлат кадастрини ҳамда ўсимлик дунёси ва ҳайвонот дунёси объектларининг давлат ҳисобини юритишга доир ишларни маблағ билан таъминлаш Давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган бўлса-да, аммо бугунги кунда ушбу ишлар учун ­Давлат бюджетидан маблағлар ажратилмаётгани танқид қилинди.

Депутатлар парламент аъзолари томонидан жойлардаги ҳақиқий ҳолатни ўрганиш ҳамда назорат-таҳлил фаолиятини амалга ошириш жараёнларида Давлат бюджети маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, ҳудудларда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш борасида ҳали ечимини кутаётган масалалар борлигига ҳам эътибор қаратдилар. Шу билан бирга, ҳудудларнинг ресурс салоҳиятини тўлиқ амалга ошириш, бюджет маблағларидан янада самарали фойдаланишни таъминлаш, маҳаллий бюджетлар даромадини ошириш борасида жойларда мавжуд имконият ва резервларни тўла ишлатишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги ­таъкидланди.

Муҳокамалар давомида депутатлар маҳаллий давлат органлари мансабдор шахсларининг ижро интизомини ошириш, ­Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг келгуси давр учун ўз вақтида, сифатли ижро этилиши устидан пар­ламент назоратини кучайтириш, бунинг учун халқ депутатлари тегишли Кенгашлари билан ҳамкорлик қилиш юзасидан аниқ вазифаларни белгилаб олиш зарурлигини таъкидладилар.

Мажлис якунларига кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2018 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот юзасидан тегишли қарор қабул қилди.

Депутатлар парламент Қонунчилик палатасининг ваколатларига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам муҳокама қилдилар.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019