Депутатлар давлат бюджетининг 2017 йилдаги ва 2018 йилнинг биринчи чорагидаги ижросини кўриб чиқдилар

10:05 01 Июнь 2018 Сиёсат
1062 0

Жорий йилнинг 31 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Депутатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йилги ҳамда 2018 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқдилар.

Тақдим этилган ҳисоботлар қуйи палатанинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасида, сиёсий партиялар фракцияларининг ва Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг мажлисларида дастлабки тарзда кўриб чиқилган эди.

Йиғилишда таъкидланганидек, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифаларни изчил амалга ошириш, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларини тубдан ривожлантириш бўйича олиб борилган чора-тадбирлар натижасида иқтисодиётни барқарор, мувозанатлаштирилган ҳолда ривожлантирилиши ва иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари таъминланди.

Мажлисда валюта сиёсатини либераллаштириш ва ташқи савдо фаолияти соҳасини такомиллаштириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар мамлакат иқтисодиётига хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, унинг экспорт салоҳиятини ошириш, замонавий технологияларга асосланган ишлаб чиқаришларни яратиш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришга хизмат қилаётгани таъкидланиб, буларнинг натижасида 2017 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 5,3 фоиз, саноат ишлаб чиқариш ҳажми — 7 фоиз, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги — 2 фоиз, хизматлар — 8,9 фоиз ҳамда қурилиш — 5,6 фоиз ўсиши таъминлангани қайд этилди.

Шу билан бирга, тушумлар барқарорлигига эришилганлиги ҳамда бюджет маблағларидан самарали фойдаланишни таъминлаш орқали Давлат бюджети 337,3 миллиард сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилган.

Депутатлар иқтисодиётни мутлақо янги асосда ташкил этиш ва янада эркинлаштиришнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш борасида қатор қонунлар, мамлакатимиз Президентининг Фармон ва қарорлари, Давлат дастурлари қабул қилиниб, улар бугун амалиётга муваффақиятли жорий этилаётганлигини, шунингдек, иқтисодиёт соҳасида замон талабларига жавоб берадиган, янгича маъно-мазмундаги ва самарали ислоҳотларни амалга ошириш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлигини эътироф этдилар.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 7 июндаги маҳаллий бюджетларни шакллантиришда жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг ваколатларини кенгайтириш ҳамда маҳаллий бюджет даромадларини шакллантиришдаги масъулиятини оширишга қаратилган Фармон ва қарорларининг ижроси натижасида ўтган йилда маҳаллий бюджетларнинг даромадлар қисми прогнозга нисбатан 104,9 фоиз бажарилган.

Ҳисобот даврида Давлат бюджети харажатларининг ижтимоий йўналтирилганлиги таъминланиб, Ҳукумат томонидан асосий эътибор бюджет харажатларининг самарадорлигини таъминлаш, ижтимоий хизматларнинг сифатини ошириш, биринчи даражали тўловлар бўйича харажатларни тўлиқ ва ўз вақтида молиялаштириш ҳамда бюджетлараро муносабатларни янада такомиллаштириш борасида қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, бугун ҳаётга жорий этилаётганлиги, Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг белгиланган параметрлар доирасида ижро этилишида асосий омил бўлганлиги қайд этилди.

Чунончи, ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджети харажатларининг 55,2 фоизи миқдорида маблағ сарфланди. Ижтимоий харажатларнинг 58,7 фоизи таълим тизимини сақлаш ва ривожлантиришга ҳамда 26,9 фоизи соғлиқни сақлаш соҳаси харажатларига сарфланганлиги мамлакатда инсон капиталини ўстиришга ва аҳоли саломатлигини таъминлашга бўлган эътибордан далолат эканлиги алоҳида таъкидланди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2018 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиш давомида депутатлар Давлат бюджети даромадларининг шаклланиши ва харажатларининг сарфланиши ҳолатини таҳлил қилдилар.

Тақдим этилган ҳисоботлар депутатлар ва сенаторлар томонидан жойлардаги ҳақиқий ҳолатни ўрганиш ҳамда назорат-таҳлил фаолиятини амалга ошириш жараёнларида Давлат бюджети маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, ҳудудларда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш борасида ҳали ечимини кутаётган масалалар борлиги нуқтаи назаридан кўриб чиқилиб, жорий йилнинг биринчи чорагида маҳаллий бюджетлар даромадига 874 миллиард сўм қўшимча тушган маблағларни айнан шу масалаларни ҳал этишга йўналтириш мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги таклифни илгари сурдилар.

“Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурини ижро этиш мақсадида йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда модернизация қилишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш учун ҳам жуда катта молиявий маблағлар кўзда тутилгани таъкидланиб, уларнинг натижадорлиги ва самарадорлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратиш лозимлигини ҳам эслатиб ўтдилар.

Юқоридагилар билан бир қаторда, депутатлар томонидан ҳудудларнинг ресурс салоҳиятини тўлиқ амалга ошириш, бюджет маблағларидан янада самарали фойдаланишни таъминлаш, маҳаллий бюджетлар даромадини ошириш борасида жойларда мавжуд имконият ва резервларни тўла ишлатишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Муҳокамалар давомида депутатлар маҳаллий давлат органлари мансабдор шахсларининг ижро интизомини ошириш, Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг келгуси давр учун ўз вақтида ва сифатли ижро этилиши устидан парламент назоратини кучайтириш, бунинг учун халқ депутатлари тегишли Кенгашлари билан ҳамкорлик қилиш юзасидан аниқ вазифаларни белгилаб олиш зарурлигини таъкидладилар.

Мажлис якунларига кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йилдаги ҳамда 2018 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилди.

Депутатлар парламент Қонунчилик палатасининг ваколатларига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати.
 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019