Депутатлар Бош вазир ўринбосарига парламент сўрови юборишга қарор қилди

11:16 25 Апрель 2019 Жамият
380 0

23 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар мамлакат ижтимоий-сиёсий, тиббий, социал-иқтисодий ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини янада яхшилашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати хабар берди.

Мажлисда дастлаб «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимча киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Президентимизнинг 2018 йил 12 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида халқ табобати соҳасини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси кечиктириб бўлмайдиган вазифа — бугунги кунда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, татбиқ этилаётган мақсадли дастурлар билан бир қаторда, аждодларимиздан бизга мерос бўлиб келаётган халқ табобатини ривожлантириш, уни ҳуқуқий томондан мустаҳкамлаш мақсадида қонунчилик тизимини шакллантиришга қаратилган. Бошқача айтганда, асосий эътибор халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатиш билан шуғулланадиган шахсларга ёки табиблар томонидан кўрсатилаётган хизматлар фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига бевосита дахлдор ижтимоий масала бўлганлиги боис улар фаолиятини қонун доирасида тартибга солиш, ҳуқуқий мақомини белгилашдир. Таҳлилларга қараганда халқ табобати фаолиятининг мувофиқлаштирилмаслиги ва назорат қилинмаслиги сабабли ҳамда айрим табиблар томонидан сифатсиз хизматлар кўрсатилиши натижасида истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларининг бузилишига сабаб бўлаётганини кўрсатмоқда. Буни Олий суд томонидан 2010-2017 йилларда табиблар хизматларидан фойдаланувчи аҳолининг ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ 1529 та иш кўриб чиқилгани ҳам яққол тасдиқлайди.

Депутатларнинг фикрича, ушбу қонун лойиҳаси халқ табобати соҳасини тартибга солувчи қонунчиликни шакллантиришга асос бўлади. Шунингдек, халқ табобати усулида хизмат кўрсатиш бўйича фаолиятни лицензиялаш тиббий фаолиятни лицензиялаш учун белгиланган тартибда тиббий таълим маълумоти мавжудлиги талабидан ташқари амалга оширилишига, Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилаган хизмат кўрсатиш ҳажми ва тартибига, санитария қоида ва нормаларига мувофиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатилишига, сохта табиблар фаолитига чек қўйилишига имкон беради. Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.

Мажлисда биринчи ўқишда кўриб чиқилган навбатдаги масала — «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокамаларга бой бўлди.

Қайд этилганидек, қишлоқ ҳўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини шахсий мулк сифатида бериш, амалдаги ер бозорини такомиллаштириш бозор иқтисодиёти ва таркибий ўзгартиришларнинг асосий элементларидан биридир. Хусусий мулкни ривожлантириш, қишлоқ ҳўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини фуқаролик муомаласига киритиш, улардан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш, тадбиркорлик субъектларига кенг инвестицион имкониятларни очиш мазкур қонун лойиҳасининг асосий мақсадини ифодалайди. Қонун лойиҳаси қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини фуқаролик муомаласига жалб қилиш йўли билан келгусида тадбиркорлик субъектларининг инвестициявий имкониятларини кенгайтиришга, хусусий мулкчиликни ривожлантиришга, унинг унумли фойдаланилишини таъминлашга йўналтирилган. Шу билан бирга, фойдали қазилма конлари, давлат мулкига тегишли бўлган хусусийлаштирилмайдиган стратегик объектлар, табиатни муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш, рекреацион, тарихий-маданий мақсадларда, ўрмон ва сув фонди ерлари, шунингдек, эркин иқтисодий, кичик саноат зоналари иштирокчиларига берилган ер участкалари хусусийлаштирилмайди.

Қонун лойиҳаси доирасида қишлоқ хўжалигига мўлжаланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш соҳасида ваколатли органларнинг доираси, уларнинг ваколатлари ва ҳамкорлиги белгиланади.

Мажлисда кўриб чиқилган яна бир масала ўзининг долзарблиги билан диққатга молик бўлди. Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан мамлакатимиз ҳудудларига чиқилиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш аҳволини ўрганиш ишлари давомида кўпгина жойлардаги умумтаълим мактабларида тиббий хизмат етарли ташкил қилинмагани, чунончи, врач педиатр ва мактаб ҳамшираси штати жуда кам миқдорда ажратилгани, натижада кўпгина мактабларда тиббиёт хонаси фаолият юритмаётгани аниқланди.

Қайд этиш жоизки, таълим муассасаларида тиббий ходим фаолиятининг самарали ташкил қилиниши вояга етмаганлар ўртасида касалликларни эрта аниқлаш, профилактика қилишда ўта муҳим аҳамиятга эга.

Мажлисда депутатлар муаммонинг кўлами ҳамда долзарблигини инобатга олган ҳолда, ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Абдуҳакимовга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг «Умумтаълим мактабларида тиббий хизмат кўрсатиш ҳолатини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги парламент сўровини юборишга қарор қилдилар.

Мажлисда депутатлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019