Депутатлар биринчи ярим йилликдаги бюджет ижросини муҳокама қилди

18:49 25 Август 2020 Сиёсат
246 0

Санитария-эпидемиология осойишталик марказлари ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлимлари томонидан бугунги синовли кунларда халқимизга содиқ хизмат қилиш ўрнига айрим мансабдорлари томонидан коррупцион ҳолатларга йўл қўйилганлиги фуқароларимизнинг жиддий эътирозига сабаб бўлмоқда.

Бу каби салбий ҳолатларнинг юзага келишига эса, «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуннинг айрим нормалари ўз вақтида амалиётга татбиқ этилмаётганлиги сабаб бўлмоқда.

Жорий йил 25 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Адолат» СДП фракциясининг 2020 йил 1-ярим йил якунлари бўйича Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботи юзасидан навбатдаги йиғилишида дастлаб юқоридаги масалага алоҳида эътибор қаратилди. Депутатлар, партия экспертлари ва фаоллари, тегишли вазирлик, идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган мазкур йиғилишда Давлат бюджети ижросини аввало халқ манфаатларидан келиб чиқиб таҳлил этиш, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этишга эътибор қаратдилар.

Фракция депутатлари бугунги пандемия шароитига қарамасдан вазирлик ва мутасаддилар томонидан ислоҳотлар олиб борилганлиги, соҳаларни ривожлантиришга қаратилган тизимли чора-тадбирлар бажарилганлигини айтиб ўтишди.

Хусусан, 2020 йил 1-ярим йиллик якунига кўра мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти ҳажми жорий нархларда 255,3 трлн. сўмни ташкил этгани ижобий баҳоланди.

Шунингдек, фракция аъзолари Давлат бюджетининг ҳисобот давридаги харажатларининг ижтимоий йўналтирилганлиги бугунги пандемия шароитида тўлақонли равишда ижобий натижа берганлигини эътироф этган ҳолда, асосий эътиборни ижтимоий соҳаларда амалга оширилган ишларга қаратдилар.

Ижтимоий харажатларнинг асосий қисмини ташкил этган таълим тизимига Давлат бюджети умумий харажатларнинг 53,4 фоизи ажратилгани депутатлар томонидан ижобий баҳоланди.

Ҳисобот даврида ҳозирги пандемия шароитларидан келиб чиққан ҳолда таълим тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, таълим жараёни даражаси ҳамда сифатини такомиллаштириш, стандартлар ва дастурларни мукаммаллаштириш, шунингдек, мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар таълими ва олий ўқув юртлари ходимларининг нуфузини оширишга қаратилган ислоҳотларни янада жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилганлигини депутатлар эътироф этишди.

Шунингдек, фракция аъзолари ушбу соҳада асосий эътиборни чекка ҳудудларга қаратиш, давлат-хусусий шерикчиликни кучайтириш, мавжуд таълим муассасаларининг моддий-техник базасини яхшилаш ҳамда сифатли таълим-тарбия бериш орқали мактабларга ҳар томонлама етук, фаол болаларни етказиб бериш таклифи илгари сурилди.

Депутатлар Республикамиздаги пандемия даврида вақтинча фаолият юритмаётган 5 840 га яқин давлат мактабгача таълим ташкилотлари ходимларини қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилнинг 1-чорагида Давлат бюджетидан иш ҳақи учун жами 719,4 млрд. сўм, умумтаълим мактабларидаги ходимларга эса жами 6,1 трлн. сўмга яқин иш ҳақлари тўлаб берилганлиги таълим сифатини сақлаб қолишда муҳим жараён эканлигини эътироф этишди.

Фракция йиғилишида, умумтаълим мактабларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини амалга ошириш учун Давлат бюджетидан 1,1 трлн. сўм ажратилган бўлишига қарамасдан, бор йўғи 459,9 млрд. сўми молиялаштирилганлиги, бу эса йиллик кўрсаткичнинг 41 фоизини ташкил этиши ҳам депутатларнинг эътирозларига сабаб бўлди. Чунки ҳозир умумтаълим мактабларидан кўпроқ таълим сифатини ошириш талаб этилмоқда. Эртага мактабларда ўқув йили бошланиши билан бу каби салбий ҳолатлар ўқув жараёнига ўз таъсирини ўтказиши таъкидланди.

Йиғилишда депутатлар соғлиқни сақлаш соҳасига Давлат бюджетидан йўналтирилган маблағлар миқдори 8,1 трлн. сўм ёки бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21,7 фоиз га ўсгани эътироф этилди. Соғлиқни сақлаш тизимидаги меҳнат қилаётган ходимларнинг иш ҳақини молиялаштиришга 5 трлн. сўм йўналтирилганлиги бу эса, ажратилган жами бюджет маблағларининг 77,2 фоизини ташкил этганлиги бугунги кун қаҳрамонлари бўлган шифокорларни ўз вақтида рағбатлантириш имкониятини берганлиги айтиб ўтилди.

Депутатлар, Давлат бюджети параметрларида соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича қабул қилинган Давлат дастурларида белгиланган тадбирларни амалга ошириш мақсадида марказлаштирилган тадбирлар харажатлар сметасига 2020 йил учун ажратилган маблағларнинг 176,7 млрд. сўми ёки 24,7 фоизигина ўзлаштирилганлиги ҳақли эътирозларга сабаб бўлди.

Шунингдек, депутатлар томонидан ҳисобот даврида ўтказилган давлат молиявий назорат тадбирларида Халқ таълими вазирлиги тизимида 21,5 млрд. сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланганига (2019 йилга нисбатан қонунбузилиш ҳолатлари 2,5 мартага ўсган), Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида 2,3 мартага, Мактабгача таълим вазирлиги тизимида 1,4 мартага, Маданият вазирлиги тизимида 2 мартага, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимида 3,4 мартага ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимида 2 мартага ошган ва жами 81,7 млрд. сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги салбий ҳолат эканлиги таъкидланди.

Фракция аъзолари бюджет маблағларидан фойдаланишда қонун бузилиш ҳолатлари йилдан йилга ошиб бораётган вазирлик ва идораларда бу ҳолатларнинг келиб чиқиш сабабларини чуқур таҳлил қилиш, қонун бузилишларни олдини олишга қаратилган профилактик чораларни кўриш лозимлигини таъкидлашди. Шунингдек, депутатлар барча соҳаларда бюджет шаффофлигини таъминлаш айниқса, бандлик масаласида субсидиялар ажратишда адолатли ёндашиш ҳамда турли вазирликлар қошидаги фондлар маблағларини бюджет қошида ягона ҳисобга йўналтириш таклифи илгари сурди.

Шунингдек, депутатлар «Адолат» СДП сайловолди дастурида таъкидланганидек, қонун ва адолат устуворлигига эришишда давлат идораларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, бюджет маблағларининг мақсадсиз сарфланишини олдини олиш ҳамда барча соҳаларда коррупцион ҳолатларни келтириб чиқарувчи сабабларни тизимли бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилганлигини айтиб ўтишди.

Қизғин муҳокамалардан сўнг фракция аъзолари «Адолат» СДПнинг дастурий мақсадлари нуқтаи-назаридан келиб чиқиб, ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар ҳамда ҳисобот давридаги Давлат бюджетининг ижросини маъқулладилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?