Депутат "UzAuto Motors” ​ҳақида — Рақобат шароитида ишлашга ўрганинг, ўзингизни оқлашга эмас

00:07 21 Август 2020 Сиёсат
556 0

Хабарингиз бор сўнгги кунларда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган автомобиль нархлари бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг ташаббуси ва Монополияга қарши курашиш қўмитасининг қарори кенг муҳокама қилиняпти. Айтиш мумкинки, мазкур воқелик сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда қонун устуворлиги ва фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлаш йўлидаги катта қадамлардан бири бўлди.

Дунё амалиётидан маълумки, бугунги интеграция ва глобаллашув жараёнида кучли рақобат муҳитида иш олиб бориш иқтисодий ривожланишнинг энг муҳим омили ҳисобланади. Чунки, рақобат истеъмолчиларга сифатли ва мақбул нархларда харидни амалга ошириш имкониятини берса, ишлаб чиқарувчилар ёки хизмат кўрсатувчиларга харажатларни минималлаштириш, фаол маркетинг ва кадрлар сиёсати олиб боришга туртки беради. Ўз фаолиятини илм-фан ютуқларидан самарали фойдаланишга ўргатади. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, монополь корхоналар, умуман олганда ишлаб чиқарувчилар ва хизмат кўрсатувчилар ўз фаолиятини истеъмолчилар талабига мослаштиришга алоҳида эътибор қаратиши давр талаби ҳисобланади.

Бу талабни "UzAuto Motors” англаб етяптими, монополист корхона ана шу рақобат муҳити шароитида бозор қонунларини ва истеъмолчиларни қачон ҳурмат қилишга ўрганади. Улар ўз қобиқларидан чиқиб атрофга қарашса, янги Ўзбекистон барпо этилаётганини ҳис қилган, барча соҳаларда шаффофлик, фаолиятга янгича ёндашув таъминланаётганига гувоҳ бўлар эдилар.

Уларнинг эълон қилаётган расмий баёнотларига эътибор қаратсангиз, бозор иқтисодиётига қатъий ўтиш жараёнида принципиал масала сифатида қаралаётган рақобат ҳақида тушунча ҳам йўқлигини кўрасиз. Жорий йилнинг май ойида ўтказилган йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан қатъий позиция белгилаб берилди. Мазкур йиғилишда Президент: «Рақобат бўлмаса, сифат бўлмайди, нарх тушмайди. Замон ўзгаряпти, лекин монополь корхоналар ўзгара олмаяпти. Қатъий чоралар кўриш вақти-соати келди. Иқтисодиётда бу ҳаёт-мамотимиз. Агар раҳбарлар шунга муносиб бўлса, ишлайди, бўлмаса – кетади», дея таъкидлаган эди.

Савол туғилади: "UzAuto Motors” тизимида бугунги кун талабларини, ислоҳотларни англаб етадиган мутахассислар борми, стратегия-чи? Агар бу сўралганлар бўлганда бугунгидек тортишувлар, ўзини оқлашлар бўлмасмиди.

Аслида "UzAuto Motors” ҳақида гап кетганда соғлом рақобат муҳитида ишлашга чорловчи, истеъмолчилар манфаатини ҳурмат қилишга ундовчи шароитни вужудга келтириш тўғрисида гапириш ўринли бўлар эди. Қувонарлиси, мамлакатимизда яратилган инвестициявий муҳит сабабли автомобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этиш, етакчи хорижий компаниялар билан инвестицияларни жалб этиш бўйича музокаралар натижасида қатор муҳим келишувларга эришилди. Ўйлаймизки, бу жараён давом этаётган муросасиз баҳсларга ижобий ечим бўлади. Шунингдек, 2020 йил 3 июндаги «Ташқи иқтисодий фаолиятни янада тартибга солиш ва автотранспорт воситаларининг ички бозорини ривожлантиришни рағбатлантиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори автомобилсозлик саноатида рақобат шароитларини яратиш борасидаги ишларга дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Бугун биз шуни тушуниб етишимиз керакки, ҳар қандай ҳаракатларимиз халқ розилиги ва фуқаролар манфаатларидан устун бўлиши мумкин эмас. 

Нодир ЖУМАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Иқтисод фанлари доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?